Фото: БМТ
Украина президенти Владимир Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига видеомулоқот орқали мурожаат қилди.
Хавфсизлик Кенгаши Украина бўйича йиғилиш ўтказди. Унда БМТ Бош котиби ва унинг сиёсий ҳамда гуманитар масалалар бўйича ўринбосарлари, шунингдек, Украина президенти Владимир Зеленский сўзга чиқиб, Буча фожиаси ҳақида гапириб берди.
Уруш даҳшатлари
Украина шаҳарларининг ўққа тутилиши, портлашлар, тинч аҳоли вакилларининг қатл этилиши, болалар кўз ўнгида жинсий зўравонлик – бу ва бошқа уруш даҳшатлари ҳақида БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари Дикарло маълумот берди.
«Яқин вақтгача рус қўшинлари назоратида бўлган Буча шаҳарчаси кўчаларида қўллари боғланган ҳолда ётган тинч аҳоли вакиллари жасадлари суратларини кўрган дунё даҳшатга тушди. Оммавий қабрлардан яна кўплаб жасадлар топилди», — деди Розмари Дикарло. — «Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда мустақил ОАВ вакиллари Чернигов, Харков ва Киевда ҳам тинч аҳолининг оммавий қатл этилгани, зўрлаш ва талон-торожликлар ҳақида хабар бермоқда».
Унинг сўзларига кўра, Бош Ассамблея икки марта Россияни ўз қўшинларини Украина ҳудудидан бутунлай олиб чиқиб кетишга ва барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган.
Бош котиб ўринбосари ўз нутқида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сўнгги маълумотларини келтирди: 24 февралдан 4 апрелгача камида 1480 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, 2195 нафари яраланди. Ҳақиқий кўрсаткичлар анча юқори бўлиши мумкин.
Розмари Дикарло россиялик ҳарбийларнинг зўрлашларга қўл ураётгани ҳақидаги хабарларга ҳам эътибор қаратган. Унинг сўзларига кўра, жинсий зўравонлик айбловлари Украина ҳарбийлари ва фуқаролик мудофаа кучларига ҳам қўйилган. «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги мониторинг миссияси бу хабарларни текширишда давом этмоқда», — деди Розмари Дикарло.
Украиналикларнинг чорак қисми ўз уйларини тарк этди
БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс Хавфсизлик кенгаши аъзоларига Украинадаги уруш натижасида 11,3 миллиондан ортиқ украиналик ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлганини, жумладан, 4,2 миллион нафари бошқа мамлакатларда бошпана топганини айтди.
«Бир ой ичида Украина аҳолисининг тўртдан бири ўз жойини тарк этди», — деб таъкидлади Гриффитс. — «Афсуски, бу рақамлар тинчлик ўрнатилмагунча ўсишда давом этади».
Унинг сўзларига кўра, Мариупол — «дўзах маркази»га айланган, Чернигов, Суми ва Харков ёрдамдан узилиб қолган. БМТ вакили низолашаётган томонларни халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан тинч аҳолини зўравонликдан ҳимоя қилишга ва гуманитар ёрдам етказиш учун шарт-шароитларни таъминлашга мажбур эканини эслатди.
Мартин Гриффитс, шунингдек, одам савдоси, жинсий зўравонлик, камситишлар ҳақидаги хабарлар сони ортиб бораётганидан хавотир билдирди. «Одатда бундай даҳшатлар биринчи навбатда аёллар ва болалар бошида содир бўлади», деди у.
Владимир Зеленский Россияни «тўхтатишга чақирди»
Украина президенти Владимир Зеленский БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, яқинда озод қилинган Бучадаги Россиянинг «ҳарбий жиноятлари» ҳақида гапирди.
«Рус ҳарбийлари бу шаҳарни ишғол остида ушлаб турган вақтида нималар қилганини бутун дунё кўрди, бироқ уларнинг мамлакатимизнинг бошқа босиб олинган шаҳар ва вилоятларида нима қилганини ҳали ҳамма билмайди», — деди Зеленский.
Владимир Зеленский Россияни тўхтатишга чақириб, агар шундай давом этса, «мамлакатлар ўз хавфсизлигини таъминлашда халқаро ҳуқуқларга эмас, фақат қурол кучига таяниши» ҳақида огоҳлантирди.
«Хонимлар ва жаноблар, БМТни тугатишга тайёрмисиз? Сизнингча, халқаро ҳуқуқ даври ўтдими? Агар жавобингиз «йўқ» бўлса, ҳозир ҳаракат қилишингиз керак. Зудлик билан ҳаракат қилинг», — дея чақирди Украина президенти.
Россия Бучадан олинган кадрларни «саҳналаштирилган» деб атади
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя россиялик ҳарбийларга қарши барча айбловларни рад этди.
У Бучада тасвирга олинган кадрларни «ўз радикаллари томонидан ўлдирилган» деб атади. «Улар Истанбулдаги тинчлик музокараларидан сўнг рус қўшинлари ташлаб кетган ҳудудларда ўлдирилган. Энди маълум бўляптики, бекорга ҳудудларни (рус қўшинлари назарда тутилмоқда) ташлаб кетишган экан. Мен, аввало, Буча ҳақида гапиряпман», — дея қўшимча қилди у.
«Биз сизнинг олдингизга Украина ерлари учун келганимиз йўқ. Биз Донбассга узоқ кутилган тинчликни олиб келиш учун келдик. Шунчаки сулҳ эмас, балки ҳақиқий тинчлик учун», — деди россиялик дипломат президент Зеленскийга мурожаат қилиб. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Олимпиада ғолибларини тайёрлаган тошкентлик ўқитувчи 1 миллиард сўм мукофот пули олди
Исроил ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” ракеталарини лазер қуроли билан уриб туширмоқчи. У қандай ишлайди?