09:27 / 01.03.2022
2 220

Украинадаги уруш туфайли барқарорликка таҳдид кескин кучайди

Украинадаги уруш туфайли барқарорликка таҳдид кескин кучайди
Фото: Иллюстратив фото
Бугун Россия Украинада бошлаган ҳарбий ҳаракатларнинг бешинчи куни. Россия ҳарбий операциялари давом этар экан, учинчи жаҳон урушига доир таҳдидларнинг жиддий кучаяётгани кўзга ташланмоқда. Россияга нисбатан санкциялар кучайиши ортидан Президент Владимир Путин мамлакат ядровий кучларига масъул ҳарбий бўлинмаларни жанговар ҳозирлик ҳолатига келтиришга буйруқ берди. Айни пайтда Беларусь Украинага қарши урушга расман қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар юзага чиқди.

Украина Президенти Владимир Зеленский 27 февраль куни эрталаб вазият ҳақида украинларга ҳисобот берди. Бу чиқишида у конституциявий ўзгаришлар учун овоз бераётган Беларусь халқига мурожаат қилди. Украинага, хусусан, Киевга қилинаётган ҳужумларда Беларусь муҳим ўрин тутади. Пойтахтга ташланган рус ҳарбий техникасининг аксарияти Беларусь орқали кириб келаётгани, ракета зарбалари ҳам айнан Беларусдан амалга оширилаётгани айтилмоқда.

Уруш манзарасида эса кескин бурилиш кузатилгани йўқ. Россия қўшинлари уч кундирки Киевни забт этишга уринмоқда. Украина томонига кўра, шу уч кун давомида Россия Қуролли Кучлари ўта оғир талафотлар берган, бу эса айни пайтга келиб Киев учун жанглар шиддатини бир қадар сусайтирган. Рус ҳарбийлари артиллерия ва ракета зарбаларини йўллаш билан чекланишмоқда. 27 февраль кунги шиддатли жанглар Украинанинг бошқа бир йирик шаҳри Харковга кўчди. Айрим маълумотларда рус қўшинлари шаҳарни эгаллашгани айтилса, бошқа манбаларда Харков назорати учун жанглар шаҳар марказида давом этаётгани хабар қилинмоқда. Тунда пойтахт Киев яна ўққа тутилган. Харков, Одесса, Суми, Чернигов вилоятларида жанглар кечмоқда.

Урушнинг тўртинчи куни Россия қўшинларининг Киевни забт этиш режаси жиддий қаршиликка учраганини ҳам кўрсатди. Украина томони пойтахт остонасида рус қўшинлари тўхтатилгани, аксарият ракета зарбалари бартараф қилингани, ўнлаб ҳарбий техника, жумладан, яна бир ҳарбий самолёт уриб туширилганини маълум қилди.

Урушга қарши намойишлар
Дунё бўйлаб урушга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда. Германия пойтахти Берлинда 100 мингдан зиёд одам кўчага чиқди. Минглаб одам Мадридда ҳам намойиш қилди. Испанияда яшовчи украин жамоаси вакиллари айниқса фаол. «Россия билан бир бўлишни истамаймиз. Мамлакатимизнинг мустақил бўлишини истаймиз. Европада бўлишни истаймиз. Украинада рус тилида сўзлашишни хоҳламаймиз. Путин бизни ўз ҳолимизга қўйишини хоҳлаймиз», — дейишмоқда улар.

Норозилик акциялари АҚШда ҳам бўлиб ўтмоқда. Украиналик муҳожирлар энг кўп истиқомат қиладиган Чикаго шаҳрида намойишчилар ўз мамлакатлари мадҳиясини куйлаб, урушга қарши шиорлар айтиб, бир соатдан ортиқ пикет уюштиришган. Пойтахт Вашингтонда Оқ уй қаршисида ўтказилган намойиш иштирокчилари АҚШ ҳукуматини Украинага ёрдамни кучайтиришга чақирди. Россиянинг ўзида ҳам — Москвадан то Сибиргача бир неча шаҳарларда аҳоли кўчага чиқиб, урушга норозилигини билдирмоқда.

Беларус чегарасида Украина ‒ Россия музокаралари
Беларусь Президенти Александр Лукашенко Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни Россия билан музокара бошлашга чақирган. «Кеча оқшом менга қўнғироқ қилишди. Кимлигини айтмайман. Украина элитасидан. Баъзилари мени айблашга ҳаракат қилди, аммо бошқалари ўртада туриб беришни сўрашди. Ўртада туришга ҳаракат қилаётганимни, аммо улар томондан бирор ҳаракат кўрмаётганимни айтдим», — деди Лукашенко. Музокараларни Беларусда ўтказиш таклиф этилган. Гомелда бошланаётган музокараларда Россия делегациясига президентнинг ёрдамчиси, собиқ маданият вазири Владимир Мединский бошчилик қилади. «Биз учун ҳар бир соат, ҳар бир дақиқа муҳимдир. Мулоқот қанча эрта бошланса, шунча яхши. Бу дегани украиналик биродарларимиз, оддий фуқаро, аскарлар ҳаёти сақланади», — деди Мединский.

Зеленский Беларусь билан чегарада мулоқотга розилик берди ва ўз делегациясини юборди. Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг айтишича, Киев вакиллари Россия таклифларини тинглаш учун борган, аммо Украина таслим бўлиш шартини қабул қилмайди.

Ғарб санкциялари кучайтирилади
Зиддият соясида Россияга Ғарб босими кучайиб бормоқда. Европадаги мамлакатлар халқаро санкцияларга тушган рус банкларини SWIFT халқаро тўловлар тизимидан чиқаришга келишди. Иқтисодий ва молиявий санкциялар натижасида рубль қиймати кескин тушиб кетган, банкоматларда нақд пул камомади кузатилмоқда, одамлар пул ечиб олиш учун узундан-узун навбатларда туришибди. Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасснинг айтишича, Лондон янги санкциялар қўйиш учун рус олигархлари рўйхатини тузмоқда. Германия Канцлери Олаф Шолс эса Украинага қурол берилиши, Украина Қуролли Кучларини қўллаб-қувватлаш учун салкам 100 миллиард евро ажратилиши ҳақида маълум қилиб, Германия мудофааси учун ҳам харажатлар оширилишини билдирди. «Бундан кейин ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан кўпини мудофаа учун ажратамиз», — деди Шолс парламентдаги қонунчиларга. Европа Иттифоқига аъзо кўп мамлакатлар Россия билан ҳаво сарҳадларини ёпган. Кремль ўхшаш чоралар билан жавоб қайтарди.

Аҳоли Украинани тарк этмоқда
Ҳарбий ҳаракатларда аҳолига зарар етказилмаслиги даъво қилинган бўлсада, минглаб украиналиклар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлмоқда. Бугунги кунгача уларнинг сони 300 мингга яқинлашгани айтилмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмаётган ғарбдаги Лвов шаҳри ёнида юзлаб машиналар чегара томон юришга ҳаракат қилмоқда, бироқ тирбандликда туриб қолган. Гувоҳларнинг айтишича, колонна 3 кундан бери бир жойда турибди. Аёллар ва болалар Руминия, Полша, Словакия ва Венгрияга чиқиб кетишга умид қилишмоқда.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги уруш туфайли барқарорликка таҳдид кескин кучайди