18:08 / 08.02.2022
1 029

Байден ва Шольц Украина атрофидаги вазият, Россияни жиловлаш ва энергетика масалаларини муҳокама қилди

Байден ва Шольц Украина атрофидаги вазият, Россияни жиловлаш ва энергетика масалаларини муҳокама қилди
Фото: AP Photo
АҚШ президенти Жо Байден ва Германия канцлери Олаф Шольц 7 январь куни Вашингтонда Украина атрофидаги вазият, Россияни жиловлаш ва энергетика билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизматига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

«Етакчилар Россиянинг Украина чегаралари яқинида давомли қўшин тўплашига жавобан кўрилаётган дипломатик ва кескинликни олдини олиш саъй-ҳаракатларини муҳокама қилди. Улар Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини ҳамда Россиянинг энергия ресурсларидан қурол сифатида фойдаланишига йўл қўймаслик мажбуриятини тасдиқлади», — дейилади Оқ уй хабарида.

«Икки давлат раҳбарлари Хитой муаммолари устида яқиндан ишлашга ва ғарбий Болқонда барқарорлик ҳамда фаровонликни янада рағбатлантиришга содиқ», — дея қўшимча қилган Оқ уй матбуот хизмати. Томонлар бу йил «Еттилик гуруҳ»га Германиянинг раислик қилиши масаласига тўхталди. Байден Берлин билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва трансатлантик шерикликни чуқурлаштириш истагини яна бир бор тасдиқлади.

«ТАСС» хабарига кўра, бир ҳафтадан сўнг Шольц Россия президенти Владимир Путин билан юзма-юз учрашади. Кремль матбуот хизмати маълум қилишича, икки етакчи ўртасидаги музокаралар 15 февраль куни Москвада бўлиб ўтади. Томонлар биринчи навбатда Украина атрофидаги вазиятни ва Россияга Ғарб томонидан хавфсизлик кафолатларини бериш масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда.

Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши мумкинлиги ҳақида баёнотлар пайдо бўлди. Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни қуруқ ва асоссиз деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, Песков бу каби баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини инкор этмади ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч ишлатиш билан ҳал қилишга уриниш энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден ва Шольц Украина атрофидаги вазият, Россияни жиловлаш ва энергетика масалаларини муҳокама қилди