13:41 / 16.02.2022
1 698

Германия канцлери Путиннинг президентлик муддати борасида тагдор ҳазил қилди

Германия канцлери Путиннинг президентлик муддати борасида тагдор ҳазил қилди
Фото: Getty Images
Германия канцлери Олаф Шольц Москвада президент Владимир Путин билан кечган музокаралардан кейин қўшма матбуот анжуманида қатнашди. Олмон ҳукумати раҳбари журналистлар қаршисида В.Путиннинг президентлик ваколати борасида тагдор ҳазил қилди.

Сир эмас, Россия томони НАТОнинг кенгайиб бораётгани, хусусан, Украина мазкур ҳарбий тузилмага киришга уринаётганидан норози. Ушбу масалага изоҳ берган олмон канцлери ҳозирда кун тартибида НАТОнинг кенгайиши масаласи йўқлигини қайд этди ва мутойиба оҳангида Путин ҳам ҳокимиятда абадий қолмаслигини қистириб ўтди.

«Лавозимда қолар эканмиз, НАТОнинг шарққа томон кенгайиши масаласи кун тартибида бўлиши даргумон. Мен президент ўз лавозимида яна қанча муҳлат қолишни кўзлаётганини аниқ билмайман, лекин узоқ муддатни мўлжаллаётган бўлса керак. Аммо бу абадий давом этмаслиги аниқ», – деди канцлер табассум билан.

О.Шольц Германия канцлери сифатида Россияга илк сафари давомида Путин билан асосан Украинага эҳтимолий босқин масаласини муҳокама қилди. Олмон ҳукумати раҳбари Кремль етакчисини урушнинг Россия учун оғир оқибатларидан огоҳлантирди ва қон тўкилиши, хунрезликка асло йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

О.Шольц расмий Москвани хавотирга солиб келаётган масалага ҳам тўхталиб, Европанинг хавфсизлик бўйича кўраётган чора-тадбирлари Россияга қарши қаратилмаганини уқтирди.

Айни пайтда Россия Украинадан мустақиллик даъво қилаётган Донецк ва Луганск «халқ республикалари»ни расман тан олиши ҳақида тахминлар янграмоқда. Чунки куни кеча Давлат думаси президент Путинга шу мазмунда сўровнома юборди. Германия канцлери Россия президентини айирмачилик кайфиятидаги ҳудудларнинг расман тан олиниши Минск келишувларига зид экани ва бу сиёсий фалокат эканидан огоҳлантирди.

Владимир Путин Россия урушни истамаслиги, айни чоқда, Ғарб Кремль илгари сураётган хавфсизлик бўйича талабларни инобатга олиши лозимлигини яна бир карра такрорлади. Украина теграсидаги вазият хусусида эса аниқ жавоб бермасликни маъқул кўрди. В.Путинга кўра, Украина борасида «жойлардаги реал ҳолатдан келиб чиқиб» саъй-ҳаракат қилинади ва бу фақат Россиянинг ўзигагина боғлиқ эмас.

Эслатиб ўтамиз, коллектив Ғарб Россияни Украинага бостириб киришга ҳозирлик кўраётганини айтмоқда. Расмий Москва эса буни рад этмоқда. Кечадан Россия Украина чегараси теграсида тўпланган кўп сонли ҳарбий бўлинмаларни қайтара бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германия канцлери Путиннинг президентлик муддати борасида тагдор ҳазил қилди