17:01 / 06.04.2022
2 235

Британия бош вазири Россия аҳолисига рус тилида мурожаат йўллади

Британия бош вазири Россия аҳолисига рус тилида мурожаат йўллади
Фото: «Gov.uk»
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Россия аҳолисига янги видеомурожаат йўллади. У Британия ҳукумати раҳбарининг Twitter’даги саҳифасига эълон қилинган.

Ролик давомида Жонсон Бучадаги видеони намойиш этиб, у ерда нима содир бўлганини сўзлаб берган. Унинг айтишича, Россия ҳукумати содир бўлган воқеани яширишни хоҳламоқда. Жонсон Россия аҳолисини уруш ҳақидаги маълумотлардан эркин фойдаланиш учун VPN-сервислардан фойдаланишга чақирган.

«Россияликлар ҳақиқатни билишга ҳақли. Ҳақиқатни билишга лойиқсизлар», — дейди Жонсон видео аввалида рус тилида. Ролик якунида у яна рус тилида қўшимча қилган: «Президентингиз ҳарбий жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Аммо мен у сизларнинг номингиздан ҳаракат қилаётганига ишонмайман».

26 февраль куни, Украинадаги уруш бошланганидан икки кун ўтиб Борис Жонсон Россия аҳолисига қисман рус тилида видеомурожаат йўллаганди. Ўшанда у урушни тўхтатишга чақирган. Бундан бир ҳафта олдин эса учта VPN-сервис — Amnezia VPN, Proton ва HighLoad VPN мамлакатда блокланган ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва нотижорат ташкилотлар сайтларига бепул кириш имконияти тақдиим этилишини эълон қилган эди.

Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон Россия ҳукумати Бучадаги жиноят учун жавоб бериши кераклигини айтгани, Германия канцлери Олаф Шольц эса янги санкциялар эълон қилиши ҳақида маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Киев вилоятидаги Буча шаҳрида тинч аҳолининг қирғин қилингани 2 апрель куни, Россия ҳарбийлари чиқиб кетганидан кейин Украина армияси шаҳар устидан назорат ўрнатган пайтда маълум бўлди. Украина президенти маҳаллий аҳолининг ўлимида россиялик аскарларни айблади. Россия Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлганларнинг видео ва суратларини «провокация» ва «Ғарб оммавий ахборот воситалари учун Киев режимининг томошаси» деб атади. Вазирлик маълумотларига кўра, рус ҳарбийлари 30 март куни шаҳарни тарк этгунга қадар Буча шаҳридаги бирорта ҳам маҳаллий аҳоли «ҳеч қандай зўравонлик ҳаракатларидан жабр кўрмаган».

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британия бош вазири Россия аҳолисига рус тилида мурожаат йўллади