00:05 / 30.03.2022
2 440

Эфир пайти урушга қаршилигини билдирган Марина Овсянникова бу ишига қандай тайёрланганди?

Эфир пайти урушга қаршилигини билдирган Марина Овсянникова бу ишига қандай тайёрланганди?
Шу йилнинг 14 март куни Россиянинг «Биринчи канал» муҳаррири Марина Овсянникова «Время» дастурининг кечки эфир пайти Украина ҳудудида кетаётган ҳарбий ҳаракатларга қарши ёзилган сўзлар ва россияликларнинг қулоқ-кўзини телеекранлардаги алдов билан тўлдиришаётгани ҳақидаги плакатини кўтариб чиқиб, бутун дунёга машҳур бўлганди.

Бошловчи ортида кутилмаганда инглиз ва рус тилларида «Урушга йўқ деймиз. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Россияликлар урушга қарши» деб ёзилган плакат кўтарган муҳаррир дастурнинг кейинги қисмига ўтилгунгача «Урушни тўхтатинг! Урушга йўқ!» деган сўзларни бир неча бор такрорлашга улгуриб қолади.

Кремль ушбу ҳаракатга «безорилик» деб таъриф бергач, 15 март куни Москва Останкино суди Овсянниковани Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича айбли деб топиб, унга 30 минг рубль жарима белгилайди, ишидан ҳам бўшатилади.

Марина Овсянникова Останкино судида тайинланган жазо йиғилишидан кейин журналистлар олдида. 2022 йил 15 март
Фото: «ТАСС» / Михаил Жапаридзе

«Новая газета»нинг махсус мухбири Иля Азарга берган интервьюсида Марина ўз норозилик намойишига қандай тайёрлангани ҳақида батафсил сўзлаб, нега аввалроқ «Биринчи канал»дан ишдан бўшамагани, жиноят қилганликда айблов таҳдиди бўлса-да, нима учун Россиядан кетмоқчи эмаслигига изоҳ беради. «Дарё» ушбу интервьюни ўзбек тилига ўгирди.

— Сизни айни кунларда Жанна д’Арк ва ГКЧП аъзоларидан «давлат тўнтаришини амалга оширганингизни тушуняпсизми?», деб тиккасига сўраган журналист Татяна Малкина билан таққослашяпти. Ўзингизни қаҳрамон деб ҳисобламайсизми?
— Ҳа, йўғ-а. Ўзимни ҳечам қаҳрамон деб билмайман. Йўқ, албатта, бу мардларча қилинган хатти-ҳаракат, лекин ҳозир ўзимни кўпроқ беҳад толиққан ва баридан чарчаган одам деб биламан. Ўғлим айтганидек, мен – оиламиз ҳаётини бузган аёлман. Аммо унга инсон ҳаёти бундан-да яхшироқ бўлиши учун баъзан ўйламай иш қилиб қўйиши мумкин, деб жавоб бердим.

— Эҳтимол, Facebook’даги саҳифангизда мақтов-алқов ёғдирилган минглаб изоҳларни кўргандирсиз?
— Ҳали ҳеч нимани кўришга улгурмадим. Эндигина компьютер қаршисига ўтириб, ниҳоят ижтимоий тармоқларда нима бўлаётганини ўқияпман. Бунгача ҳамма вақт адвокатим билан тинмай ишладик: ишончнома, расмий илтимоснома, сўровлар, «Биринчи канал» билан ҳуқуқий масалалар муҳокамаси бўлди, қўшимчасига кунора хориж нашрларига 5-8 тагача интервью бердим, шахсий ҳаётимниям тартибга солишга уриндим.

— Ушбу норозилик акциясини қай тариқа ўйладингиз? Анчадан бери шу ниятда юрганмидингиз ёки шунчаки қоғозни қўлга олиб, амалга ошириб қўяқолдингизми?
— Норозилик туйғуси ичимда анча олдин – (уруш) бошланган пайтиёқ пайдо бўлганди. Шу қадар карахт аҳволга тушдимки, бир неча кун на еб-ичишим, на уйқумда ҳаловат бўлди. Дам олиш ҳафтам эди. Эртаси куни ишга чиққанимда «Биринчи канал»да даҳшатли муҳит ҳукмрон эди: янгиликлар (тарғибот-ташвиқотга тўласи) тинимсиз берилар, кўз олдимда эса ғарб агентликларининг (бутунлай бўлак) манзараси намоён бўларди. Чунки ҳозир, аниқроғи, аввал халқаро муҳаррир сифатида ишлардим.

