09:57 / 25.02.2022
965

Зеленский Россия ҳужумининг биринчи кунида 137 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини айтди

Зеленский Россия ҳужумининг биринчи кунида 137 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини айтди
Фото: Видеодан кадр
Россиянинг Украинага «махсус ҳарбий операцияси»нинг биринчи кунида 137 нафар украиналик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, улардан 10 нафари офицер. Яна 316 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский видеомурожаатида айтиб ўтди.

У Киевни тарк этгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди ҳамда рафиқаси ва болалари ҳам Украинада эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Зеленский уларнинг айнан қаерда бўлиб турганини ошкор этолмаслигини айтди. «Биздаги маълумотларга кўра, душман мени биринчи, оиламни иккинчи рақамли нишон сифатида белгилаган. Улар мамлакат раҳбарини йўқ қилиш орқали Украинани сиёсий йўл билан йўқ қилмоқчи», — дея тушунтирди у.

Украина президенти, шунингдек, қўлидаги маълумотларга кўра, Россиянинг қўпорувчилик гуруҳлари Киевга кирганини айтди. Шу муносабат билан Зеленский шаҳар аҳолисини ҳушёр бўлишга ва комендантлик соатига риоя қилишга чақирди.

Бундан ташқари, Зеленский Украинанинг нейтрал мақоми бўйича Кремлнинг музокараларга тайёрлиги ҳақидаги баёнотга изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, НАТО давлатлари Украинани альянсга таклиф қилишдан «қўрқмоқда», у агар мамлакатга аниқ хавфсизлик кафолатлари берилса, Украинанинг нейтрал мақомини муҳокама қилишга тайёрлигини қўшимча қилди.

Зеленский умумий сафарбарлик тўғрисидаги фармонни ҳам имзолади. Ҳужжат Украина президентининг расмий сайтида эълон қилинган. Сафарбарлик Россиянинг ҳарбий аралашуви билан асосланади. Фармон кучга кирган кундан бошлаб 90 кун ичида уни Украинанинг барча ҳудудларида қўллаш топширилди.

22 февраль куни Россия ўзини ўзи республика деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олганидан сўнг, Зеленский захирадаги ҳарбийларни чақириш тўғрисида фармон чиқарганди, бироқ у ҳали умумий сафарбарлик учун зарурат кўрмаётганини айтган.

24 февраль куни эрталаб, Россия ҳужуми бошланганидан кейин Владимир Зеленский Украинада 30 кунлик ҳарбий ҳолат жорий қилди. Украина фуқаролигига эга бўлган 18-60 ёшли эркакларга энди мамлакатни тарк этиш тақиқланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Россия ҳужумининг биринчи кунида 137 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини айтди