15:33 / 23.02.2022
1 382

Путин: Россия ДХР ва ЛХРни Донецк ва Луганск областлари чегараларида тан олади

Путин: Россия ДХР ва ЛХРни Донецк ва Луганск областлари чегараларида тан олади
Россия президенти Владимир Путин Москва ўзини ўзи мустақил деб олган ДХР ва ЛХРни Украинанинг Донецк ва Луганск областлари чегараларида тан олишини айтди. Бунгача Федерация кенгаши Россия қуролли кучларидан хорижда фойдаланиш учун рухсат берганди.

«Ушбу республикаларнинг мустақиллигини қайси ҳудудларнинг чегараларида тан олинади? Биз уларни тан олдик, бу эса уларнинг барча фундаментал ҳужжатларини, жумладан ушбу республикаларнинг конституциясини ҳам тан олишимизни англатади. Конституцияларда улар Украина таркибида бўлган вақтидаги Донецк ҳамда Луганск областларининг ҳудудлари мазкур республика чегаралари деб тан олинган», деди Путин журналистларга Федерация кенгаши унга армиядан хорижда фойдаланиш учун рухсат берганидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.

«Аммо биз барча баҳсли масалалар Киевнинг ҳозирги ҳукумати ва бу республикалар раҳбарияти ўртасидаги музокаралар чоғида ҳал этилади. Лекин бу осон бўлмаслиги аниқ», - дея қўшимча қилган у.

Аввалроқ Федерация кенгаши Путиннинг россиялик ҳарбийлардан чегарадан ташқарида фойдаланиш учун қилган мурожаатини кўриб чиққан ва унга розилик билдирганди. Путин рухсат сўраб мурожаат қилгани ҳақида сенаторлар йиғилиши бошланиши арафасида маълум қилинди.

Сешанба куни Россия парламентининг икки палатаси ДХР ва ЛХР билан дўстлик тўғрисидаги келишувларни маъқуллади, Путин Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни тан олиши ортидан бу республикалар раҳбарлари билан шундай келишувларни имзолаганди.

«Қуролли кучлардан хорижда фойдаланиш бўйича - хўш қандай қилиб? Албатта, биз кеча келишувлар имзоладик. ДХР ва ЛХР билан тузилган бу битимларда тегишли пунктлар бор, унга кўра биз бу республикаларга тегишли ёрдамларни, жумладан ҳарбий ёрдам кўрсатишимиз мумкин», - деди Путин сешанба куни кечқурун журналистлар саволларига жавобан.

Путин Федерация кенгаши қарори ҳарбийлар ҳозирнинг ўзида у ерга юборилишини англатмаслигини қайд этган.

Чегаралар масаласи
ДХР ва ЛХР Украинанинг Донецк ва Луганск областларининг тўлиқ ҳудудига даъво қилади, лекин бу ҳудуднинг кичикроқ қисмини назоратда сақлаб қолган.

Сешанба куни аввалида Давлат думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Калашников Россия Донбассдаги республикаларни Украинанинг Донецк ва Луганск областлари чегараларида тан олишини айтиб, шов-шув кўтарди.

Кўп ўтмай унинг сўзлари хато талқинлиги айтилди, Россия ТИВ ўринбосари Андрей Руденко «Россия ДХР ва ЛХРни ушбу республикалар раҳбарияти ўз ваколатлари ва юрисдикциясини амалга оширадиган чегаралардагина тан олиши» ҳақида гапирди.

Федерация кенгашининг халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Климов Россия ЛХР ва ДХРни амалда ўрнатилган чегараларда тан олишини айтди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг шу ҳақдаги саволига жавоб бераркан, вазиятни яна чигаллаштирди.

«Бу икки республика ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган чегараларда», деди у ДХР ва ЛХР қайси чегараларда тан олиниши ҳақидаги саволга жавобан. Песков бошқа тафсилотларни айтишни истамади ва бошқа айтадиган қўшимчаси йўқлигини билдирди. «Улар мавжуд бўлган ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган чегараларда», дея такрорлади у.

Дипломатик муносабатлар
Бу вақтда, 22 февралдан Россия ДХР ва ЛХР билан дипломатик алоқалар ўрнатди.

Россия ТИВ ахбороти бўйича мустақиллиги тан олинган икки республиканинг ташқи ишлар масалалари билан шуғулланувчи идораларининг раҳбарларига Сергей Лавров имзолаган табрик телеграммалари юборилган.

«Шу кундан бошлаб Россия Федерацияси ва Донецк халқ республикаси, шунингдек, Россия Федерацияси ва Луганск халқ республикаси ўртасида элчихоналар даражасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида келишув тузилди.

Россия ДХР ҳамда ЛХР билан ҳар томонлама ҳамкорлик, хусусан, ташқи сиёсий вазирликларнинг мамлакатларимиз фуқароларининг манфаатларига хизмат қиладиган, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган муносабатларни ривожлантиришни мақсад қилган
», дейилади Россия ТИВ хабарида.

Путин 21 февраль куни кечқурун миллатга телемурожаатида Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикалар тан олиниши ҳақида маълум қилганди. Ғарбдагилар Москванинг бу қадамини Минск келишувлари ва Украина ҳудудий яхлитлигининг қўпол равишда бузилиши сифатида баҳолаган. Санкциялар тайёрламоқда. Германия 22 февраль куни «Шимолий оқим-2» газ қувурига сертификация беришни тўхтатди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин: Россия ДХР ва ЛХРни Донецк ва Луганск областлари чегараларида тан олади