Украинада давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар сабабли кўплаб давлатлар ўз фуқароларини мамлакатдан эвакуация қилмоқда. 28 февраль куни Украинада яшаётган 251 нафар ўзбекистонлик ҳам Польша орқали Тошкент шаҳрига олиб келинди. «Дарё» мухбири эвакуация рейсларининг дастлабкисида Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбатлашди.
Киевда оиласи билан 4 йилдан бери яшаб келган Барно Собирова Польша чегарасига етиб олгунча бўлган вақтда бошидан ўтган воқеаларни сўзлаб берди.
«Украинада ‘дом'да яшардик. 24 февраль куни бомба портлаб, уйимиз деразалари тебраниб кетди. 25 февралгача уруш тўхтар деб ўйладик. Кейин эрим: ‘Тўхтамайди, шекилли, ҳамма Польшага қараб кетяпти’, — деди. Ўзимизнинг машинамиз бор эди. Биз ҳам унда Польшага қараб йўлга чиқдик. Машинада кетяпмиз, орқамизда қолган ерларда портлашлар бўляпти. Агар бир соат кечикканимизда Киевдан чиқа олмай қолар эдик. Тўғриси, ҳаётдан умидимни узгандим. Орқамиздан етиб келишади, деб ўйладим. Кўчада танклар, ‘солдат'лар турганини кўрдим. Жуда ҳам қаттиқ қўрқдим. Танклар орасидан ўтиб кетдик. Украинадан Польша чегарасига келгунча машиналар жуда тирбанд эди. Кўплари ‘авария’ бўлиб кетган. Тирбандликдан амаллаб ўтиб олдик.
Бизни яна қаттиқ қўрқитган ҳолат билмаган ҳолда бошқа йўлдан юрган эканмиз. У ердан украин аскарлари чиқди. Улар бизни душман деб ўйлашди. Ҳатто отиб ташламоқчи бўлишди. Болам ва мени кўриб, Украинадан қочиб келаётган одамлар эканимизга ишонишди. Кейин бизни қўйиб юборишди. Уларнинг автоматларини кўриб қўл-оёғим титрарди. Машинада эримнинг ўртоқлари ҳам бор эди. Улар: ‘Бир ўлиб тирилгандек бўлдик’, дейишди.
Йўлда 2 кун юрдик. Эрим машинани ухламасдан ҳайдади. Тирбандликда ‘авария’ бўлиб ётган машиналарни кўриб қўрқдим. Биз бу йўллардан ўта олармиканмиз, юртимизга қайта олармикинмиз, деб роса ўйладим. Кейин Польша чегарасига келдик. У ерда бизни Ўзбекистон элчихонаси ходимлари яхши кутиб олди. Озиқ-овқат билан таъминлашди. Президентимизга Польшага самолёт қўйганлари учун раҳмат айтамиз. Худога шукр, ватанга қайтиш насиб қилди.
Машинамиз ҳозир Украина—Польша чегарасида қолган. Эрим ҳам Польшада қолиб кетдилар. Чунки анчадан бери Украинада яшаётган эдик. Энг ёмони, йиллар давомида топган пулларимизнинг ҳаммаси қолиб кетди. Бир тийин пулсиз йўлга чиқдик. Шунинг учун эрим пул ишлаб кейин бораман, деб қолди», – дейди илк рейс билан Тошкент шаҳрига учиб келган хоразмлик йўловчи.
Яна бир йўловчи Шаҳриёр Эшонов ҳам Киев шаҳрида яшагани, Ўзбекистонга қайтгунча нималар юз бергани ҳақида гапирди.
«Украинада уруш бошланган вақтда бир кеча метрода тунаб қолдик. Эртасига Польшага қараб йўл олдик. Биз Киевдан чиқиб кетганимиздан сўнг, кўприк портлатилиб, шаҳарда уруш бошланиб кетган. Биздан 2 километр узоқликда кучли портлаш овози эшитилди. Бомба портлаганда ер қимирлаб кетди. Кўчаларда одамлар ҳам, машиналар ҳам жуда кам эди. Бор машиналар ҳам бошқа давлат ёки шаҳарга кетаётганларга тегишли. У ерда ўзбеклар бир-бирига ёрдам берди. Машинаси борлари қолган ватандошларини Львовгача элтиб қўйди. Польшага борганимизда Ўзбекистон элчихонаси вакиллари бизни кутиб олишди. Биз учун ҳамма шароитлар яратиб берилди. Ўзбекистон ҳукуматига раҳмат», – деди у.
Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг таъкидлашича, Украинадан эвакуация қилинадиган ўзбекистонликлар учун етарлича рейслар йўлга қўйилади.
«Ҳукуматимиз томонидан Украинадаги фуқароларимизни эвакуация қилиш, уларни мамлакатга хавфсиз етказиб келиш бўйича тизимли ишлар қилиняпти. Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан махсус тезкор штаб ташкил этилган. Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги фуқароларимизни мамлакатнинг турли шаҳарларидан тўплаб, Польша ҳудудига олиб ўтмоқда ва у ердан махсус рейслар орқали Ўзбекистонга жўнатмоқда. Рейсларнинг барчаси ҳукумат томонидан бепул амалга оширилмоқда. Ушбу рейсларда келган йўловчилардан чипта учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди. Шу ўринда айрим ижтимоий тармоқларда мазкур рейсларга чипталар сотилаётгани ҳақидаги турли ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Фуқароларимиздан бу каби хабарларга ишонмасликларини сўраб қоламиз. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда фуқароларни Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хавфсиз ҳудуд — Польшага олиб ўтилиши билан яна қўшимча рейсларни ташкил этилиши кўзда тутилган», — деди вазирлик вакили.
Аввалроқ 28 февраль куни Украинадан Ўзбекистонга 251 нафар фуқаро махсус рейслар орқали олиб келингани хабар қилинганди. 1 март куни эса яна 258 киши Тошкент халқаро аэропортига етиб келди.
Маълумот учун, Украина ҳудудида бўлган 1,5 минг нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароси Польша орқали эвакуация қилинади. Айни пайтгача учинчи самолёт эвакуация қилинаётган ўзбекистонликларни Польшадан Тошкент халқаро аэропортига олиб келмоқда. 2 март куни яна иккита рейс амалга оширилиши режалаштирилган.
Украина, Ўзбекистон фуқаролари, Эвакуация, Польша орқали, Махсус рейс Украина ва Россия уруши “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?