«Биринчи канал» албатта уларни кўрсатмади, лекин мен уларни ҳафта бўйи кузатиб бордим. Иш ҳафтаси якунлангач, ортиқ «Биринчи канал»га қайтиб келолмаслигимни тушундим, шу боис кетиш ҳақида аризамни ёзаман дедим. Ўша пайтлари плакатимни кўтарволиб, норозилик намойишига югуриш учун бир қанча турткилар бор эди, аммо кимки кўчага чиқса, тезда автозакка улоқтирилиб, полиция бўлинмасига олиб кетилаётганини кўрардим. Шунда бир режа хаёлимга келдики, янаям самаралироқ норозилик кўрсатишим мумкин экан.

Фото: Instagram / овсианникова62167
— Кейин нима бўлди?
— Уйда плакатимни тайёрладим – яқин орадаги канцелария моллар дўконига бориб, ватман ва фломастерлар сотиб олдим. Намойишлар арафасида, якшанба куни суратларни чизиб, мурожаатимни ёздим. Душанба куни эса ишга бордим. Плакат қанчадир вақт машинамда ётди, кейин уни курткамнинг енгига солдим. Ҳеч ким енгимда нима борлигини пайқамадиям.

Курткамни қўлимда ушлаб, янгиликлар хонасига кирдим, енгимдаги плакатни тезда олиб, тўппа-тўғри студияга йўл олдим. Соқчи менга умуман эътибор бермади, негаки «Время» дастури пайдо бўлганидан бери 50 йил нари-берисида бундай ҳодиса кузатилмаганди-да.

— Мурожаат битилган, камига энг пастига айни кунларда ўта жасоратли сўз ҳисобланган жумлалар ёзилган плакат билан эфирга чиқишдан қўрқмадингизми?
— Қўрқинчли. Ҳозир кўпроқ қўрқинчли. Лекин ўша дақиқаларда жуда кучли ҳиссиётга берилиб, портлай деб юргандим. Ҳақиқатда содир бўлаётган воқеаларнинг номувофиқлиги шунчалик кучли эдики, «Биринчи канал» орқали кўрсатиб, (урушни) тўхтатишни астойдил хоҳлардим.

Сўнгги дақиқаларгача жамики оқибатини ҳисобга олмадим, бу ҳақда умуман ўйламадим. Аммо қароримни шу душанба, шу сешанба амалга оширмасам, бўшаш учун аризамни ёзардим-кетардим.

— Армияга нисбатан сохта ахборот тарқатишга маъмурий ва жиноий жавобгарлик моддалари кучга кирганидан бехабармидингиз? Ёки бу менга таъсир қилмайди деб ўйладингизми?
— Йўқ, агар бу ҳаракатимни баландроқ овозда қилсам, охирида нималар бошимга тушишини ҳам ўйладим ва билардим ҳам. Буни шунчаки қилолмаслигимга 90 фоиз ишончим комил эди. Ё тиззаларим қалтирайди, ёки студияга отилиб киролмайсан, ё бўлмасам, режиссёр тезда камерани бурайди-да, мени ҳеч ким кўрмай ҳам қолади, деган гумонларим кўп эди.

— Энди, адашмасам, студияда битта қўриқчи ўрнига бутун бошли ОМОН ҳозиру нозирдир?
— Менимча, ҳа. Қўриқлаш кучайтирилган.

— Нега плакатдаги матнингизда инглизча жумлалар ҳам ёзилганди? Бу хорижий аудитория манфаатига хизмат қилишда айблаб қўймайдими сизни?
— Ҳаммаси олдиндан ўйланганди! Инглизча мурожаат ғарб жамоатчилиги учун эди. Шу орқали россияликлар (урушга) қарши эканини кўрсатишни мақсад қилгандим. Русча матн эса рус халқига аталиб, русларни пропагандага ҳадеб қулоқ солмасликка чақириш эди.

