20:08 / 03.04.2022
1 606

Киев областида россиялик ҳарбийлар қолмади. Фронтдаги сўнгги воқеалар

Киев областида россиялик ҳарбийлар қолмади. Фронтдаги сўнгги воқеалар
Украин ҳарбийлари Бучада / Reuters
Энергодарда шаҳар аҳолиси норозилик акцияси учун кўчаларга чиқди, аммо Россия ҳарбийлари уларни тарқатиб юборди; Мариуполликлар шаҳарни мустақил тарзда тарк этишда давом этмоқда, Қизил Хоч ташкилоти орқали эвакуация ҳамон бошланмаяпти. Украина Киев областида россиялик ҳарбийлар қолмаганини маълум қилди, ҳарбий ҳаракатлар чоғида таниқли фотограф Макс Левин ҳалок бўлгани маълум бўлди.

Днепропетровск областида ракета зарбалари оқибатида темирйўл шикастланган, поездлар ҳаракати тўхтаб қолган. Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, қурбонлар йўқ.

Украина: Киев областида россиялик ҳарбийлар қолмади
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр фейсбукдаги саҳифасида Киев области россиялик ҳарбийлардан тўлиқ озод бўлгани ҳақида ёзди. Вазирлик ёки президент Зеленский офиси бу ҳақда ҳозирча расман эълон қилмаган.

«Ирпень, Буча, Гостомель ва бутун Киев области босқинчилардан озод бўлди», дея ёзади Маляр.

Ҳарбий ҳаракатлар чоғида томонларнинг маълумотини оператив текширишнинг имкони йўқ, аммо бироз аввалроқ Россия армияси Киев атрофидаги аҳоли пунктларидан кетаётгани хабар қилинганди.

Ҳафта бошида, Истанбулда ўтган Россия-Украина музокараларидан кейин Россия томони Киев ва Чернигов областлари йўналишларида ҳарбий ҳаракатлар жиддий қисқариши ҳақида маълум қилинганди. Бу музокаралар шароитида «ўзаро ишонч даражасини кўтариш» зарурати билан изоҳланганди, аммо НАТО ва Украина томони аслида Россия ҳарбийлари Донбасс, Харьков атрофи ва мамлакатнинг жанубидаги ҳудудларга ташлаш учун қайтадан гуруҳланиши мумкинлигини айтганди.

Киев областидаги аҳоли пунктларидан россиялик ҳарбийлар чиқиб кетаркан, оккупация вақтида нималар рўй бергани ҳақида кўпроқ маълумотлар юзага чиқмоқда. Шанба куни AFP журналистлари пойтахтдан узоқ бўлмаган Буча шаҳри кўчаларидан бирида тинч аҳоли вакилларининг камида 20 нафарининг жасадини учратишган.

Ижтимоий тармоқларда ҳалок бўлган одамлар йўл бўйлаб ётгани акс этган. Уларнинг айримларининг қўллари боғланган ва бошларига қарата ўқ узилган.

Oleksandr Klymenko / Reuters / Scanpix / LETA
Энергодарда тинч аҳоли вакиллари ўққа тутилиши
2 апрель куни Запорожье областидаги россиялик ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинган Энергодар шаҳрида Украина ҳукуматини қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказилди. Бу ерда Украина ва бутун Европадаги энг йирик АЭСлардан бири бўлмиш Запорожье АЭС жойлашган, РФ армияси бу ерни март ойи бошидаёқ эгаллаган.

Шаҳар аҳолиси тонгда Украина байроқларини кўтариб митинг бошлади ва мамлакат мадҳияси куйланди. Акция охирида майдонда отишма ва портлашлар овозлари эшитилди. Воқеа жойида олинган кадрларда кўриш мумкинки, майдонни қуюқ тутун қоплаган, одамлар ҳар томонга қочишган.

Украина парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Людмила Денисова Энергодардаги тинч намойиш россиялик ҳарбийлар томонидан тарқатилиши вақтида тўрт киши яралангани ҳақида хабар берди. Унинг тасдиқлашича, ҳарбийлар «тинч аҳоли вакилларига қарата миномётлардан ўт очишган». «Тўрт киши оғир даражада куйиш жароҳатлари олган», деган омбудсмен фейсбукдаги саҳифасида.

Воқеа жойида олинган ва «Энергоатом» давлат компанияси томонидан эълон қилинган видеода майдонни тутун қоплаганини кўриш мумкин. Бу кадрларга кўра, норозилик акцияси ўтказилган майдонда кўздан ёш оқизувчи гранаталар қўлланган.

Денисова шунингдек «босқинчилар одамларнинг бир қисмини автозакларга солиб, номаълум томонга олиб кетишгани» ҳақида ёзган.

Россия мудофаа вазирлиги Энергодардаги акция бўйича муносабат билдирмаган.

Мариуполдан эвакуация: халқаро миссия амалга ошиши кечикмоқда, Туркия ёрдамга тайёр
Россия ҳарбийлари қамалида қолаётган Мариуполда шиддатли жанглар давом этмоқда, аммо шаҳарда ҳамон тинч аҳоли вакилларидан 150 минг киши қолмоқда. Маҳаллий расмийлар маълумотларига кўра, улар ҳалокатли шароитда кун кечирмоқда: шаҳарда электр, алоқа, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти йўқ. Бу ерда одамлар бир ойдан буён ертўлалар ёки бомбапанагоҳларда жон сақлашмоқда.

Мариупол деярли тўлиқ вайрон бўлган
ANADOLU AGENCY

Шу билан бирга одамлар эвакуацияси бўйича халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатлар қандайдир натижа келтирмаяпти. Халқаро Қизил Хоч жамияти учинчи кундирки гуманитар йўлак ташкил этишга беҳуда уринди, аммо миссия вакиллари тонгда Запорожьедан чиқишгани ва энди «Мариуполь йўлида эканликлари» ҳақида хабар беришган.

Томонлар бунгача бир неча бор одамлар эвакуацияси учун гуманитар йўлаклар очиш бўйича келишишган, аммо келишув доимий равишда бузиб келинади.

Украина вице-премьери Ирина Верешчук Запорожьегача 1263 киши шахсий транспорт воситаларида етиб келишгани, шундан 765 киши Мариуполдан экани ҳақида маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари назоратидаги Бердянскка яна 17 автобус етиб борган, уларнинг бир қисми «Мариуполга яқинроқ боришга ҳаракат қилади».

Бердянскдан Мелитополга эвакуация Халқаро Қизил Хоч жамияти ва ташкилотнинг Украинадаги бўлими ҳамкорлигида ташкиллаштирилди
Шанба куни Мариуполдаги одамларни эвакуация қилиш бўйича таклиф Туркия томонидан билдирилди - турклар қамалдаги шаҳардан одамларни денгиз орқали олиб чиқиш учун кемалар беришга тайёрлигини билдирган.

Ҳозирча Россия Анқаранинг Мариполдаги одамларни денгиз орқали эвакуация қилиш бўйича таклифига жавоб қайтармаган.

Украина президенти офиси раҳбари Алексей Арестовичнинг сўзларига кўра, Мариуполда оғир кўча жанглари давом этмоқда, аммо Россия ҳарбийлари шаҳарнинг Украина қуролли кучлари узоқ вақт уларни тўхтатиб туриши мумкин бўлган қисмига яқинлашган.

Таниқли фотограф Макс Левин ҳалок бўлди
Украиналик таниқли фотограф Макс Левин уч ҳафта муқаддам алоқага чиқмай қўйганди. У март ойи ўрталарида Киев областида жанглар давом этаётган ҳудудга ҳамкасби ва дўсти Алексей Чернишев билан бирга йўл олган.

1 апрель куни Украина полицияси Левин ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда у 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида ишлаган LB.ua газетаси ҳам расман хабар берди. Чернишевнинг тақдири ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Левиннинг ҳужжатли ишларининг аксари Россиянинг Украинага 2014 йилда бошланган тажовузи билан боғлиқ ҳисобланади.

«Ҳар бир украин фотографи урушни тўхтатиши мумкин бўлган фотосурат муаллифи бўлишни хоҳлайди», дея унинг сўзларини эслаган LB.ua таҳририяти.

40 ёшда бўлган Максим Левин Reuters, Associated Press, BBC ва бошқа кўплаб халқаро агентликлар билан ҳам ҳамкорлик қилган. Унинг ортида вояга етмаган тўрт ўғли, рафиқаси ва кекса ота-онаси қолди.

Владимир Зеленский Левинни вафотидан кейин «Жасорат учун» ордени билан тақдирлади.

Левин олган сўнгги суратлардан бири, Киев областида авиазарба вақтида окопга яширинган украин аскари. 10 март, Демидов қишлоғи
Maksim Levin / Reuters / Scanpix / LETA

Болалар орасидаги қурбонлар сони ўсмоқда
Украина бош прокуратураси уруш даврида ҳалок бўлган болалар бўйича маълумотини янгилади. 2 апрель ҳолатига кўра, уларнинг сони 158 нафарга етган, яна 254 бола яраланган. Қурбонларнинг аксари Киев, Донецк, Харьков ва Чернигов областларига тўғри келади.

Бутун мамлакатда 869 та ўқув муассасалари бутунлай ёки қисман вайрон бўлган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Киев областида россиялик ҳарбийлар қолмади. Фронтдаги сўнгги воқеалар