13:47 / 27.01.2022
771

Қозоғистон парламенти Назарбоевни Хавфсизлик кенгашига умрбод раислик ваколатидан маҳрум қилди

Қозоғистон парламенти Назарбоевни Хавфсизлик кенгашига умрбод раислик ваколатидан маҳрум қилди
Фото: AP Photo
Қозоғистон парламенти олий палатасининг депутатлари республиканинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон халқ ассамблеяси ва Хавфсизлик кенгашига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунчиликка ўзгартиришларни маъқуллади. Йиғилиш палата сайтида трансляция қилинди.

«Сенаторлар Хавфсизлик Кенгаши ва Қозоғистон халқ ассамблеясини лавозими бўйича (амалдаги) давлат раҳбари бошқариши кераклиги ҳақидаги қонунчиликка ўзгартиришларни қўллаб-қувватлади», — деди сенатор Ляззат Сулаймен.

Аввалроқ Tengrinews нашри Назарбоев «тарихий миссияси туфайли» парламент ва палаталар олдида, ҳукумат йиғилишларида мамлакат учун муҳим масалалар муҳокама қилинаётганда сўзга чиқиш ҳуқуқини умрбод сақлаб қолиши ҳақида хабар берганди. Бундан ташқари, у Республика конституциявий кенгаши таркибига кира олади, деб таъкидлаган нашр.

Йиғилишда шунингдек, Қозоғистон Сенати Назарбоевга тегишли бўлган Элбоши мақомини ўзгартириш ташаббуси билан чиқди. Мамлакат Сенати ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини энди биринчи президент билан мувофиқлаштирмасликни таклиф қилмоқда.

Биринчи президент мақоми 2000 йилда қабул қилинган тегишли қонунда мустаҳкамланган. Давлат сиёсатини у билан уйғунлаштириш зарурлиги 2010 йилда киритилган ўзгартишларда мустаҳкамланган.

Биринчи президент мақоми билан боғлиқ қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 19 январь куни парламент томонидан маъқулланиб, кўриб чиқиш учун Сенатга киритилган эди.

Сенат Назарбоевнинг Қозоғистон халқ ассамблеяси ва Хавфсизлик кенгашига умрбод раислигини бекор қилишни маъқуллаб, қонун лойиҳасига яна бир тузатиш киритди – унга кўра, асосий сиёсий йўналишларни Назарбоев билан келишиш зарурати бекор қилинади.

Ҳозирда қонун лойиҳаси кучга кириши учун амалдаги президентнинг имзоси зарур.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакат Хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги қоида 2018 йилда мустаҳкамланган. Бир йил ўтиб, 2019 йилда у президентлик лавозимини тарк этди ва собиқ дипломат Қосим-Жўмарт Тўқаев янги давлат раҳбари бўлди. Бироқ Назарбоев ҳокимиятнинг катта қисмини ўзида сақлаб қолди.

Қозоғистонда 2022 йилнинг январидаги тартибсизликлар бошланишидан аввалроқ Назарбоев ваколатларидан қисман воз кечишни бошлади. 2021 йилнинг ноябрида у ҳукмрон Нур Отан партияси раиси, ўша йилнинг апрелида эса Қозоғистон халқ ассамблеяси раиси лавозимини тарк этган эди.

2022 йилнинг 5 январида Қозоғистонда бошланган тартибсизликлар фонида Тўқаев Назарбоевнинг ўрнига Хавфсизлик кенгаши раҳбари ваколатларини зиммасига олди. Назарбоев матбуот котибининг айтишича, у ушбу лавозимини амалдаги президентга ўз ихтиёри билан топширган.

18 январь куни Назарбоев мамлакатдаги норозилик намойишларидан кейин биринчи марта халққа мурожаат йўллади ва президент Тўқаев халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган янги ислоҳотлар дастурини илгари сураётгани, ушбу дастурни қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон парламенти Назарбоевни Хавфсизлик кенгашига умрбод раислик ваколатидан маҳрум қилди