15:25 / 20.02.2022
867

Бразилияда сув тошқинлари қурбонлари сони 152 нафарга етди

Бразилияда сув тошқинлари қурбонлари сони 152 нафарга етди
Фото: AP Photo
Бразилиянинг Петрополис шаҳрида (Рио-де-Жанейро штатининг тоғли ҳудудлари) кучли ёмғир оқибатида юзага келган кўчки ва сув тошқинлари қурбонлари сони 152 нафарга етди, улардан 27 нафари вояга етмаганлар. Бу ҳақда қутқарув хизматларига таяниб, Globo телеканали хабар берди.

Қутқарувчилар вайроналар остидан омон қолган 24 кишини олиб чиқишга муваффақ бўлди, 165 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида. Қидирув ишларига 500 нафар қутқарувчи, 200 нафар полициячи, шунингдек, ҳарбийлар ва кўнгиллилар жалб қилинган. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, фожиадан тўрт кун ўтиб тирик қолганларни топиш имконияти 7 фоиздан ошмайди. 19 февраль, шанба куни қидирув ишлари шаҳарни қоплаган кучли туман ва ёғингарчилик туфайли мураккаблашди.

Фавқулодда вазиятлар хизматлари 190 га яқин ер кўчиши ва 230 та кичик фалокатлар ҳақида маълумот олган, шунингдек, 80 та турар жой биноси шикастлангани, шундан камида 54 таси бутунлай вайрон бўлгани хабар қилинган.

15 февраль куни куни Петрополис шаҳар ҳокимияти мотам эълон қилди ва фавқулодда ҳолат жорий қилди. 18 февралда эса Бразилия президенти Жаир Болсонару шаҳарга ташриф буюрди ва ҳудудни тиклаш учун 2,2 миллиард реал (тахминан 430 миллион доллар) бюджет маблағлари ажратилишини эълон қилди.

Бразилиянинг шимолий, марказий ва жануби-шарқий қисмларида ёз ойлари (декабрь ойининг охиридан март ойининг охиригача) мўл-кўл ёғингарчилик мавсуми бўлиб, ҳар йили бу даврда кучли ёмғирлар такрорланади. Бундай ёғингарчилик Амазоннинг экваториал ўрмонларидан жануби-шарқий йўналишда Атлантика океани томон илиқ, нам ҳаво ҳаракати натижасида юзага келади. 2021 йилнинг ноябрь ойида ёмғирлар мавсуми бошланганидан бери Баия, Минас-Жераис, Рио-де-Жанейро ва Сан-Паулу штатларида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

2011 йилнинг январь ойида кучли ёмғирлар натижасида юзага келган кўчки ва сув тошқинлари натижасида Рио-де-Жанейронинг тоғли ҳудудларида 900 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди, 100 га яқин киши бедарак йўқолган, 35 мингга яқин аҳоли бошпанасиз қолган. Ўша фожиа бўйича тергов комиссиясининг хулоса ва тавсиялари амалда ҳукумат томонидан эътиборга олинмаган, дея хабар беради маҳаллий ОАВ.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бразилияда сув тошқинлари қурбонлари сони 152 нафарга етди