13:07 / 04.03.2022
1 134

Испанияда апельсиндан электр энергия олинмоқда

Испанияда апельсиндан электр энергия олинмоқда
Фото: Getty Images
Испаниянинг Севилья шаҳри маъмурияти истеъмолга яроқсиз апельсинлардан электр энергия олишни йўлга қўйди, деб хабар беради TRT.

Севилья дунёнинг апельсин пойтахти деб аталиши бежиз эмас. Зеро, бу қадимий шаҳарда оз эмас, нақ 50 минг тупдан зиёд пўртаҳол дарахти ўсади, йилига 5,7 млн кг ҳосил етиштирилади. Аммо мазкур ҳосилнинг салмоқли қисми ейишга яроқсиздир. Илгари тахир ва аччиқ апельсинлар чорвага едирилар, қисман парфюмерия саноатида ишлатилар эди. Энди эса омилкор ва тадбиркор севильяликлар ушбу цитрус мевадан электр энергия олаётир.

Апельсиндан энергия олиш усули нисбатан содда: мева шарбати таркибидаги шакар моддасидан биогаз ажратиб олинади, кейинги босқичда биогаз электр энергияга айлантирилади. Шарбати сиқиб олинган мева ҳам чиқитга чиқмайди, пўстлоқ ва пўчоқдан минерал ўғит сифатида фойдаланилади.

Euronews хабарига кўра, экологик тоза энергиядан ҳозирча сув тозалаш тизимида истифода этилмоқда.

Ишлаб чиқариш ҳажми ошиши билан энергияни шаҳар электр тармоғига ҳам берилиши кўзда тутилган. Шаҳар кўчаларида тўкилиб ётадиган аччиқ апельсиндан электр олишнинг йўлга қўйилиши ўзига хос инновация ўлароқ баҳоланмоқда. Севилья маъмурияти бир ўқ билан икки қуён урмоқда: аввало, сайёҳлар қадами узилмайдиган шаҳар тозалиги таъминланади; қолаверса, катта харажатсиз қимматли энергия захираси яратилади.

Испанияда атмосферага чиқаётган заҳарли газлар миқдорини 90 фоизга қадар камайтириш ва 2050 йилга қадар бутунлай қайта тиклагувчи энергия манбаларига ўтиш дастури қабул қилинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Испанияда апельсиндан электр энергия олинмоқда