14:53 / 29.03.2022
981

Украина ва Россия делегацияси Истанбулда. Нималар кутилмоқда?

Украина ва Россия делегацияси Истанбулда. Нималар кутилмоқда?
Фото: Anadolu Agency
Сешанба куни Истанбулда Украина ва Россия вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. Томонлар гуманитар масалалар бўйича муҳокама ўтказиб, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишга уриниб кўради.

Аввалига Туркияга Россия делегацияси келганди, бироз ўтиб - украинлар ҳам етиб келишди. Украинадан музокараларда мудофаа вазири Алексей Резников, президент офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк, шунингдек ҳукмрон «Слуга народа» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Давид Арахамия қатнашади. Россия делегациясини Путиннинг маслаҳатчиси Владимир Мединский бошқармоқда.

Томонларнинг вакилларининг сўзларига кўра, юзма-юз учрашув сўнгги ҳафталар давомида ўтказиб келинган видеоформат шаклидаги маслаҳатлашувларга асосланади. Музокаралар учун Истанбулдаги Долмабахче саройи танланган, учрашув Тошкент вақти билан соат 12:00дан ўтиб бошланиши белгиланган.

Украина телеканали эфирида Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулебанинг маълум қилишича, Киев учун минимал вазифа – «гуманитар муаммолар учун ечим» ҳисобланади. «Максимум вазифа – ўт очишни тўхтатиш, бу борада барқарор келишувга эришиш», дея Кулебанинг сўзларини келтирган вазирлик расмий сайти. «Биз одамлар, ер ва суверенитет билан савдолашмаймиз. Бизнинг позиция – мустаҳкам», деган Кулеба.

Украинлар президенти Владимир Зеленский Россиянинг асосий талаби Украина НАТОга киришдан воз кечиши бўлишини айтган, бу борада муросага келиш осон. Қолган масалалар, жумладан Қримнинг мақоми ва Донбассдаги тузилмалар тақдири бўйича томонларнинг позициялари бир-бириникидан йироқ.

25 март куни Мединский музокараларнинг боришини шундай тасвирлаганди: «иккинчи даражали масалалар бўйича позициялар яқинлашмоқда, аммо асосий сиёсий масалалар бўйича биз амалда бир жойда депсиниб турибмиз». ТАСС агентлиги ҳам Путиннинг вакили Дмитрий Песковнинг сўзларини келтирган, унда «юзма-юз формат музокараларни янада концентрациялаши, мазмунлироқ қилиши» айтилганди. «Аммо ҳозирча, афсуски, биз бирор муҳим ютуқ ёки жиддий олдинга силжиш ҳақида айта олмаймиз», деганди Песков.

Россия Украинага талабларининг бир қисмидан воз кечишга тайёр
Financial Times Россия ва Украинанинг музокаралардаги позицияси ҳақида ёзди. Нашрнинг вазиятдан хабардор бўлган қатор манбаларига кўра, Россия энди «денацификация», «демилитаризация» ва рус тили муҳофазасини талаб қилмаяпти. Бунинг ўрнига Киевнинг НАТОга аъзо бўлишдан, ядро қуроллари ишлаб чиқишдан ва хориж ҳарбий базаларини ўз ҳудудида жойлаштиришдан воз кечиши масаласига урғу қаратилмоқда. Шу билан бирга Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиб киришига эътироз билдирилмайди.

Бу шартлар эвазига Украина Россия, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Франция, Германия, Хитой, Италия, Польша, Исроил ва Туркиядан хавфсизлик кафолатлари олиши мумкин. Бу шуни англатадики, Украинага ҳужум бўлган тақдирда, ушбу давлатлар ёрдам кўрсатиши керак бўлади.

Музокаралардаги энг мураккаб масала — Украина 2014 йилда бой берган ҳудудлар масаласидир. Манбаларнинг хабар қилишича, бу масала Путин ва Зеленскийнинг ўзаро учрашувида муҳокама этиш учун қолдирилиши мумкин. Украина ўз чегаралари ўзгаришини тан олишга тайёр эмас, аммо Қрим яримороли ва шарқдаги ҳудудларини куч билан қайтариб олишга уринмасликка ваъда бериши мумкин.

Таҳлил: музокаралардаги асосий муаммо – ҳудудлар
BBC’нинг дипломатик корреспонденти Лиз Дюсет.

Президент Путин жиддий ҳудудий муваффақиятларга эришмагунча, музокаралар столида ҳақиқий ўсиш бўлмайди. Бошқача айтганда, унинг устувор вазифаси - Донбасс ва уни Қрим яримороли билан қуруқлик орқали боғловчи йўлак ҳосил қилинмагунча.

Украинанинг нейтрал мақомига келсак, туркиялик ва исроиллик воситачилар бир қанча вақтдан буён Путин ва Зеленский бу борада реалроқ позицияларни эгаллашганини айтишган.

Энг асосий масала – ҳудудлар масаласи. Зеленский россиялик ҳарбийлар 24 февралдан олдинги позицияларига қайтиши кераклигини айтмоқда. У фақат шундан кейингина маълум компромиссларни муҳокама қилиш мумкинлигини билдирган.

Аммо ҳозирча Путин компромиссга тайёр эмасдек кўринмоқда. Доимий ҳаво сиреналари остида яшаётган ҳар бир киевлик ҳам. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина ва Россия делегацияси Истанбулда. Нималар кутилмоқда?