Олга Дячук
Фото: Арден Аркман / «Новая»
26 февраль куни ижтимоий тармоқларда Украинада тинч аҳоли томонидан асирга олинган 27 ёшли рус аскари Роман Буганцов сўроқ қилинаётгани акс этган видео тарқалганди. Одамлар қуршовида даҳшатга тушиб, бошини чангаллаб олган Роман ўзини таништиради ва Белгороддаги бувисининг яшаш жойини айтади. «Новая газета» нашрининг махсус мухбири Илья Азар Белгороддан 17 километр узоқликдаги Комсомолский қишлоғида Буганцовнинг синглиси Олга Дячук билан суҳбатлашди. «Дарё» эса бу суҳбатни ўзбек тилига таржима қилди.
— Мудофаа вазирлигидан кимдир сиз билан алоқага чиқдими?
— Йўқ, мен фақат интернетдаги маълумотлардангина хабардорман, ҳеч ким алоқага чиқмади, ҳозирча ҳеч нима маълум эмас. У бобом ва бувимнинг қўлида катта бўлган, бувим ҳозир Москвадан бу ёққа келяпти.
Роман — кўнгли очиқ меҳрибон йигит. У кикбоксинг билан шуғулланган, спорт усталигига номзод эди. Кейин ҳарбий хизматга борган, ундан сўнг бир муддат Воронеждаги институтда таҳсил олган, лекин 2015 йилда ўқишини ташлаб, шартнома тузган ва Москвага кўчиб ўтган. У бутун ҳаётини ҳарбий хизмат билан боғлашни истарди. Москвада хотини, боласи бор, бу ерда эса уни ҳамма раҳмдил ва керак пайтда ҳаммани ҳимоя қиладиган яхши йигит сифатида танийди.
— Лекин сиз унинг Украинага юборилганини билармидингиз?
— Йўқ, у шунчаки хизмат сафарига кетаётганини айтган. Ҳеч қайси қариндошимиз унинг Украинага кетганини билмасди. Қайси шаҳардалиги ва қаерга кетаётгани ҳақида ҳеч нима демаган.
Қўрқяпман. Куним дори ичиш билан ўтяпти, бу хабарни қабул қилиш мен учун жуда оғир. Аҳволи нима кечиши, уни нима қилишлари, нега олиб кетишгани номаълум.
— 24 февраль куни Украинада бошланган воқеа ҳақида у билан суҳбатлашганмидингиз?
— Йўқ, февралда у билан гаплашмадик. Укам бу вақтда аллақачон хизмат сафарида эди. Уни ўшандаёқ Украинага ўтказиб юборган бўлишса керак. Биз бошқа-бошқа шаҳарларда яшардик. Мен бу ерга кечагина Старий Осколдан кўчиб келдим, шу ердан иш топдим (Дячук — иқтисодчи-ҳисобчи), у эса Москвада яшайди. Биз кам кўришамиз, суҳбат эса унинг иши ҳақида кетмайди, фақат юзаки гаплар. У ҳеч қачон аниқ бир нарса айтмаган.
— Урушга қандай муносабатдасиз?
— Нейтрал муносабатдаман, бундай нарсаларни тушунмайман, аралашмайман. Бу ҳақида ўйлашнинг ўзи даҳшат, шу сабабли янгиликларни кўп томоша қилмайман, тафсилотларига қизиқмайман. Илгари интернет хабарларини ҳам ўқимай ўтказиб юборардим, ҳозир эса барча янгиликлар ва интернетни кўздан қочирмаяпман — укам ҳақида қандайдир янгилик бўлиб қолар. Танишларим қўнғироқ қилиб, у ёқда нималар содир бўлаётгани ҳақида айтади. Мен бу борада бетарафман.
— Лекин қандай қилиб ҳарбий ҳаракатларга бетараф бўлиш мумкин?
— Бошқа қандай муносабатда бўлишим керак? Украинада қариндошларим бор, дадам ва у томондан кўп қариндошларим ўша ерда яшайди. Тўғри, улар билан 12 йилдан бери алоқа қилмаймиз.
Улар (украиналиклар) ҳам биз каби одам, муаммони бошқача ҳал қилишнинг имкони йўқ эди, деб ўйламайман. Ҳозир менга жуда оғир, чунки укам шундай аҳволга тушиб қолди, буни ҳеч кимга раво кўрмайман. Укам сўроқ қилинган видео остидаги изоҳларни ўқидим, уни умуман танимайдиган одамлар оғзига келганини айтиб ётибди. Укамдан ташқари, қўлга тушган яна кўплаб йигитлар бор, уларнинг қариндошлари ҳам мен каби ҳаммасини ўқиб ўтиради.
Ҳозир укамни асирга олган кишиларга нисбатан салбий муносабатдаман. Уни ҳарбийлар эмас, балки оддий фуқаролар асирга олган. Тинч аҳоли нима учун бундай қилганини тушунмайман. Укам ва у кабилар ҳарбий эканини, у ёққа ўз ихтиёри билан бормаганини, буйруқни бажаришга мажбур эканини, чунки бундай нарсаларни рад қилиб бўлмаслигини, наҳотки, улар тушунмаса? Шусиз ҳам у юрагини ҳовучлаб ўтирган бўлса-да, босим ўтказиб, ҳар томондан ҳақорат ёғдиришяпти. Ахир улар қандайдир ўн дақиқада нималар юз бериши мумкинлигини билмайди-ку.
— Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор. Юртига бошқа мамлакатдан қўшин тортиб кирилган, портлашлар ва отишмалар ичида қолган одамлар ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Улар ўз ватанини ҳимоя қилишга уриниши табиий.
— Буни тушунаман, лекин барибир бундай қилиш ақлдан эмас, улар тўғри иш қилган, деб ўйламайман. Укам ҳеч кимни ўлдирмаган, у снайпер эмас, алоқачи бўлган, шунчаки бир аҳоли пунктидан бошқасига ўтган. Улар ҳеч кимга ва ҳеч қаерга ҳужум қилиш ниятида бўлмаган. Асирлар у ерга нима мақсадда боргани билан ҳеч кимнинг иши йўқ (видеотасвирда Буганцовдан қаёққа кетаётгани ҳақида сўралганда у бензовозларни олиб кетаётганини айтади).
— Йўқотишлар, албатта, бор, лекин Мудофаа вазирлиги ҳали ҳам буни тан олмаяпти.
— Албатта, каттагина йўқотишлар бўляпти. Ҳеч ким ҳақиқатни айтмаяпти. Айтса, одамлар ваҳимага тушиб қолади, чунки одамлар ҳозир бизнинг ҳамма нарсага қодир, қудратли ва енгилмас давлат эканимизга мутлақо шубҳа қилмайди.
Украина мағлуб бўлади ва қўлга олинади, деб ўйлайди улар. Лекин Украинада ҳам одамлар яшайди, улар ҳам курашмоқда, Россияда ҳам йўқотишлар бўлиши табиий. Улар ҳақида гапирилмаса, бу уларнинг йўқлигини англатмайди.
Телевизорда кўрсатилаётган янгиликларнинг ярми — уйдирма ёки юзаки нарсалар. Буларнинг барчаси одамлар ичига ваҳима солмаслик учун қилинмоқда, чунки улар аллақачон ваҳимага тушиб бўлган. Одамлар қандайдир ғалати, тушуниш қийин бўлган ишларни қиляпти: ёқилғи ғамлаган, пул ечиб олган, қаёққадир кетаётган. Бу ердан узоқроқ жойда яшайдиган яқинларинг бўлса, ўшалар билан бирга вазият ўнгланишини кутиш яхшидир, балки.
— 2014 йилдан сўнг сиз ёки Роман Украинага қандай муносабатда бўлгансиз?
— У билан бундай мавзуларда гаплашмасдик, мен эса буни сиёсатчилар иши деб ҳисоблайман. Очиғи, шахсан менга Қрим кимга тегишли экани аҳамиятсиз. Лекин тепада бир парча ер учун бошқаларни қурбон қилишдан тоймайдиган одамлар бор. Негадир уларнинг ўзи жанг қилишга бормайди, бир ерда ўтириб, буйруқлар ўйлаб топади, қарорлар қабул қилади, одамларни ажал комига юборади.
Шу билан бирга, улар ўз қилмишини тан олмайди, уларнинг қариндошлари ҳам биз каби ожиз, яқинларига нималар бўлаётганидан мутлақо бехабар.
Тушунаман, Россия — менинг ватаним, шу мамлакат фуқароси эканлигимни биламан. Лекин бизнинг мамлакат ҳам Украина қилаётган ишни қиляпти. Улар жанговар ҳаракатларни тўхтатмаяпти ва ҳеч қандай келишувга кўнмаяпти. Улар ҳам худди шундай йўл тутмоқда ва мен Украина ва Россияга турлича муносабатда бўла олмайман. Улар одамларни қандайдир тушунарсиз сабаблар билан ўлимга юбормоқда. Одамларимиз нима учун у ерда юрганининг аниқ сабаби борми?
— Путин Украинани ҳарбийлар ва фашистлардан озод қилмоқчи эканини айтган.
— Украинани «озод қиламан» деб, ҳали ҳаётни кўрмаган, на оиласи, на фарзанди бўлган ёш йигитлар ёки уйида оиласи кутаётган кишилар ҳалок бўлмоқда. Улар қайтиб келмайди, чунки буйруқ беришдан бошқасига ярамайдиган кимдир мамлакатни озод қилмоқчи. Бундай бўлмаслиги керак, менимча. Бу адолатдан эмас. Ҳозир унда, менимча, мурожаатимни кўриш имконияти йўқ (Дячук видеомурожаат ёзиш таклифини рад қилди). Халқ эса урушни хоҳламаганди, улар (аскарлар) ҳам жанг қилишни истамаган, уларнинг фикри билан ҳеч ким қизиқмаган, шунчаки жўнатиб юборишган.
Майскийдан унча узоқ бўлмаган Комсомолскийда вазият тинчми, деган саволга Дячук ижобий жавоб берди. Комсомолскийда снаряд қулашидан бир бола жабрланган ва бешта бино жиддий зарар кўрган. Бироқ мен подъезддан чиққанимдан сўнг уч дақиқа ўтиб, узоқдан артиллериянинг бўғиқ овози эшитилди ва у яшаётган уйнинг қоқ тепасидан ҳарбийлар вертолёти пастлаб учиб ўтди.
Украина, Асирга олинган, Рус аскари, Роман Буганцов, Олга Дячук Украина ва Россия уруши “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?