22:30 / 26.02.2022
1 526

Саккиз мингдан зиёд россиялик зиёлилар Украинага қарши урушни қоралаб очиқ хат ёзди

Саккиз мингдан зиёд россиялик зиёлилар Украинага қарши урушни қоралаб очиқ хат ёзди
Россияда саккиз мингдан зиёд рассомлар, санъатшунослар, архитекторлар, продюсерлар, мусиқачилар ва маданият ҳамда санъат соҳасининг бошқа вакиллари Украинага қарши бошланган урушни қоралаб очиқ хат ёзишди.

«Биз, рассомлар, санъат арбоблари, архитекторлар, танқидчилар, санъатшунослар, арт-менежерлар — Россия Федерациясининг санъат ва маданият соҳаси вакиллари — Украина халқини қўллаб-қувватлаймиз ва бир овоздан, қатъият билан «Йўқ бўлсин уруш!» деймиз. Барча ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни, Украина ҳудудидан ҳарбий қўшинни олиб чиқишни ва тинчлик ўрнатиш юзасидан музокараларни бошлашни талаб қиламиз», – дейилади очиқ хатда.

Аввал рус тилида сўзлашадиган олимлар халқаро ассосиацияси (RASА) Россиянинг Украинага қилган қуролли ҳужумини қораловчи баёнотни эълон қилганди. Баёнот матнида Россия қилаётган ишлар Украина халқи олдидаги энг оғир жиноят эканлиги, ушбу ҳаракатлар Россияни ижтимоий изтироб ва изоляцияга дучор қилиши баён этилган. Матнни ўнлаб олимлар, хусусан, Нобель мукофоти лауреати Андрей Гейм ҳам имзолаган.

24 февралга ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин Донбассда «минтақа аҳолисини геноциддан ҳимоя қилиш» учун «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди. Мурожаатдан сўнг ижтимоий тармоқларда Украинанинг кўплаб шаҳарларида портлашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари маслаҳатчиси Антон Герашченко 24 февраль куни эрта тонгда Киев, Харков ва Днепрда ҳарбий инфратузилма объектларига ракета зарбалари берилганини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саккиз мингдан зиёд россиялик зиёлилар Украинага қарши урушни қоралаб очиқ хат ёзди