12:30 / 22.03.2022
1 383

Тафсилотлар: Хитойда бортида 132 киши бўлган самолёт ҳалокатга учради

Тафсилотлар: Хитойда бортида 132 киши бўлган самолёт ҳалокатга учради
Фото: Global Look Press
Хитой фуқаро авиацияси бошқармаси Кунминдан Гуанчжоуга учаётган China Eastern Airlines компаниясининг "Боинг 737" самолёти ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берди.

Ушбу маълумотларга кўра, бортда 132 киши, жумладан 123 йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси бўлган. Хитой давлат телевидениеси CCTV аввалроқ воқеа натижасида тоғларда ёнғин бошлангани ҳақида хабар берган эди.

Самолёт Гуанси-Чжуан автоном вилоятининг Учжоу шаҳар округи, Тэн туманидаги тоғли ҳудудга қулади, деб хабар берди «ТАСС».

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, қутқарувчилар воқеа жойига етиб борган. Баъзи ОАВ Хитой қутқарув хизмати расмийсига иқтибос келтирган ҳолда самолёт қулаши чоғида парчаланиб кетганини маълум қилди.

Воқеа жойида 600 дан ортиқ қутқарувчилар ишламоқда. Ҳалокатдан кейин тоғларда чиққан ёнғин ўчирилди.

Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда самолёт қулаган ҳудудда олинган кадрларни жойлаштирмоқда. Уларда "Боинг"нинг парчалари, шунингдек, олов ва тутунни кўриш мумкин.

Хитой етакчиси Си Цзиньпин воқеа юзасидан зудлик билан тергов ўтказишни буюрди, Хитойнинг China Eastern Airlines авиакомпанияси ўзининг барча "Боинг 737" рейсларини тўхтатгани ҳақида хабар берди.

Ҳалокат сабаблари ҳақида маълумот берилмаган. Ҳалокатга учраган авиалайнер йўловчиларининг яқинлари учун расмийлар махсус алоқа линиясини ишга туширди.

Flightradar24 маълумотларига кўра, ҳалокатга учраган "Боинг 737-800" етти йил аввал ишлаб чиқарилган. Ушбу сайт маълумотларига кўра, самолёт маҳаллий вақт билан 13:11 да ҳавога кўтарилган ва тахминан 980 метр баландликда, соат 14:22 да радарлардан ғойиб бўлган. У маҳаллий вақт билан 15:05 да қўниши керак эди.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Хитой авиация саноатининг хавфсизлик кўрсаткичлари дунёдаги энг яхшиларидан биридир. “Рейтер” агентлиги Aviation Safety Network сайтига таяниб ёзишича, Хитойда одамлар ўлими билан боғлиқ авиацион ҳодиса охирги марта 2010 йилда юз берган, ўшанда Henan Airlines минтақавий авиакомпаниясининг Embraer E-190 лайнери паст кўриш масофаси шароитида қўниш вақтида ҳалокатга учраган, бортдаги 96 кишидан 44 киши ҳалок бўлган.

China Eastern авиакомпанияси давлатга тегишли бўлиб, Хитойдаги учта энг йирик авиакомпаниядан биридир, қолган иккита бозор етакчиси - China Southern ва Air China ҳисобланади.

21 март куни Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинга Хитойда йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани муносабати билан ҳамдардлик йўллади.

Президент Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинга Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном ҳудудидаги Учжоу шаҳри яқинида йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани муносабати билан ҳамдардлик йўллади”, дейилади расмий хабарда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тафсилотлар: Хитойда бортида 132 киши бўлган самолёт ҳалокатга учради