Фото: Instagram / овсианникова62167
— Аммо бизнинг ҳукмрон доира ҳаммаси Ғарб таъсирига тушишнинг оқибати деган қарашни қўллашни жуда яхши кўради. Халқ ҳам шунга мойил.
— Мендан энг аввал қайси махсус хизматга алоқадорлигимни сўрашди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар берган илк савол шу бўлиб, ҳеч ким охиригача қандайдир махсус хизматга алоқадор эмаслигим, на МИ-6, на ФБРга, на «Моссад»га алоқаси йўқ, «Биринчи канал»нинг оддий, эл қатори ходимаси эканимга ишонмади.

— Франция президенти Эммануэль Макроннинг сиёсий бошпана бермоқчилиги ҳақидаги таклифини рад этганингизни ўқиб қолдим. Унда сиз ватанпарвар эканингиз ва ҳеч қаерга кетмоқчи эмаслигингизни айтгансиз.
— Ҳа, ҳаммаси тўғри.

— Бу қарорингизни нимадир ўзгартиролмайдими?
— (андак жимликдан кейин) Айни вақтда болаларимнинг хавфсизлигидан беҳад хавотирланаётганим рост. Улар кетиб, мен шу ерда қоладиган чорам бўлса, бари кутганимдан-да зиёда бўларди. Афсуски, бу ҳатто муҳокамаям қилинмайди. Чунки болаларимнинг отаси шу ерда, у асло ватанини ташлаб кетишни хоҳламайди.

— Нима учун?
— У собиқ турмуш ўртоғим. Айни кунларда иккимизнинг ҳаётимиз мутлақо бошқа-бошқа. У Маргарита Симонян билан ишлайди. PT каналининг испан муҳарририятида режиссёрлик қисмини бошқаради. Бу унинг танлови.

Умуман олганда, мен ҳам Россияга содиқман ва ҳеч қачон кетишни ўйламаганман. Яна ўн йил умримни бегона юртда сарфлашга тайёр эмасман, профессионал ўсишимга имконият ҳам кўрмайман. Оилам, дўстларим шу ерда.

— Кўпчилик айнан болаларини деб бундай норозилик намойишига қўл урмайди. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этишларидан қўрқмадингизми?
— Мени бу ҳуқуқдан маҳрум қиладилар деб ўйламайман. Болаларимга нисбатан ҳеч қандай беандиша, ножўя иш тутмадим. Фарзандларим жуда баодоб, ақлли ва яхши таълим кўришган. Ўқишда аълочи, спорт билан шуғулланишади ва ҳамма ишлари жойида.

— Баҳсга ҳожат йўқ-ку, лекин ҳукумат бу масалада кўпинча ўзиникини маъқуллаши ҳам мумкин...
— Бу уларнинг фикри.

— Эҳтимол, эшитгандирсиз, Давлат Думаси спикери Володин сизнинг бу хатти-ҳаракатингизни «қабиҳлик» деб атади ва: «Телеканалдаги бу амалдоримиз болаларимиз, мамлакатимиз ҳақида зарра ташвишланмайди», деди. Бунга нима деган бўлардингиз?
— Болаларимиз борасидаги ташвишларим ҳаддан ташқари улкан. Ҳозир ўғлим айни хизматга чақириладиган ёшда. Нималар бўлишини ўйласам, даҳшатга тушаман. Жигаргўшасини бегона юртларга юбораётган бечора оналар-чи! Содир бўлаётган воқеаларнинг ҳеч бирини ҳалига довур ақлимга сиғдиролмайман. Ўша йигитчаларга ачинаман. Қайси миллий ғояни деб бегона эл заминида уришмоқдалар? Нима учун?

— Сизни олиб кетишгач, анчагача дарагингизни тополмадик – тўғрироғи, эртаси кундаги суд мажлисигача. Шунча вақт ичи фақат сўроқ-саволда бўлдингизми?
— Ҳа, судга боргунгача худди шундай бўлди. Бутун тун ва эртаси куни ҳам сўроқдан тўхтамадилар.

