09:43 / 18.03.2022
1 775

Хитой Путиннинг Украинага ҳужум уюштириш режасидан бехабар бўлганини маълум қилди

Хитой Путиннинг Украинага ҳужум уюштириш режасидан бехабар бўлганини маълум қилди
Хитой Россиянинг Украинада уруш бошлаш режасини билмаганини, агар хабардор бўлганида унинг олдини олишга уриниб кўрган бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда Хитойнинг АҚШдаги элчиси Син Ган Washington Post газетасига ёзган мақоласида таъкидлаган.

Элчининг ёзишича, ушбу урушдан Хитойга фойда йўқ. «Рухсат берсангиз шуни маълум қилмоқчиманки, Хитой бу урушни билган, унга рози бўлган ёки жим туриб қўллаб-қувватлаган деган даъволар ёлғон хабарлардир. Мазкур баёнотларнинг барчаси Хитойга айбни юклаш ва уни балчиққа белашга хизмат қилади», — дейди Син Ган.

Унинг таъкидлашича, Хитой ҳам Россия, ҳам Украинанинг йирик савдо шериги, шунингдек, дунёда энг йирик нефть ва табиий газ импортчиси ҳисобланади. Элчининг қўшимча қилишича, Украинага ҳужум уюштирилган вақтда у ерда 6 мингдан ортиқ Хитой фуқароси бўлган.

«Россия ва Украина ўртасидаги можаро Хитойнинг фойдасига хизмат қилмаяпти. Агарда Хитой муқаррар инқироздан хабардор бўлганида, унинг олдини олиш учун барча имкониятини ишга солган бўларди», — дея таъкидлайди Син Ган.

Хитойлик дипломатнинг сўзларига кўра, барча давлатларнинг, жумладан, Украинанинг ҳам суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши керак. «Украинага нисбатан Хитойнинг позицияси холис ва бетараф: БМТ низомидаги тамойилларга тўлиқ риоя қилиниши лозим», — дейди у.

Шу билан бирга, элчи Тайван ва Украинани ўзаро боғламасликка чақирган.

«Украина — суверен давлат, Тайван — Хитой ҳудудининг ажралмас қисми. Тайван масаласи — бу Хитойнинг ички иши», дея маълум қилади Син Ган. У Хитой Украинада тинчлик ўртаниш тарафдори эканини ва «имконияти доирасида барча ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини» билдирган.

Элчи Хитойнинг якуний мақсади урушни тугатиш ҳамда минтақа ва дунёда тинчликни қўллаб-қувватлаш эканини таъкидлаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой Путиннинг Украинага ҳужум уюштириш режасидан бехабар бўлганини маълум қилди