
Фото: Hollie Adams / Getty Images
Лондон тез орада Россияга қарши санкцияларни кенгайтиргани ҳақида эълон қилади. Британия ТИВ раҳбари Элизабет Трасснинг сўзларига кўра, Путин режимига хизмат қилувчилар санкциялардан қочиб қутула олмайди.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс Sky News учун берган интервьюсида, Россия Украинага ҳужум қилгудек бўлса, ҳар қандай санкциялар қўлланиши мумкинлигини истисно этмади.
Трасс тез орада Буюк Британия санкция қонунчилигини яхшилаш бўйича чораларни тақдим этишини маълум қилди.
«Кремль манфаатларини ифодаловчи ва Россиядаги режимга хизмат қилувчи ҳар қандай компания санкция объектига айланиши мумкин. Шундай экан, Путиннинг олигархлари ёки Россия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган рус компаниялари ҳеч қаерга яширина олмайди», — деган Британия ТИВ раҳбари.
Буюк Британия ҳукумати санкциялар доирасида россиялик олигархларнинг Лондондаги мулкларини мусодара қилиши эҳтимоли бўйича саволга жавобан вазир шундай деди: «Ҳеч нарса истисно қилинмайди».
Элизабет Трасс Буюк Британия Украинага ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, британ ҳукуматининг устувор мақсади — Россия президенти Владимир Путинни бостириб киришдан тийиб туриш. Шу сабаб билан Буюк Британия Эстониядаги ҳарбийлари сонини икки баробар оширишга, Украинага қурол жўнатишга қарор қилган, шунингдек Британия ҳарбий-ҳаво кучлари Қора денгиз осмонида фаоллашган. Шу билан бирга, Трасс хоним Украинага британиялик аскарлар юборилиши эҳтимоли камлигини қайд этган.
Россия бир неча ойдан буён Украина чегаралари яқинида қўшин тўпламоқда. Ғарбдагилар Москва ҳарбий юришга тайёрланаётганидан хавфсирамоқда ва унга қарши қатъий санкциялар билан таҳдид қилмоқда. Кремлдагилар Украинага ҳужум қилмоқчи эмасликларини айтишмоқда. Украинадаги вазият кескинлашиши фонида Буюк Британия, АҚШ ва Германия Киевдан дипломатлари ва уларнинг оилаларини олиб кетиш ҳақида ўйламоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар