14:25 / 29.03.2022
1 694

Ердан ташқаридаги ҳаёт: Ўзга сайёраликлар борми?

Ердан ташқаридаги ҳаёт: Ўзга сайёраликлар борми?
Қарийб 2 йил олдин Пенатгон номаълум учар жисмлар тасвири туширилган видеоларни эълон қилгач, ўзга сайёраликлар мавзуси қайта жонланди. АҚШнинг айрим разведка ходимлари ҳукумат ўзга сайёраликлар ҳақидаги ҳақиқатларни оммадан сир тутади деган фикрда. Хўш, номаълум учар жисмлар ҳақида ҳозиргача илм-фанга нималар маълум?

Ўзга сайёраликлар кемаси деб эълон қилинган илк фотолар
Ер сайёрасидан ташқарида ҳам жонли ёки онгли мавжудотларнинг бор ёки йўқлиги баҳсли бўлиб келган. Буни ҳақиқат деб, ҳатто ўзга сайёраликлар кемаси суратларини эълон қилган илк одам Швейцария фуқароси Билли Мейер эди.

Билли Мейер эълон қилган сурат
У ўзга сайёраликлар билан алоқада бўлгани ҳақида 1970 йилларда айтиб чиққан. Билли ўзга сайёраликларни илк марта 5 ёшида кўрганини таъкидлаган.

Билли Мейер 1976 йилда намойиш қилган суратлар 1979 йилда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари собиқ учувчиси Вендел Стивенс китобида ва кейинчалик АҚШнинг “X-Files” илмий-фантастик дастури рекламасида ҳам пайдо бўлади.

Тасвирлар хиралашган, сузиб юрган шаклдаги металл доғларга ўхшайди. Шунинг учун ҳам уфолог (номаълум учар жисмларни ўрганувчи мутахассис)лар бу расмларга скептик руҳда қарашади. Ҳозиргача фотолар ҳақиқий ёки сохталиги бўйича аниқ хулоса берилмаган.

Билли Мейер эълон қилган сурат
Бошқа номаълум жисмлар
Коинот бепоён, ундаги жисмларнинг сон-саноғи чексиз. Улардан айримлари телескопларга тушиб қолиб, инсониятнинг номаълум жисмларни аниқлашга бўлган қизиқишини уйғотиб юборади. 2017 йил 19 октябрда канадалик астрофизик Роберт Верик Ҳаваида жойлашган Haleakala обсерваториясидаги телескоп орқали Ердан 33 миллион километр узоқликда бўлган жисм учиб ўтганини аниқлайди. Унга ʻOumuamua деб ном берилади.

ʻOumuamua объекти
ʻOumuamua – узунлиги 100–1000 метр, кенглиги 35–167 метр атрофидаги жисм бўлган. 2019 йилнинг июл ойида астрономлар ʻOumuamua табиий объект бўлиши мумкин деган хулосага келишди. Айримлар эса, унинг нотаниш технология маҳсули деган фикрни илгари сурган. Аммо иккинчи фикрни исботлаш учун етарли далил топилмаган. 2021 йилнинг мартида “ʻOumuamua’ Плутонга ўхшаган Қуёш тизимидан ташқаридаги сайёра бўлиши мумкин” деган тахминий хулоса берилган.

ʻOumuamua'га ўхшаш яна бир номаълум жисм 2019 йилнинг 30 августида аниқланган. Буни рус астрономи Геннадий Владимирович Борисов аниқлаган ва унга 2 I/Borisov номи берилган. Ҳозир шундай коинотлараро номаълум жисмларни ўрганиш бўйича Lyra лойиҳаси ишга тушган.

2 I/Borisov объекти
Номаълум учар жисмлар акс этган видеога Пентагон изоҳи
Номаълум учар жисмлар ҳақидаги шубҳаларни қайта юзага чиқарган воқеалардан бири 2020 йил апрелида Пентагон сайтида эълон қилинган НУЖлар тасвири туширилган 3та видеобўлди. Видеолар 2004 ва 2015 йилларда олинган бўлиб, уларнинг ҳақиқийлигини АҚШ денгиз ҳарбий кучлари ҳам тасдиқлаган. Воқеа шов-шувга сабаб бўлганди. Бу бўйича АҚШ ҳукуматининг узоқ кутилган баёноти эса 2021 йилнинг июн ойида эълон қилинди.

Унга кўра, видеода тасвирга туширилган жисмлар айнан нима экани аниқ эмас. Баёнотда номаълум жисм қуш, дрон каби кенг тарқалган учар объект, АҚШ ҳукумати ёки бирор хусусий ташкилотнинг янги ишланмалари, муз парчаси каби атмосферавий ҳодиса ёки хорижий рақобатчилар жойлаштирган технологиялар бўлиши мумкинлиги айтилган.

Пентагон сайтида эълон қилинган номаълум учар жисмлар
Воқеадан кейин Пентагон 2021 йил августида НУЖларни ўрганиш учун Unidentified Aerial Phenomena Task Force'ни ташкил қилди. Маълумотларга кўра, охирги 20 йилда Пентагон эълон қилган видеога ўхшаш 144та ўрганилмаган самовий ҳодиса кузатилган.

Уфологлар АҚШ ўзга сайёраликлар ҳақидаги далилларни бости-бости қилиб келади деган фикрда. Шунинг учун ҳам АҚШ жамияти бир неча йиллардан бери ҳукуматдан ҳақиқатларни талаб қилиб келади, турли чиқишлар қилади.

Ўзга сайёраликларга АҚШнинг собиқ президентлари муносабати
Номаълум учар жисмлар ҳақидаги қарашлар АҚШ сайлов кампанияларини ҳам четлаб ўтмаган. Масалан, Ҳиллари Клинтон сайлов кампанияси менежери Жон Подеста мавзуга америкаликлар қизиқишини яхши билиб, вазиятдан фойдаланган. У сайловчиларга Клинтон сайланса, ўзга сайёраликлар ҳақида ҳукуматнинг махфий ҳисоботларини эълон қилишига ваъда беради.

Массачусетсда суратга олинган номаълум жисмлар. 1952 йил
Доналд Трамп АҚШ президентлиги вақтида ўзга сайёраликлар ҳақида билганларини ҳатто оиласига ҳам ошкор қилмаслигини айтган.

Ўзга сайёраликлар ҳақида билганларимни айтмайман, аммо улар жуда қизиқ”, – деган Трамп.

АҚШнинг 44-президенти Барак Обама эса журналистларга ҳукуматда номаълум учар жисмлар ёки космик кемаларни ўрганадиган лаборатория йўқ деган фикрни айтган. Аммо бу мавзуда ўз шахсий қарашларини ҳам яширмаган.

Тўғри, осмонда қандайдир жисмлар, излар бор, аммо биз уларнинг қандай ҳаракат қилгани ва траекториясини тушунтириб бериш имконига эга эмасмиз. Аммо инсонлар буни чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилишдан тўхташмайди”, – деган у.

АҚШнинг айрим разведка ходимлари эса номаълум учар жисмлар ҳақидаги маълумотлар оммага ошкор қилинганидан кўпроқ эканига ишонади.

Ўзга сайёраликларни излаётган давлатлар
АҚШнинг собиқ сенатори Ҳарри Риднинг айтишича, дунёда бу мавзуни ўрганаётган яна бир нечта давлатлар бор.

Номаълум учар жисмлар бўйича Хитой ва Россияда ҳам тадқиқотлар бор. Шунинг учун бу мавзуни биз ҳам ўрганганимиз маъқул, деган у 2019 йил Nevada Newsmakers нашрига берган интервьюсида.

Исроил космик бошқармаси собиқ раҳбари Хаим Эшед маҳаллий газеталардан бирига берган интервьюсида Трампнинг Ер ва ўзга сайёраликлар ўртасида шартнома борлигини айтиш арафасида экани, аммо “оммавий ғалаён” пайдо бўлишидан қўрқиб, фикрини ўзгартирганини маълум қилган.

НАСА ўзга сайёраликлар ҳақида нима дейди?
НАСА агентлигининг асосий мақсадларидан бири – коинотда ҳаёт мавжудлигига оид белгиларни қидириш. Ҳозиргача НАСА Ердан ташқарида ҳаёт борлиги ҳақида аниқ далил топмаган. Бироқ у “биз коинотда ёлғиз эмаслигимизни исботловчи ва шунга оид асосий саволларга жавоб топиш учун” Қуёш системасини тадқиқ қилиб келади. Агентликнинг астробиология дастури Ердан ташқаридаги ҳаётнинг пайдо бўлиши, ривожланиши кабиларни ўрганади.

Агентлик ўзга сайёраликларни доимий равишда қидирмайди. Бироқ сунъий йўлдошлари орқали дунёнинг бошқа космик агентликлари билан ҳамкорликда Ер атмосфераси ҳақида кенг қамровли маълумотлар йиғади. Маълумотлар номаълум жисмларни аниқлаш учун махсус йиғилмаган, исталган одам улардан фойдаланиши мумкин.

"Ердан ташқарида ҳаёт бўлиши мумкин ва албатта, бунинг эҳтимоли бор. Фан доимо янги нарса топиш мақсадида ривожланади. Бироқ биз ҳали Ердан ташқарида ҳаёт борлигини аниқлаганимиз йўқ. Аммо уни қидиришда давом этамиз”, – дейилган агентлик сайтида.

“Бошқа сайёралардан юборилган сигнал Ергача етиб келмайди”
Ўзбек астрофизиги, физика-математика фанлари доктори, профессор, Жаҳон Фанлар Академияси аъзоси Бобомурод Аҳмедов Ердан ташқарида ҳам жонли мавжудотлар борлигига ишонади. Фақат масофа жуда узоқ бўлгани учун улар Ерга ёки Ердан уларга юборилган сигнал етиб бормайди.

Олимнинг сўзларига кўра, ҳозир кўплаб экзосайёралар аниқланяпти ва уларнинг ҳар бирида қандайдир турдаги ҳаёт бор. Улар жуда зич юлдузлар орасида жойлашган. Ва атрофида фазовий ҳодисалар ҳам тез-тез рўй беради. Балки шунинг учун у ерда маълум турдаги ҳаёт ривожланишига имкон йўқдир.

Ер эса жуда сокин ва хавфсиз жойда жойлашган, – дейди Аҳмедов. – Турли астрономик ҳодисалар Ерга хавф туғдирмайди ва бу жойда яшаш учун шароит бор. Ердан ташқарида онгли мавжудотлар борлиги ҳақида ҳозирча бизга ҳеч нарса маълум эмас. Бор бўлса ҳам улар ва Ер ўртасидаги масофа жуда узоқ ва улар юборган сигнал бизгача етиб келмайди”.

Ислом динининг муносабати
Ўзга оламларнинг мавжуд ёки йўқлиги борасида ислом олимлари турли мулоқазаларни билдиришган. Бу мавзуда мусулмон одамнинг муносабати қандай бўлиши кераклиги борасида диний уламо Мубашшир Аҳмаднинг жавобини келтиришни лозим топдик.

Ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир” (“Нахл сураси, 8-оят).

— Бошқа юлдуз ва сайёраларда ҳам ҳаёт мавжудлиги ҳақида илмий изланишлар олиб борилаётганига ҳам ярим асрдан ортиқ вақт бўлиб қолди. Қирқ йилдирки, мана шу мақсадда симсиз тўлқинлар хизматидан фойдаланилмоқда. Ўттиз йилдан буён фалакшунос олимлар коинотдан юбориладиган ишораларни ушлаб қолиш учун унга қулоқ тутмоқдалар.

Ўзим ҳам илм оламида бирор кашфиёт бўлса, Қуръон ва илм ўртасини боғловчи баъзи зиёлиларнинг тутган йўлларини маъқулламайман. Уларнинг динга ғайратларини камситмаган ҳолда айтаман, илмий кашфиётлар ва Қуръон ўртасини мувофиқлаштириш ва таъвилга бундай муккасидан кетмаслик керак. Чунки у кашфиётлар борасидаги кейинги изланишларнинг нотўғри натижага келинганини кўрсатса, Қуръон оятлари ҳам уларни эҳтимол тутган, деган фикримиз билан Аллоҳнинг каломига зулм қилган бўламиз. Бунда боғлиқлик кўришда эҳтиёт бўлиш ёки ишни қатъийлик ва жазмдан узоқ ҳолдаги эҳтимол чегарасида тўхтатиш лозим.

Қуръони каримни тафсир қилган муфассирларимиз шундай ўринларда эҳтиёт ва ҳазирлик маслагида бўлишган. “Эҳтимол”, “монелик йўқ” сингари сўзларни айтишга мажбур бўлишган. Масалан, имом Насафий ўз тафсирларида Аллоҳ таолонинг: “Осмонлар ва ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга қодирдир” (“Шуро” сураси, 29-) оятини тафсир қилиб, дейдилар: “Жониворлар ер юзидагина бўлади. Лекин мазкурларнинг ҳаммаси, яъни осмонлар ва ерга ҳам уни нисбат бериш жоиздир. Осмонларда махлуқларни яратганлик эҳтимоли узоқмас”.

Инсон қатъий қарор қилолмаган нарсаларда энг тўғри йўл мана шундай бўлади. Агар осмонларда тирик мавжудотлар борлиги аниқ бўлса: “... уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар”, ояти бу ҳақиқатга тескари келмайди.

Агар унда тирик жонзот борлиги аниқ бўлмаса, унда оят муфассир очиқ айтган кўринишда қолаверади. Валлоҳу аълам.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.


Мазкур материал Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг диншунослик экспертизасидан ўтказилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ердан ташқаридаги ҳаёт: Ўзга сайёраликлар борми?