21:39 / 13.03.2022
1 585

Назарбоевнинг яқин қариндоши ҳибсга олинди

Назарбоевнинг яқин қариндоши ҳибсга олинди
Фото: «Tengrinews»
Нурсултон Назарбоевнинг яқин қариндоши Қайрат Сатибалдиули ҳибсга олинди. Бу ҳақда Қозоғистон коррупцияга қарши кураш хизматига асосланиб «Tengrinews» хабар берди.

«Коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан «Қозоқтелеком» АК бўйича мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва йирик миқдордаги маблағларини ўзлаштиришга доир жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қайрат Сатибалдиули ушбу жиноятларни содир этишда гумонланиб қўлга олинди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Сатибалдиулининг миллий хавфсизликка путур етказувчи бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳам текшириляпти.

«Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. ЖПКнинг 201-моддасига кўра, бошқа маълумотлар тергов манфаатларини кўзлаб ошкор этилиши мумкин эмас», — дейилади бошқарма хабарида.

Қайрат Сатибалдиули — Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли. «Forbes Kazakhstan» талқинига кўра, у мамлакатнинг энг йирик тадбиркорларидан бири бўлиб, бойлиги $163 миллионга баҳоланган. 2015 йилдан 2018 йилга қадар Қозоғистондаги энг йирик банклардан бири — «Kaspi»нинг акциядорларидан бўлган. 2016 йили ўзининг «Alatau Capital Invest» компанияси орқали «Қозоқтелеком» акцияларининг 4 фоизга яқинини сотиб олган.

Давлат хизматларида ишлаган, пойтахт ҳокимига ўринбосар бўлган, миллий компанияларда раҳбарлик қилган.

«Қозоқтелеком» — мамлакатдаги энг йирик телекоммуникация оператори. Хусусан, «Kcell» мобил алоқа компаниясининг 51 фоиз акциясига, «Мобайл Телеком Сервис» МЧЖга эса тўлиқ эгалик қилади. Ўз навбатида, «Қозоқтелеком»нинг асосий акциядори «Самрук-Казин» (45,9 фоиз) давлат фонди ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Назарбоевнинг яқин қариндоши ҳибсга олинди