— Шу вақт ичи нимани сўрашди? Ҳаммаси очиқ-ойдин-ку.
— Улар охирги дақиқагача шерикларим йўқлигига, ғарб махсус хизматларига ишламаслигим, ҳамкасбларим билан ортиқча низо-келишмовчилигим йўқлиги, Украинадаги қариндошларим менга қандайдир хабар ёзмаганига ишонишолмади. Рости, улар воқеа шунчаки фуқаролик позицияси эканига ишонқирамай, аллақандай конспирологик ғояларни тиқиштираверишди.

— Яъни шунча вақт тинмай фақат бир хил гапни айлантираверишдими?
— Аввалига ота-бобомдан бошлашди, кейин бор тарихимни титкилашди: ўтган умр йилларим, нима билан шуғулланганим, кимлар билан дўстлашганим, қаерда бўлганим, бу масалага ва бошқаларига қарашим ҳақида. Шу зайл давом этаверди.

— 51-моддага суянмадингизми?
— Нима, янги моддаларданми?

— Бундай ишларда сал-пал тажрибангиз борлиги аниқ-ку.
— Бунақа ишларда ҳеч қандай тажрибам йўқ, аслида. Ҳаммаси билан ҳозир юристим шуғулланяпти.

— Бу Конституциядаги модда. Терговчининг саволларига жавоб беришни рад этишга ҳуқуқ беради.
— Ҳа-ҳа, тўғри, унутибман. Чунки ўлгудек чарчадим. 51-моддани «ОВД-инфо»да маҳбуслар учун берилган эслатмада ўқигандим. Терговчига менга адвокат кераклигини, 51-модда бўйича ўзимга ўзим бирор қарши далил келтириб қўйишим мумкинлигини айтгандим ҳам.

Улар эса ҳар сафар: «Ҳа, ҳа, ҳозир адвокат келади», дейишаверди. Қандай адвокат деб сўрасам, давлатники деб жавоб беришди.

«Давлатники керак эмас. Менимча, Москвадаги ҳамма адвокат ҳозир мен билан ишлаш ниятида. Телефон беринг менга», дедим. Лекин на адвокат, на дўстларим ва яқинларимга қўнғироқ қилишга рухсат берилди. Улар: «Бу сўроқ-савол эмас, шунчаки дўстона суҳбат, келинг, қаҳва билан қуймоқ еб-ичиб, дўстона гаплашволамиз», дейишди.

— Шунда ҳамма саволларга жавоб бердингизми?
— Ҳа, ҳеч нарсани яширмадим. Лекин сўроқ-саволга ўтган гап-сўзларнинг бари жаҳлимни чиқариб, йигирма марталаб, кетма-кет адвокат чақиришларини сўрайвердим.

Фото: Instagram / овсианникова62167
— Сизни балки жиноят иши қилганликда қўрқитишгандир ёки бу ҳақда гап бормадими?
— Таҳдид қилишди. Сўроқнинг асосий саволлари шу атрофида кечди, менинг муносабатимни зимдан кузатиб, гап-сўзларини тинмай ўзгартириб тураверишди: «Хўш, маъмурий дейсизми? Йўқ, йўқ, бу жиноий, очиқ-ойдин жиноий иш! Нима, жиноий эмасми?» мен эса уларга юрист эмаслигим ва юридик нозикликларни тушунмаслигимни, шунинг учун адвокат беришлари кераклигини айтавердим. Лекин ҳаммаси ҳазилга йўйилиб, яна қайтадан бошланаверди.

— Хуллас, сизнинг ишингиз жиноий иш сифатида тус олдими ёки йўқ? Тергов қўмитаси терговдан олдинги текшириш кетаётганини маълум қилганди.
— Тушунарсиз ҳолат. Уч кун ўтди, кутяпмиз, ҳозирча ҳаммаёқ тинч. Бундан кейин нималар бўлиши – номаълум.

— Ҳа, бу сиз учун кетишга ишора эмасмикан?
— (пича ўйлаб) Ёлғиз кетолмайман. Ўзимдан кўра болаларимдан кўпроқ хавотирдаман. Уларнинг хорижга чиқиш паспорти муддати тугаса, яна янгисини тайёрлаш керак – бу камида икки ой вақтни олади. Айтишларича, ҳозир қандайдир ажиотаж кетяпти. Бунга қандай дош беришниям билмайсан.

