
Фото: АА
Украинадаги уруш дунё ҳамжамиятининг воқеликка нохолис ёндашуви – икки хил стандартлар сиёсатини яна бир карра фош этди, дейди Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли. Туркия бош дипломати бу хусусда Покистон пойтахти Исломободда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари ташқи ишлар вазирларининг мажлисида гапирган.
Қайд этилишича, халқаро ҳамжамият Украинадаги уруш борасида жипс ҳаракат қилгани эътирофга лойиқ. Аммо хунрезлик давом этаётган бошқа минтақаларга бунчалик эътибор қаратилмаётир. Ҳатто айрим етакчи оммавий ахборот воситалари Украина ҳамда Яқин Шарқ қочқинларини муқояса этар экан, ирқий камситишга йўл қўйди. Туркия ТИВга кўра, дунёнинг турли минтақаларидаги хунрезликларни фарқли мезонларга кўра баҳолаш номақбулдир. Зеро, бундай янглиш ёндашув ахлоқийлик ва инсонийликка зид саналади.
«Туркия Харьков ёки Ҳалабдаги инсонларнинг ҳалок бўлишини бирдек фожиа деб билади», – дейди Човушўғли.
Туркия вазири ўз чиқишида Фаластин, Кашмир, Кипр, Шинжондаги мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига ҳам тўхталди. Хусусан, Хитойнинг Шинжон уйғур-мухтор ўлкасидаги мусулмонлар диний-маданий қадриятларини сақлашда мушкулотларга дуч келаётганини қайд этган Човушўғли вазиятни ўнглаш лозимлигини урғулади.
«Биз бу мамлакат билан (Хитой назарда тутилмоқда – таҳр.) муносабатларингизни ёмонлашингизни асло истамаймиз. Билъакс, дўстона муносабатлардан уйғур жамоаси аҳволини яхшилаш мақсадида фойдаланишни тавсия этамиз», – деди турк дипломати.
М.Човушўғли мусулмонлар дуч келаётган муаммоларни ҳал этишда Ислом ҳамкорлик ташкилоти фаол ва якдил бўлиши лозимлиги, бу борада ташкилот ўз фаолиятига танқидий баҳо бергани маъқул эканини таъкидлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар