20:43 / 01.04.2022
1 223

Британия Украинага Россия билан битим имзолашга шошилмасликни тавсия қилмоқда

Британия Украинага Россия билан битим имзолашга шошилмасликни тавсия қилмоқда
Фото: EPA
Буюк Британия Россия ва Украина ўртасида келишув битимини имзолаш масаласида АҚШ, Франция ва Германиядан кўра қаттиқроқ позицияни эгаллаган. Бу ҳақда The Times ҳукуматдаги манбасига таяниб, хабар берди.

Нашр манбасининг маълумотларига кўра, Лондон қатор Ғарб давлатлари Зеленскийни Россияга ён босишга ундаши мумкинлигидан хавотирда. «Айрим иттифоқчиларимиз улар келишиб олишини ҳаддан ортиқ хоҳламоқда», — дейди манба.

Қироллик эса аксинча, Россия ва Украина яқин вақтлар ичида келишувга эришишини истамайди. Британия ҳукуматининг ҳисоблашича, Украина бирор-бир тинчлик битимини имзолашда анча кучли позицияни эгаллаши лозим.

Шунингдек, The Times суҳбатдошининг қўшимча қилишича, бош вазир Борис Жонсон рус ҳарбийлари Украина ҳудудини тарк этмагунига қадар Россияга санкцияларни кучайтиришни қўллаб-қувватлайди.

Таъкидлашича, Борис Жонсон Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатда уни Москва «тинкасини қуритиб, ён босишга мажбурлаш» мақсадида музокаралардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Бош вазирнинг матбуот котибининг айтишича, Жонсон бу масалани Вазирлар Маҳкамаси учрашувида кўтарган.

«У босим иқтисодий чораларни кучайтириш ва Украинага ҳарбий ёрдамни кўрсатиш ҳисобига Россия ўз йўналишини тўлиқ ўзгартиришини кафолатлаш кераклигини айтди», — дейди матбуот котиб.

Россия Украинада махсус ҳарбий операцияларни бошлаганидан бери томонлар низони тинчлик йўли билан ҳал этиш мақсадида бир неча марта музокаралар ўтказди. 29 март куни Москва ва Киев делегациялари Истанбулда музокараларнинг яна бир раундини ўтказган. Учрашув якунига кўра, Россия Украинадан вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш юзасидан ёзма таклифларни олган.

Украина делегацияси раҳбари Давид Арахамия Киевнинг давлатга бетарафлик мақоми берилиши кўзда тутилган, хавфсизлик кафолатлари тизимини таклиф этаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра мазкур тизимга БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари, шунингдек Туркия, Германия, Италия, Исроил, Польша ва Канада кафил бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британия Украинага Россия билан битим имзолашга шошилмасликни тавсия қилмоқда