— Сизнинг ишдаги вазифангиз – хорижий сиёсатчи ва тадбиркорлар нутқини тўғридан-тўғри рус тилига таржима қилиш. Бу ишингиз ҳеч цензурага учраганми? Нутқдан парчалар ҳақиқийсига тўғри келмаса, ТВда сал-пал келишмовчиликлар бўлиб турармиди?
— Шундай ҳолатлар бўлган, лекин шахсан мен билан эмас. Бир гал (Оқ уй матбуот котиби) Псакининг гапини сал хато ўгирдим, лекин ёмон ниятда эмас – шунчаки унинг нима деганини яхшироқ эшитолмагандим. Лекин айрим ҳамкасбларим ўзлари нимадир тўқиб, сиёсатчилар нутқини хоҳлаганларича талқин этадилар.

Аммо бу иккинчи тугмадаги «Янгиликлар»да кўпроқ юз беради, «Время» дастури – бошқа масала. Бунда нималар дейилганини нуқта-вергулигача текширамиз.

Умуман олганда, бундай номувофиқлик кўпинча (рус) ахборот агентликларининг сиёсатчиларнинг оғзаки нутқини қоғозга кўчириш учун жўнатганда келиб чиқади. Баъзан бу кескин эшитилади, сендан синхрон йўлини топишингни сўрашади, сен эса нутқни эшитиб, нима деганини тушунасан-у, бироқ бошқа тарафдан фикр ўзгариб кетаверади. Мен доим сиёсатчиларнинг ҳар бир сўзини аниқ ифодалашга ҳаракат қиламан, қайси жумлани танлаб, эфирга беришни бош муҳаррирнинг ўзи ҳал қилаверади.

— Демак, шу чоққача қилган ишингиздан уялмайсиз-да?
— Йўқ, шахсан мен сиёсатчилар айтган гапни ўзимча талқин қилмаганман, ҳамиша аниқ таржимасини чиқарганман.

— «Биринчи канал»даги ҳамкасбларингиз у ердаги ишидан мамнунми?
— Биласизми, бу ҳақда ҳамкасблар билан ҳечам гаплашмаганман. Негаки жуда кўп ходимлар ич-ичидан бунга шунчаки иш, пул топишга имкон берадиган жой деб қарайди. Бошқа ҳеч нарса эмас. Қандайдир ахлоқий томонларини, назаримда, ҳеч ким кўтариб чиқмайди. Энг камида, шу охирги воқеаларгача. Ҳаммаси ҳаммага мослаштирилган. Ўша одамлар ҳам оиласини боқиши, кредит ва ипотека қарзларини тўлаши керак.

Шу боис, ҳар кимнинг вазияти бўлак, дунёқараши турфа, лекин у ердан ҳам кетишни мўлжаллаётганлар оқими кўпаяётганини биламан.

— Пропогандачиларнинг айтишича, ҳукуматга қарашли каналларда тўла-тўкис либераллар ишлар экан.
— Либерал қарашдаги одамлар жуда етарли у ерда ҳам. Лекин либерал бўлмаганда ҳам раҳбарият билан фикри 100 фоиз тўғри келавермайди. Ўйлашимча, (федерал телеканалларда) 2-3 фоиз путинпараст бор, холос, ундан кўп эмас. Ақлли, зиёли, дунё кезган одам ҳозир мамлакатимизда нималар рўй бераётганини жуда яхши тушунади.

Эҳтимол, улар менингдек либерал қарашларга эга эмасдир, аммо аксар ҳамкасбларим «Время» бошланиши билан овозини ўчириб қўйишади.

Фото: Instagram / овсианникова62167
— Мана, сиз билан бирга тарихга кирган Екатерина Андреева уни ҳеч қачон ёлғон сўзлашга мажбурламаганларини айтди. Ростдан шундайми?
— Катя Андреева ҳақида нимадир деёлмайман. Балки у ҳақиқатни шундай тасаввур этар. У ҳақида нимадир дейишдан ожизман, у билан шахсан таниш ҳам эмасан. Фақат йўлакларда кўрганман, Instagram’ига жойлаштирган саёҳатлари, ёга машғулотида ўтирган ҳолати ва ҳаётдан завқланиб тушган суратларидангина танийман. Менимча, ҳаммадан шундай масофа сақлашга ҳаракат қилади.

