Фото: EPA
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Хабар 24» давлат телеканалига берган интервьюсида ўзбек ва қозоқ олигархларини солиштирди. Унинг фикрича, ўзбекистонлик бойлар ўз ҳисобидан инфратузилма ва шифохоналар қурмоқда, қозоғистонликлар эса ўз юртига ҳужум қилмоқда.
«Мен Ўзбекистондан ташқарида — чет элда катта пул ишлаб топган ўзбекистонлик бойларга разм соламан. Улар ватанига қайтиб келиб, ‘Ўзбек халқи учун нима қилайлик, қандай ёрдам берайлик?’ дея Ўзбекистон президентидан топшириқ сўраб олмоқда. Ва ўз маблағларидан касалхоналар қуриб, инфратузилмани барпо этмоқда. Ўзбек ва қозоқ олигархлари ўртасидаги катта фарқ шунда, бизникилар ўз ватанига шу ерда, қолаверса, хорижда туриб ҳужум қилмоқда», — дейди Қозоғистон раҳбари.
Интервьюда шунингдек, Тўқаев январь бошидаги тартибсизликлар пайтида Олмаота аэропортининг жангарилар томонидан эгаллаб олиниши ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, террорчилар Олмаота аэропортини бошқа жангариларнинг мамлакатга киришини таъминлаш учун қўлга олган.
«Жангариларнинг Олмаота аэропортини эгаллаши уюштирилган воқеа эканини пайқагандирсиз. Ҳозирда тергов шуни кўрсатмоқдаки, аэропорт у орқали Марказий Осиё шаҳарларининг биридан гастербайтер ниқоби остидаги кишиларнинг келишини таъминлаш мақсадида қўлга олинган. Улар аслида ўқитилган жангарилар, командирлар бўлган. Улар чегара постларидан олиб ўтилиб, шаҳарга киритилгач, операцияга раҳбарлик қилишни бошлаган», — деди Тўқаев.
Қозоғистонда 2 январь куни газ нархи кескин ошиши сабабли оммавий норозилик намойишлари бошланиб, бир неча кундан сўнг улар тартибсизликларга айланди. 4 ва 5 январь кунлари Олмаотада намойишчиларнинг хавфсизлик ходимлари билан тўқнашуви кузатилди.
Мамлакатдаги кескинлик муносабати билан Тўқаев КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти)га мурожаат қилиб, ёрдам сўради. Ташкилот чекланган муддатга республикага тинчликпарвар контингент юборди. Шунингдек, Тўқаев тартибсизликлар сабабларини ўрганувчи, айбдорларни аниқловчи ва жавобгарликка тортувчи тергов гуруҳини тузишни буюрди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, тартибсизликлар иштирокчилари хорижда малака оширган.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, махсус операциялар давомида 4000 нафарга яқин террорчи ҳибсга олинган, 26 нафар «қуролли жиноятчи» ўлдирилган, яна 18 нафари ярадор қилинган. Қозоғистон Бош прокуратураси оммавий тартибсизликлар, шунингдек, террорчилик актларини содир этиш бўйича тергов доирасида жиноий иш қўзғатди. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда