20:30 / 13.02.2022
2 189

Киевда эвакуация режаси тасдиқланди. Украина атрофидаги сўнгги хабарлар

Киевда эвакуация режаси тасдиқланди. Украина атрофидаги сўнгги хабарлар
Фото: EPA
АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путин билан бир соат давомида музокара олиб борди ва уни россияликлар Украинага бостириб киришининг оғир оқибатлари ҳақида огоҳлантирди, Киев мэри Виталий Кличко эса Россия тез орада ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар туфайли шаҳар ҳокимияти аҳолини эвакуация қилиш режасини тасдиқлагани ҳақида хабар берди. Ғарб мамлакатлари элчихоналари ходимларини олиб кетмоқда, президент Владимир Зеленский эса «эҳтимолий босқин» ҳақида маълумотлар жудаям кўпайиб кетганидан шикоят қилди.

Шанба куни кечқурун АҚШ президенти бир соатга яқин вақт давомида Россия етакчиси билан телефон орқали гаплашди, Оқ уй томонидан тарқатилган баёнотда қайд этилишича, у россиялик ҳамкасбини босқин рўй берган тақдирда, «АҚШ иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан биргаликда қатъий жавоб қайтариб, Россияни жуда қиммат тўлов қилишга мажбурлаши» ҳақида огоҳлантирган. Америка администрациясининг қайд этишича, «Байден президент Путинга, гарчи АҚШ бундан буён ҳам дипломатия билан шуғулланишни давом эттиришга тайёр бўлса-да», улар «бошқа сценарийларга ҳам тайёрлиги»ни айтган.

Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга маълумот беришича, россияликлар президенти Оқ уй раҳбари билан «Украинани ҳарбийлаштириш, уни замонавий қуроллар билан кучайтириш, шунингдек Ғарб давлатларининг Украина хавфсизлик кучлари томонидан Донбасс ва Қримга нисбатан эҳтимолий провокациясини рағбатлантириши» оқибатлари ҳақида гаплашган. Шунингдек, Путин Киев Донбассдаги инқирозни бартараф этиш бўйича Минск келишувини яна бир бор саботаж қилгани ҳақида айтган.

РФ президенти ёрдамчиси, суҳбатнинг моҳиятини «мувозанатли ва ишбилармонлик» руҳида деб атади. Унинг айтишича, Путин Россия яқин орада АҚШ ва НАТОнинг хавфсизлик кафолатлари бўйича жавобларига расман муносабат билдиришини маълум қилган.

Ушаковнинг сўзларидан иқтибос келтирган ТАСС агентлиги хабарида қайд этилишича, «етарлича узоқ давом этган ушбу суҳбатда Байден кутилганидек Украина атрофидаги вазият кескинлашуви муносабати билан Россияга қарши қаттиқ санкциялар қўлланиши мумкинлигини эслатган, аммо бу масалага алоҳида урғу қаратилмаган». «Бугунги мулоқот Америка расмий шахсларининг Россиянинг Украинага босқини яқинлашиб келаётгани ҳақидаги жазаваси авж олган шароитда бўлиб ўтди», дея Ушаковнинг сўзларини келтиради «Интерфакс».

Аввалроқ, Оқ уй Америка икки президент ўртасида мулоқотни шанба куни ўтказишни талаби қилгани, видеоконференцияни душанба куни ўтказишни режалаштирган Россия томони бу талабга кўнгани ҳақида маълум қилганди.

Телефон дипломатияси
Шанба куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ўртасида ҳам телефон мулоқоти ўтказилган. Давлат департаменти баёнотида қайд этилишича, Блинкен россиялик ҳамкасбига қўнғироқ қилиб, «Россия яқин кунларда Украинага қарши навбатдаги тажовузни бошлаш имкониятини кўриб чиқиши бўйича умумий хавотирларни муҳокама қилган».

Украина Миллий гвардиясининг шанба куни Херсон атрофида ўтказган ўқув машғулоти / Reuters
Шундан кўп вақт ўтмай Пентагон икки мамлакат мудофаа вазирлари - Ллойд Остин ва Сергей Шойгу ўртасида ҳам телефон мулоқоти ўтказилганини хабар қилди. Америка томони хабарномасида айтилишича, «улар Қрим ва Украина атрофида Россия қўшинлари ошиб бораётганини муҳокама қилган».

Бундан ташқари, шу куни Россия президенти яна бир бор телефон орқали французлар етакчиси Эммануэл Макрон билан мулоқот қилган, бу президентлар ҳафта бошида Москвада қарийб олти соат давом этган учрашув ўтказганди. Кремлдагиларнинг хабар қилишича, бу мулоқот 1 соат-у 40 дақиқа давом этган ва Украина масаласи муҳокама қилинган. Мулоқотдан кейин Елисей саройи тарқатган маълумотда аниқлик киритилишича, Макрон Путинга самимий мулоқот ва ҳарбий кескинлик кучайиши ўзаро мос келмаслигини айтган. Бундан ташқари, Франция президенти офисидагиларнинг айтишича, томонлар Минск келишувларини амалга ошириш имкониятлари бўйича «мулоқотни давом эттириш истагини билдирган».

Reuters Елисей саройидаги манбасига асосланиб хабар беришича, Путиннинг гаплари Россиянинг Украинага ҳужум қилишга тайёрлигидан далолат бермаган

Шу билан бирга Кремлнинг Путин ва Макрон мулоқоти бўйича хабарида айтилишича, етакчилар «Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужум режалаштиргани ҳақидаги ивғоли миш-мишлар ҳамда замонавий қуроллар етказиб бериш орқали Донбассга ҳужум бошлаш учун зарур шароит яратиб берилаётгани билан боғлиқ вазиятни ҳам муҳокама қилишган».

Путин билан телефон суҳбатидан кейин Макрон Украина президенти Владимир Зеленский билан боғланган.

Зеленский ваҳима қилмасликка чақирмоқда
Зеленский шанба куни эҳтимолий босқин бўйича спекуляция кўпайиб кетганини айтди: «Мен ҳисоблайманки, ҳозирда ахборот маконида Россия Федерацияси томонидан кенг кўламли ҳужум бўлиши ҳақида жудаям кўпайиб кетди. Ҳатто аниқ кунини ҳам айтишяпти».

Фото: EPA
У 16 феврал куни босқин рўй бериши ҳақида далил тақдим этишларини сўради.

«Агар сизларда ёки бошқаларда Россия 16 феврал куни Украинага юз фоиз бостириб кириши тўғрисида қўшимча маълумот бўлса, илтимос, бизга бу маълумотни беринглар. Ҳақиқат шундаки, биздаги маълумотлар бир-биридан фарқ қилмоқда. Энди эса душманнинг энг яхши дўсти - мамлакатимиздаги ваҳима бўлиб қолди. Бу маълумот фақат ваҳима қўзғайди ва бизга ёрдам бермайди», дея қўшимча қилган у.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Россия «исталган дақиқада» Украинага босқин бошлаши мумкинлигини айтганди. «Ҳозирда биз вақтинчалик турғунлик ҳолатидамиз ва ҳужум кутилмаган вақтда амалга оширилиши, ҳатто Олимпия ўйинлари вақтида ҳам уруш бошланиб кетиши мумкин. Соддароқ айтганда, биз Россия томонидан эскалация кучайтирилишининг жуда хавотирли аломатларини кузатмоқдамиз, жумладан Украина билан чегарада қўшин кўпайиши давом этмоқда», деганди у.

Пекиндаги Олимпиада 20 февраль куни якунланади; кўплаб шарҳловчилар Россия босқини бошланиш санасини прогноз қилишда Путин Россияни қўллаб-қувватлаган ёки хайрихоҳлик билан бетараф бўлган Хитой раҳбари учун жуда муҳим воқеага соя солмаслик учун Ўйинлар якунланишини кутишини айтишаётганди, Ғарб билан зиддият шароитида Хитойнинг қўллови ёки бетарафлиги Россия учун муҳим.

АҚШ Давлат котиби Россия Украинага босқинни «исталган маҳал» бошлаши мумкинлигини айтган
Жума куни Оқ уй ҳужум эвакуацияни қийинлаштирадиган ва тинч аҳолини хавф остига қўядиган ҳаводан зарбалар йўллаш билан бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

АҚШ ортидан кўплаб давлатлар, жумладан Буюк Британия, Канада, Австралия, Германия, Нидерландия ва Швейцария каби давлатлар ҳам ўз фуқароларига Украинага бормасликни, у ерда бўлиб турганларга эса зудлик билан мамлакатни тарк этишни тавсия қила бошлади.

АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар Россия Украина чегарасида, шунингдек, Беларус ва аннексия қилинган Қримда бемисл қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаганига эътибор қаратмоқда. Москва Украинага ҳарбий босқин қилиш режаси йўқлигини, россиялик ҳарбийлар мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши ҳеч кимда ташвиш уйғотмаслиги кераклигини таъкидламоқда. Беларусга қўшинлар жойлаштирилганини Москва ва Минск 20 февралга қадар давом этувчи қўшма машғулотлар билан изоҳлаган.

Эвакуация ва оптимизация
Шанба куни Украина пойтахти мэрияси ҳужум бўлган тақдирда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланганини маълум қилди.

«Шаҳар хизматлари аллақачон ҳарбий характердаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш шароитларида ишламоқда. Бизнинг саъй-ҳаракатларимиз эҳтимолий провокацияларнинг олдини олиш ёки баратараф этишга ҳамда ҳарбий ҳужумга қарши туришга қаратилган», - дея қайд этади Киев мэри Виталий Кличко.

Киев аҳолиси, 2021 йил декабридаги расмий маълумотларга кўра, 2,9 миллион кишидан ошган.

АҚШнинг Киевдаги элчихонаси деярли бўшаб қолган. Давлат департаменти хабарига кўра, элчихонада консуллик хизматлари кўрсатиш тўхтатилган, махфий хизматлар ва техникалар «қисқартирилган»
АҚШ босқин таҳдиди туфайли Киевдаги элчихонаси ходимлари сони қисқартирилишини маълум қилган. Консуллик хизматлари кўрсатиш тўхтатилган, иккинчи даражали вазифаларни бажарувчи ходимларга мамлакатни тарк этиш бўйича кўрсатма берилган. Ходимларнинг оила аъзоларига январь ойи бошидаёқ мамлакатдан кетиш тавсия этилганди. Давлат департаметида ўтказилган ёпиқ брифингда PBS мухбирининг Киевдаги элчихона ходимлари махфий ҳужжатлар ва жиҳозлар йўқ қилиниши борасидаги саволига жавобан, тасдиқ жавоби берилган, лекин тафсилотларга тўхталиб ўтилмаган.

Пентагон матбуот хизмати раҳбари Жон Кирбининг маълум қилишича, Миллий гвардиянинг 160 нафар муҳандиси вақтинча Украинадан олиб кетилиши бўйича кўрсатма берилган.

Давлат департаменти хабарига кўра, АҚШ Америка фуқароларига фавқулодда ҳолатларда хизмат кўрсатиш учун Львовда «кичик консуллик ваколатхонаси»ни сақлаб қолади.

Шанба куни Нидерландиянинг KLM авиакомпанияси босқин таҳдиди кучайгани туфайли Украинага парвозларни тўхтатиши ҳақида маълум қилди. Шу куни кечқурун Нидерландиядан Киевга учиши керак бўлган рейс бекор қилинган. Авиақатнов қачон тикланиши номаълум. Компаниядагилар буни хавфсизлик соҳасидаги риск билан изоҳлаган.

Буюк Британиянинг Украинадаги элчиси Мелинда Симмонс твиттерида ўзи ва дипмиссиянинг асосий жамоаси Киевда қолишини ёзган.

Австралия ТИВ Украинада хавфсизлик соҳасидаги вазият ёмонлашаётгани сабабли Киевдаги элчихонасини бошқа шаҳарга кўчирмоқда. Элчихонанинг барча операциялари Львовдаги вақтинча офисдан амалга оширилади. Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли ҳам шу каби чора ҳақида маълум қилган.

Ўз навбатида, Москва Украинадаги ваколатхоналар ходимлари сони оптималлаштирилишини эълон қилди, аммо бу бошқа мамлакатлар «провокацияси» билан боғланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Киевда эвакуация режаси тасдиқланди. Украина атрофидаги сўнгги хабарлар