Фото: Yandex
Украинанинг Донбасс ҳудудида саккиз йилдан бери уруш давом этади. Фронт чизиғидаги украиналик аскарлар ноаниқликлардан тўйганини айтиб, 2014 йилдан бери уларни окопларда ҳаракатланишга мажбур қилаётган можаронинг бир тарафга ўнгланишини истамоқда, деб ёзади Reuters.
«Биз бу ниҳоясиз урушдан тўйдик. Ҳаммасини бир ёқли қилиш керак, бу ноаниқликларга чек қўйиш учун ё бизга ҳужум қилишсин ёки биз ҳужумга ўтайлик. Ҳаммамиз бундан чарчадик. Эсимда, 2014, 2015, 2016 йилларда иштиёқ кучли эди», — деди хавфсизлик нуқтаи назаридан фамилиясини сир тутган 27 ёшли Боҳдан.
Собиқ кончи ва Днепропетровск яқинидаги Павлоград шаҳрида авиация муҳандислиги талабаси бўлган Боҳдан сўнгги бир йил давомида Украина шарқида жойлашган Луганск ҳудудидаги фронтда хизмат қилмоқда.
Шарқий фронтдаги йирик қуроллардан бир мунча вақт садо чиқмаса-да, миномёт ва гранаталарнинг овози қор билан қопланган далалар сукунатини бузади. Окопларда ойлаб вақт ўтказаётган аскарлар ҳар хил вазиятларга тайёрланиш, қолаверса, зерикишни енгиш учун қўлларидан келганини қилмоқда. Боҳдан ўзи қуриб олган спорт залида штанга ва арқон билан машқ қилади.
2014 йилдан бери фаол хизматда бўлган львовлик собиқ полициячи, исёнчиларнинг позицияларидан бир километр нарига ташланган 44 ёшли бошқа бир аскар Констянтин эса, агар кенг кўламли тўқнашувлар бошланса, машғулотлар ҳал қилувчи аҳамият касб этишини айтди.
«Агар бирор нарса бошланса, нима бўлишини олдиндан айтиб ҳам, ҳаракатларни режалаштириб ҳам бўлмайди. Аскар ўз маҳоратига, кўникмалари ва тажрибасига таянишга мажбур бўлади. Энг муҳими, қўрқувга тушмаслик, чунки қўрқув одам назорат қила олмайдиган нарса», — дейди у.
Луганск ва Донбасс ҳудудларидаги ҳарбий можаро 2014 йилда Москва томонидан қўллаб-қувватланган айирмачилар Украина ҳукумати назоратидан чиқиб, ўзларини мустақил «халқ республикалари» деб эълон қилгандан сўнг бошланган. Улар даъво қилган республикалар ҳали ҳеч қаерда тан олинмаган.
Украина маълумотларига кўра, 8 йил ичида ҳудудда юз берган тўқнашувлар оқибатида 15 мингга яқин одам ҳалок бўлган. Россия можаро иштирокчиси эканини инкор этади, лекин исёнчиларни турли йўллар билан, жумладан, яширин ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатиш, COVID-19 га қарши вакцина етказиб бериш, 600 000 дан ортиқ аҳолига Россия паспортларини бериш орқали қўллаб-қувватламоқда, деб таъкидлайди Reuters.
Украина Мудофаа вазирлигидаги манбага кўра, Киев Донбассда 35 минг айримачи жангарилар ва 2000 россиялик мунтазам кучлар борлигини тахмин қилмоқда, аммо Россия буни рад этади. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди