Украина президенти Владимир Зеленский Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтган форумда онлайн тарзда иштирок этди. Зеленский нутқини “Ассалому алайкум” деб бошлади ва “Украина мусулмонлари Рамазон ойида қўлларида қурол билан ўз ватанларини ҳимоя қилишга мажбур бўладилар” деди.
Украина Президенти Владимир Зеленский бир ойдан ортиқ вақтдан буён ўз ватанига ҳужум қилган Россияни тўхтатиш учун дипломатик чоралар излашдан тўхтамаяпти. Қатар пойтахтида ўтказилган Доҳа форумида сиёсатчиларга мурожаат қилган Зеленский яқинлашиб келаётган Рамазон ойи ва дунёда юзага келиши мумкин бўлган озиқ-овқат инқирозига тўхталди. Қуйида унинг фикрлари билан танишишингиз мумкин.
"Ядро қуроллари бутун дунёга таҳдид солмоқда"
"Билганингиздек, сизга мурожаат қилмоқчиман. Ассалому алайкум. Бу сўзлар Сизга тинчлик тилайман, дегани, аммо афсуски, бу неъмат ҳозир Украинада йўқ. Чунки Россия тинч ва осуда ватанимизга тажовуз этди. Россия Украинадан 28 марта катта ва дунёдаги энг йирик давлатлардан бири. Аммо бу уларга кифоя қилмаяпти. Россия ҳукумати бизнинг еримизни тортиб олиб, миллатимиздан қулдек фойдаланмоқчи. Лекин 31 кун давомида Украина ўзидан 28 марта катта мамлакатга қаршилик кўрсатмоқда.
Россия Украинани олгандан кейин тўхтайдими?.. Мустамлакачилик талаблари ҳеч қачон тугамайди. Россия нотинчлик даврининг қайтишини истайди. Сизлар халқингиз орасида адолат бўлиши учун қўлингиздан келганини қиляпсиз, лекин биз 31 кундан бери адолат излаяпмиз. Мен БМТнинг ёрдамини қадрлайман, лекин у адолатни таъминламайди. Россиянинг Украинага нисбатан қилгани адолатсизликдир. Улар муттасил ядро қуроли билан қўрқитишади, қўрқитишаверишади. Улар нафақат бир давлат, балки бутун дунёга ядро қуроли билан таҳдид қилмоқда. Энди дунёда ядровий ёки кимёвий қурол ишлатилса нима бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас”.
“Россияга қарши курашишимиз керак"
“Украина 90 йилларда дунёда 3-ўринни эгаллаган ядро қуролини топшириб юборди. Бунинг эвазига у мамлакатнинг, жумладан, Россиядан бошқа давлатлар учун хавфсизлиги учун ёзма кафолат олди. Аммо афсуски мазкур ваъдалар бизга кафолат бермади. Энди хавфсизлигимизни ваъда қилган давлатлардан бири Россияга қарши курашишимиз керак бўляпти. Бу адолатсизликнинг ёрқин намунасидир. Бошқа давлатлар нима қилади, улар ҳам ўзларини эҳтимолий ҳужумдан ҳимоя қилиш учун ядро қуролига эга бўлишларини хоҳлайдиларми? Бу ҳамма учун жуда хавфли”.
"Масжидлар нишонда"
“Рус бомбаларидан масжидлар ҳам омон қолмади. Шаҳарларимизни қаранг, айниқса, вайронага айланган Мариупол шаҳрига. Украина турли миллат ва динларга мезбонлик қиладиган давлат. Украинада бир миллиондан ортиқ мусулмон яшайди. Рус ракеталари бутун халқимизга таҳдид солмоқда. Биргина Мариупол шаҳриданинг ўзида 4000 мусулмон бор эди. 3 ҳафтадан бери Мариуполдаги масжидларда 80 нафарга яқин одам жон сақлаяпти, улар орасида болалар, аёллар ва қариялар ҳам бор. Барча йўллар ёпиқ. Руслар армия бу ҳудудга инсонпарварлик ёрдамлари келишига тўсқинлик қилмоқда. Ҳозир ҳеч нарса йўқ”.
"10 млн украиналик уйини ташлаб кетди"
“Улар кечаю кундуз бомбардимон қилмоқда ва шаҳарнинг 90 фоизи вайрон бўлди. Бу ерда минглаб одам ҳалок бўляпти, лекин Россия бунинг учун жазо олмайди. Мусулмонлар яшайдиган Қримни босиб олгани учун ҳам жазоланмади. Ушбу 31 кунлик рус истилоси даврида 59 та ибодатхона, жумладан, масжид ва черковлар, 200 та мактаб ва ўнлаб касалхоналар вайрон қилинди. Яна 10 миллион украиналик ўз иссиқ уйини ташлаб кетди ва 3,5 миллиондан ортиқ украиналиклар ўз мамлакатини тарк этишга мажбур бўлди. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Бу қочқинлар инқирози деб ҳисобланади. Лекин ҳақиқий инқироз олдинда”.
"Ғалла инқирозининг олдини олишимиз керак!"
"Украина дунёдаги энг муҳим нефт, буғдой ва маккажўхори экспортчиларидан бири. Дунё Covid-19 эпидемиясидан кейин ўзини тиклай олмади ва озиқ-овқат таъминоти хавф остида. Руслар дон экишни олдини олиш учун далаларимизни ҳароб қилишяпти. Улар портларимизни ишғол этишди. Юртимизда озиқ-овқат етарли, лекин экспортга монелик кўплаб мамлакатларга таъсир қилади. Ислом давлатлари, Лотин Америкаси давлатлари ва бошқа мамлакатлар зарар кўради. Дунёда ғалла инқирозининг олдини олишимиз керак. Россияга қўйилган барча санкциялар уни тинчликка мажбурлайди, деган умидим бор”.
"Украиналик мусулмонлар рамазонда ҳам юртимизни ҳимоя қилади"
"Европанинг Россия гази ва нефтини сотиб олишни бекор қилиш учун вақт керак. Қатар энергия жиҳатидан истиқболли ҳамкор ҳисобланади. Европанинг келажаги сизнинг санкцияларингизга боғлиқ. Энергия ресурсларингизни ишлаб чиқаришни кўпайтиринг. Россия энергия масаласини дунёга таҳдид солувчи қурол сифатида ишлатмаслиги керак. Бир ҳафтадан кейин муборак рамазон ойи бошланади. Бу ойнинг аҳамияти ва мазмунини ортиқча тушунтиришимиз шарт эмас. Буни бутун дунё билади ва ҳурмат қилади.
Украина мусулмонлари рўза тутган ҳолда қўлларида қурол билан ўз ватанлари ва эркинликларини ҳимоя қилишлари керак бўлади. Биз кўпроқ ҳамкорлик қилишимиз ва рамазон ойи Россияни тинчликка ундаб, унинг ўзига келишини таъминлашимиз керак. Биз халқаро қонун қоидаларни нафақат Украина учун, балки ҳамма учун ҳимоя қилишимиз керак. Биз Афғонистон, Ироқ, Сурия, Яман ва Сомалида тинчлик ўрнатилиши учун ҳаракат қилишимиз керак. Яшасин Украина!” дея ўз нуқтини якунлаган Украина президенти Владимир Зеленский.
Зеленский, Мусулмонлар, Ассалому алайкум, Рамазон ойи “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Жиззахда Cobalt катта тезликда икки қизчани уриб юборди