21:15 / 04.04.2022
1 700

Украина: уруш даврида Рамазон қандай ўтмоқда?

Украина: уруш даврида Рамазон қандай ўтмоқда?
Мариуполь шаҳридаги усмонли услубида қурилган жомеъ масжид.
Фото: AA

Украина мусулмонлари бу йилги Рамазонни уруш шароитида қарши олди. Тўхтовсиз давом этаётган ҳужумлар сабаб муқаддас ой ибодатларини адо этиш мушкул кечмоқда, деб хабар беради «Ал-Жазира» нашри.

Асосан православ насронийларидан иборат Украина аҳолисининг бир фоизини мусулмонлар ташкил этади.

БМТ маълумотларига кўра, Россия қўшини бостириб кирган 24 февралдан буён 10 млн киши ўз уйини тарк этди, 4 млн киши, жумладан, айрим мусулмонлар хориждан вақтинча бошпана топди.

«Кўплаб мусулмонлар чет элга кетишди. Украинада қолганлари эса кўмакка муҳтож», – дейди Украина мусулмонлари лигаси раҳбари Нияра Мамутова.

Шаҳарларга бомба ёғдирилаётган бир паллада мусулмонларнинг эмин-эркин рўза тутиши амримаҳол, албатта.

«Сирена товуши янграши билан хавфсиз жойга яширинишимиз керак. Эртанги кун бизга нима ҳозирлаганидан бехабармиз. Бу руҳиятингизга оғир таъсир кўрсатади. Уруш бошланганидан буён 10 ёшга қаригандекмиз», – дейди Украина мусулмонлари лигаси раҳбари.

Аммо мушкулотларга қарамай, улар Рамазон файзидан имкон қадар баҳраманд бўлиш ниятида.

«Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратига сазовор бўлиш учун қўлдан келганча амалларни адо этмоғимиз, ўзимиз, оиламиз, мамлакатимиз Украина учун дуои хайрлар қилмоғимиз лозим», – дейди Н.Мамутова. Қрим татар миллатига мансуб бу аёлнинг қисмати синовларга тўлиқ дейиш мумкин.

1944 йили шўро доҳийси Иосиф Сталиннинг фармони билан 250 мингдан зиёд қрим татарлари ватанидан Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистонга бадарға қилинади. Очлик, ташналик, турли хасталиклар ҳамда она юрт фироқи сабаб уларнинг ярми йўлда вафот этади.

Сургун даврида дунёга келган Н.Мамутова сиёсий вазият ўзгаргач, оиласи билан тарихий ватани – Қримга қайтади. Аммо 2014 йили яриморол Россия ҳудудига қўшиб олингач, Запорожьега кетишга мажбур бўлади. Бир неча ҳафтадан буён давом этаётган уруш сабаб эндигина изга тушаётган ҳаёт яна издан чиқди.

«Запорожьедаги мусулмон жамоаси турфа элатларидан ташкил топган. Турли миллат вакиллари ўз миллий таомларини тайёрлар эди. Бир кун ҳиндча биряни, бошқа куни фаластинча таом ёки ўзбек паловини тановул қилар эдик», – дея осойишта кунларни ёдга олади Н.Мамутова.

Халқаро ахборот агентликлари Украинадаги уруш бутун дунё, жумладан, Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида ҳам нарх-наво ошишига сабаб бўлаётгани ҳақида ёзмоқда.

Украинанинг дунё бўйича буғдой, маккажўхори ва ўсимлик мойи экспортида улуши катта. Ҳарбий ҳаракатлар мазкур муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашувига олиб келмоқда.

Мусулмон уламолар эса яхшилигу ёмонлик Аллоҳдан эканини таъкидлаб, синовли кунлар ортда қолиши, инсоният соғлом ақлга қулоқ солиб урушга барҳам беришига умид билдирмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина: уруш даврида Рамазон қандай ўтмоқда?