20:45 / 27.03.2022
1 435

Байден америкалик миллиардерларнинг даромадига 20 фоиз солиқ жорий этишга қарор қилди

Байден америкалик миллиардерларнинг даромадига 20 фоиз солиқ жорий этишга қарор қилди
Фото: Getty Images
АҚШ президенти Жо Байден жами активларининг қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган уй хўжаликларига 20 фоизлик солиқ ставкаси жорий этишни назарда тутадиган янги «миллиардерлар учун минимал даромад солиғи»ни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Америка оммавий ахборот воситалари, хусусан, CNBC ва CNN телеканаллари, шунингдек, The Washington Post Оқ уйда тайёрланган ҳужжатлар ва манбаларга таяниб хабар бермоқда.

Нашрлар қайд этишича, Байден маъмурияти янги солиқни 2023 йилги бюджетнинг бир қисми сифатида таклиф қилмоқда. WP маълумотларига кўра, Америкада 700 дан ортиқ хонадон 100 миллион доллардан ортиқ қийматдаги мулкка эга.

«Миллиардерлар учун минимал даромад солиғи энг бадавлат америкаликларнинг умумий даромадлари, шу жумладан реализация қилинмаган фойдасининг камида 20 фоизи миқдорида солиқ тўлашини таъминлайди», — дея ҳужжатдан нусха келтирган CNN. Унда айтилишича, «энг бой америкаликлар бундан буён ўқитувчи ва ўт ўчирувчилардан кам солиқ тўламайди».

Агар солиқ кутилганидек амалга оширилса, келгуси ўн йил ичида бюджет тақчиллигини тахминан 360 миллиард долларга қисқартиради.

Оқ уй томонидан ўтган йилнинг сентябрь ойида тақдим этилган ҳисоб-китобларга кўра, 2010 йилдан 2018 йилгача АҚШнинг энг бой 400 та оиласи 1,8 триллион доллар даромад учун ўртача 8,2 фоиз федерал даромад солиғини тўлаган.

«Миллиардер солиғи»ни жорий этиш ташаббуси 2021 йили Орегон штатидан демократ сенатор Рон Уайден томонидан эълон қилинганди. Унинг режасига кўра, АҚШнинг энг бой одамлари сотиладиган акциялар ва облигациялар қийматининг ўсиши билан йиллик 23,8 фоиз солиқ тўлаши керак. Демократларнинг фикрича, қонун Байден маъмуриятининг ижтимоий дастурини молиялаштиришга имкон беради.

Бунга АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп қарши чиққан, у солиқ тушумларининг ошиши миллиардерларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилишини айтган. SpaceX раҳбари Илон Маск ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватламаган ва ҳатто «100 фоиз солиқ жорий этиш» ҳам АҚШнинг қарз муаммосини ҳал қилмаслигига ишора қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Байден америкалик миллиардерларнинг даромадига 20 фоиз солиқ жорий этишга қарор қилди