Кеча тунда Россия президенти Владимир Путин томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра Украинага тегишли бўлган Донецк ва Луганск вилоятларининг мустақил респубикалар сифатида тан олингани халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидига сабаб бўлди. Хўш, Россия раҳбарининг мунозарали бу қарорига дунё ҳамжамияти қандай муносабат билдирди?
Украина расмий Москванинг бу хатти-ҳаракатини халқаро ҳуқуқ меъёрларини очиқдан-очиқ бузиш деб атади.
«Босиб олинган Донецк ва Луганск вилоятлари мустақиллигининг тан олиниши Россиянинг Минск битимларидан бир томонлама чиққани ва Нормандия форматидаги қарорларни писанд қилмаслигини англатади. Бу эса тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларга барҳам бериб, музокаралар форматларини йўққа чиқаради», – деди Украина президенти Владимир Зеленский.
Расмий Киев, гарчи Россия икки ҳудуд суверенитетини тан олган бўлса-да, уларни ўзига тегишли деб ҳисоблайди.
«Биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Ҳеч кимдан қарздор эмасмиз. Ҳеч кимга ҳеч нарса бермаймиз ҳам. Бунга ишончимиз комил», – деди Владимир Зеленский.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россиянинг бу қарорини Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети, шунингдек, БМТ Низоми тамойилларининг бузилиши дея малакалади.
АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби қарорини кескин қоралаб, зудлик билан айирмачилик республикаларга нисбатан санкция жорий этди.
Европа Иттифоқи раҳбарияти Донецк ва Луганск суверенитетининг тан олинишини халқаро ҳуқуқнинг поймол этилиши деб ҳисоблайди. Расмий Брюссель ҳам ушбу ноқонуний хатти-ҳаракат юзасидан санкциялар киритмоқда.
Қолаверса, Франция президенти Франции Эммануэль Макрон, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон расмий Москванинг низоли қарорини танқид қилиб чиқди.
Россия билан яқин ҳамкорлик муносабатларига эга Туркия, Қозоғистон каби давлатлар ҳам айирмачи республикалар мустақиллиги тан олинмаслигини маълум қилди.
Қайд этиш жоизки, ижтимоий тармоқнинг ўзбекзабон сегменти Украина ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи ҳодисаларни оғриқли қабул қилди.
«XXI аср. Биродар халқига очиқчасига уруш билан таҳдид қилиш, тарихни қайта ёзишга уриниш, мустақил ва суверен давлатни пароканда қилиш, чегарасини ўзгартириш – Путин Россиясининг ҳақиқий башараси», – деб ёзди Телеграмдаги Davletov.uz канали.
«Путин Россияси очиқчасига қароқчилик қиляпти: халқаро ҳуқуққа ҳам, давлатларнинг суверенитетига ҳам тупуриб қўйганини баралла айтяпти. Украинанинг яна икки ҳудудини деярли «айириб олди» ва очиқчасига уруш таҳдиди қиляпти. Дунё эса бу сурбетликка нима дейишини билмай, сўз тополмай турибди. Ақл чегарасидан ташқаридаги ишлар ва бу ҳали бошланиши. Қўрқинчли!« – дея эҳтиросли мулоҳазалари билан ўртоқлашди блогер Шаҳноза Соатова.
«1945 йилдан кейин шаклланган Халқаро ҳуқуқ ва мувозанат архитектураси буткул яксон бўлди. Энди ҳаммасини Куч ҳал этади», – деб ёзди таҳлилчи ва блогер Отабек Бакиров.
«Мен учун ҳаммасидан қўрқинчлиси, Путин Россияси пропагандасида «мияси ювилган» миллионлаб одамлар яшайди ер юзида. Ичимизда ҳам. Унинг ҳамма ҳаракатини қаҳрамонлик, ҳаёт адолати деб баҳолайдиганлар кўп. Адашмасам, «иқтисодчи кундалиги»да ўқигандим, оддий одамлар ва зиёлилар ўртасида Россиянинг бугунги тажовузкор, босқинчи сиёсатига муносабат икки хил. Оддий одамлар нима воқеа содир бўлмасин Путин Россиясини оқлаш ва ҳазм қилиш учун сабаб топади (эрта-индин РФ таркибига қўшилиш учун референдумгаям имзо чекиб бераверади); зиёлилар эса буни қўлламайди, халқаро ҳуқуққа амал қилсин, муайян давлатнинг суверенитетига ҳеч ким ҳеч қайси сабаб билан дахл қилмаслиги керак, дейди. Аммо шу пайтгача зиёлилар бир ишни қотиргани, бирор муқаррар урушнинг олдини ололганини кўрмадим...
Бундай вазиятда «халқ» ким ўзи? Ахборот урушларида бой берилган миллионлаб одамларми ёки таҳлилий-танқидий фикрлай оладиган, аммо вазиятларни бошқаришга ирода тополмайдиган бир ҳовучгина зиёлиларми?
Мана шу мулоҳаза мени кўп ўйлантирди», — қайд этади журналист Азиза Қурбонова.
«Россия бу икки ҳудудни алоҳида республикалар деб тан олиши Россия Федерацияси ва Украина ўртасида уруш бошланишини англатади. Чунки бу сафар Украина Қримдаги каби вазиятни тинч кузатиб туриш эҳтимоли кам. Демак, ҳақиқатда АҚШнинг «яқин вақтлар ичида Россия Украинага ёки унинг ҳудудларига қарши, уруш/диверсия бошлайди» дегани тўғри бўлиб чиқмоқда», – дея хулоса қилди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига етиб борди (фото)
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди
"Майк Тайсон - Жейк Пол" бокс оқшомининг барча иштирокчилари билан танишинг
Нима учун айнан кузда кўпроқ киви истеъмол қилиш керак?
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди