17:12 / 08.02.2022
1 257

Порошенко Путиннинг Россиядан сиёсий бошпана бериш ҳақидаги таклифига нима деди?

Порошенко Путиннинг Россиядан сиёсий бошпана бериш ҳақидаги таклифига нима деди?
Фото: «РИА Новости»
Россия президенти Владимир Путин украиналик сиёсатчилар ўз муаммоларини ўз уйида ҳал қила олишини тушуниши керак. Бу ҳақда Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко Россия раҳбарининг унга бошпана бериш ҳақидаги таклифига жавобан айтиб ўтди.

«Владимир Владимировичга (Путинга) бу масалани ўзимиз, Украинада ҳал қилишимизни тушунишни маслаҳат бераман. Россиянинг Украина сиёсатига ‘қайғуриш’ амалиёти аллақачон, яъни мен Украина президенти этиб сайланган пайтимда тўхтаган», — деб ёзади Порошенко ўзининг Telegram-каналида.

Бундан ташқари, Порошенко Украина президенти Владимир Зеленскийни европапараст мухолифатни таъқиб қилиб, Путинни хурсанд қилмоқчиликда айблади. «Мен Владимир Александровичга (Зеленскийга) Путинга ёқишни бас қилишни ва мамлакат ҳимоясига киришишни, барча саъй-ҳаракатларини айнан шу ерга йўналтиришни маслаҳат бераман», — деди у.

Путин Франция президенти Эммануэль Макрон билан музокаралардан сўнг ўтказилган брифингда Порошенкога Россиядан сиёсий бошпана беришни таклиф қилганди.

Россия етакчиси собиқ давлат раҳбарига нисбатан қўзғатилган жиноий ишни «амалдаги раҳбариятнинг муваффақияти учун ҳаддан ташқари талабчанлик» деб атади ва у ўз таклифини Порошенко олиб бораётган сиёсатни ёқлаш учун эмас, балки инсонпарварлик нуқтаи назаридан билдирганини таъкидлади.

Украинада собиқ президент терроризмни молиялаш ва давлатга хиёнат қилиш, шунингдек, террорчилик ташкилотини тузишда гумон қилинмоқда, у 15 йилгача қамалиши мумкин.

Терговга кўра, Порошенко ўз лавозимида бўлган вақтида «Россия раҳбарияти аъзолари» ҳамда ўзини Республика деб эълон қилган Луганск ва Донецк халқ республикалари билан тил бириктириб, Донбассдан кўмир экспорт қилиш схемасини ташкил қилган.

Киевнинг Печерский суди сиёсатчига нисбатан шахсий мажбурият кўринишидаги эҳтиёт чорасини танлади, шунингдек, ундан чет элга чиқиш паспортларини топширишни буюрди. Порошенко эса ўз айбини рад этиб, таъқибни сиёсий деб атамоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Порошенко Путиннинг Россиядан сиёсий бошпана бериш ҳақидаги таклифига нима деди?