— Ҳукумат телеканалларидан бўшаб кетаётган ҳамкасбларингиз ҳақида ўқиб, қувонаман, дегансиз. Либерал қарашларга эга экансиз, нега унда ўзингиз аввалроқ кетмадингиз?
— Менам оиламни боқишим керак-ку. Икки болам бор, ҳозир молиявий томондан танг аҳволда қолдим.

— «Биринчи канал» — дунёдаги ягона иш жойи эмасдир.
— Шундай деб ўйлайман. «Биринчи канал» тўлайдиган ҳақ бўлмасаям, бошқа жойдан, руҳинг кўпроқ тин оладиган ишни тополасан.

— Нега шуни аввалроқ топмадингиз?
— (андак жимликдан кейин) Биласизми, иш графигимдан жуда қониқардим: ҳафта ортидан ҳафта ўтса ҳам унча чарчамасдим. Энг яхши Work-Life balance’ни Европада дейишади. Ишимни (аввалроқ) ўзгартириш ҳақидаям ўйладим, лекин Украинада (уруш) бошланмагунча ҳаммаси яхши эди. Кейинги воқеаларга мутлақо тоқатим етмади.

— Видеомурожаатингизда Навальнийнинг заҳарланганини эслаб, «Биринчи канал»да ишлаш сиз учун уятлигини айтдингиз. Ўшанда ҳам уялганмидингиз ёки йўқ?
— Уялгандим. Навальнийни ҳимоя қилиш учун бир қанча петицияларга қўл ҳам қўйгандим. Лекин намойишларга чиқмадим, чунки куним жуда тиғиз ўтар, бўш вақтнинг ўзи топилмасди. Куч-ғайрат тошиб чиқарди-ю, ҳаётда амалга ошмасди.

— Мурожаатингизда яна одамларни намойишларга чиқишга даъват этдингиз-у, негадир ўзингиз чиқмадингиз. Бу унчалик ҳам инсофдан эмас.
— Биламан, шунгаям жиноий иш туси беришларига сал қолганди. Мабодо қайсидир жойда, маълум санада намойишга чиқишга ундаганимда, жиноий жавобгарлик елкамга илинарди, юристимнинг тушунтиришича, бу мавҳумроқ чақириқ бўлиб, маъмурий жавобгарликка асос бўларкан. Агар иккинчи маротаба намойишга чиқсам, ана унда менинг устимдан жиноий иш очиларкан.

— Ўзингиз чиқмасангиз, фаоллар буни акция учун нотўғри ундов деб билмасмикан, демоқчи эдим.
— Мана, ўзим ҳам акцияга чиқдим-ку! Нима, бу қаршилик намойиши эмасми?

— Буни бир кишининггина қичқириғи деб атаган бўлардим...
— Балки муносабатимни нотўғри ифодалагандирман, шунчаки оддийгина қилиб: «Норози эканингизни билдиринг», дейишим керакмиди...

— Якунда ишдан бўшатвориш билан таҳдид қилиндими? Биламан, ўзингиз кетгансиз, аммо бари қандай рўй берди?
— Мендан ўшанда тезда ўз хоҳишимга кўра ариза ёзишимни сўрашди. Лекин ҳиссиётларим тошиб қайнагани учун бундай қилмадим. Кейин адвокатларим аризани олиб бориб, кадрлар бўлимига топширишган ва ҳадемай расман ишдан бўшатиламан.

— «Кубан» ДТРКдаги собиқ раҳбарингиз Владимир Рунов сиз ҳақингизда «яхши журналист фақат ўз устида шуғулланади, ортидан саргузашт изламайди» дея билдирган муносабатига қандай қарайсиз?
— Одамлар ҳаракатимни турлича баҳолаяпти, унинг баҳоси шу.

— Нима деб ўйлайсиз, телевидениеда кимдир сиздан намуна олиб, ортингиздан эргашармикан? Ёки аксинча, янаям кўпроқ чўчиб қолишдимикан?
— Профессионал этикани бузишга ҳеч кимни даъват қилмасдим. Ростини айтсам, бундай қилиш ҳам ярамайди. Яхшиси, жимгина бўшаб кетиш керак.

— Норозилигингиз оддий томошабинда жуда катта таассурот қолдирди деб ўйлайсизми?
— Бу акция ҳақида бутун дунё билди. 15 март куни исмим Twitter’да топга чиққанини юборишганди менга.

Марина Овсянникова Останкино судидаги жараёндан кейин
Фото: «ТАСС» / Михаил Жапаридзе

— Тўғри, бутун дунё билди, лекин менга ўтказган акциянгиз одамлар тарғибот-ташвиқотни томоша қила туриб, ҳақиқатни билгандек таъсир қилди.
— Улар барини кўришганига умид қиламан. Сиз бундай деб ўйламайсизми?

— Назаримда, плакатингизни унча кўп кўрсатишмади.
— Ҳозир кимдир янгиликларни телевизордан кўради деб ўйлайсиз-да? Ҳамма янгилик интернетда бўлса, акцияни ҳам одамлар Telegram каналларда кўрган бўлса.

— Одамлар энди чинакамига ўйга толдими ёки қўл силтаб қўя қолди, деб ўйлайсизми?
— Менимча, ўйлашяпти. Ақлли инсон – шунга мажбур. Очиғи, ҳозир энг ақлли, фаҳм-фаросатли, энг малакали мутахассислар хорижга жўнаб, Россияни путинчилар ҳукмига қолдириб кетишмоқда. Шундай юк билан юртимиз ёрқин келажакка одимлармиди...

— Жамиятимиздаги лоқайдлик устидан қандай қилиб ғалаба қозониш мумкин?
— Одамларимиз уларнинг муаммоси ҳозир Украинада нима юз бераётган бўлса, ўша билан бевосита боғлиқлигини тушуниб етишлари керак. Ёки фақат ўз муаммоларингни айириб олиш керакми?

Муаммолар кундан кун қор уюмидек йиғилиб борса, кўчкиси сизни охиригача яксон этмай қўймайди. Руслар жуда секин ўйлашади, аммо якунда сўнгги нуқтагача етмай қўйишмайди. Шунчаки ҳаммаси тез ўзгармас, халқ тушуниб етиши, ҳаётимиз кейин нима бўлишини тушуниш учун маълум муддат вақт керак.

— Тўғри-ю, украин халқининг ўша онларни кутишга кўп вақти йўқ.
— Афсуски, шундай. Шу боис рус халқини қўзғатишга уриниб кўрдим. Менимча, бу одамларни андак ўйлашга чақирадиган, нималар бўлаётганини пўстинига ўралиб, қўрқувдан дир-дир титраб кутмаслиги учун энг яхши усул эди.

— Болалигингизда Чеченистонда яшагансиз-а?
— Ўзи Одессада туғилиб, 1985 йилдан 1993 ё 1922 йилгача Чеченистонда яшаганман. У ердан отишма бошланиб, снарядлар ойналаримизни чил-чил синдирган вақтда чиқиб кетганмиз.

— Қарангки, аввал болаликда яшаган уйингизни портлатишган бўлса, энди туғилган масканингизни бомбардимон қилишяпти.
— Ҳа-ҳа-ҳа. Уч марта таъкидлашимга сабаб болаликда нимани бошдан кечирган бўлсам, ҳозир украин қочоқлари ҳам ўша ҳолатни яшаб ўтишмоқда. Вазият айнан бир хил: вайрон бўлган хонадонлар, жамики мол-мулкдан айрилиш, ҳаётингни яна янгитдан бошлаш машаққати. Ўшанда энди 12 га киргандим ва ҳаётимни қайтадан ҳеч қайғуга ботмай, хотиржам бошлай олардим, лекин 40 га кирган онам учун ҳеч вақосиз, нолдан бошлаб ҳаётини бошлаш ўта чуқур руҳий зарба эдики, ҳозиргача нималар бўлганини тушуниб етмайди.

— Энди нималар қилишни режалаштиряпсиз?
— Ҳозирча узоқ муддатли режалар тузмаяпман. Яхшилаб ухлаб олиб, кейин нима бўлиши ҳақида тиниққан миям билан ўйлаб оламан.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эфир пайти урушга қаршилигини билдирган Марина Овсянникова бу ишига қандай тайёрланганди?