17:00 / 09.04.2022
2 779

Донбасс учун жанг: Россиянинг «Б» режаси ҳақида нималар дейишмоқда?

Донбасс учун жанг: Россиянинг «Б» режаси ҳақида нималар дейишмоқда?
Фото: Виктор Коротаев / Коммерсантъ
Россия 24 феврал куни Украинага кирганда асосий мақсади Украинани «демилитаризация» ва «денацификация» қилиш эканини айтганди, яъни Украинани миллатчилардан тозалаш ва мамлакат ҳарбий имкониятини йўқ қилиш. Аммо иккинчи ойга ўтган уруш йўналиши ва мақсадлари ҳам ўзгариб кетди. Уруш бошланишига сабаб қилиб келтирилган икки мужмал ибора ҳақида бугун ҳатто Россия томони музокараларда гапирмай қўйди.

Украина нафақат Россия, балки бутун дунё кутганидан яхшироқ тайёргарликка эга бўлиб чиқди, шу сабаб ўзидан бир неча баробар қудратли Россияга қарши туриб беришни эплаяпти. Вазият шунчаликка бордики, Россия ҳарбийларини Киев атрофидан олиб кетишга мажбур бўлди. Чунки у ерда жуда кўп йўқотишларга учради. 7 апрелга келибгина Кремль расмий вакили Песков мамлакат урушдан катта йўқотишларга учраганини тан олди.

Донбасс учун уруш
Ғарб разведка ташкилотлари Россия эндиликда бутун эътиборини Донбассни тўлиқ эгаллашга қаратиши ҳақида ёзмоқда. Худди шу разведка ташкилотлари Россия Украинага бостириб кириши ҳақида октябр ойида маълум қилганди. Шу боис улар тарқатган маълумотлар эътиборга молик. Хусусан, CNN билан суҳбатда бўлган разведка маълумотларидан хабардор америкалик мансабдорлар Россия 9 майга қадар Донбасс устидан тўлиқ назорат ўрнатишни истаётганини айтган. Россиянинг «Б режаси» айнан Донбассни тўлиқ эгаллаш экани ҳақида тобора кўп гапирилмоқда, Украина у ердаги ўз назоратида бўлган ҳудудлардан одамларни эвакуация қилмоқда. Донбасс учун кескин жанг кечиши тобора ҳақиқатга ўхшаб бормоқда.

Маълумот учун, Донбасс деганда Донецк ва Луганск вилоятларининг катта қисмини ўз ичига олувчи ҳудуд тушунилади.

Шойгу анонс қилганди
29 март куни 18 кун давомида кўринмай қолган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу омма олдида яна пайдо бўлиб, ҳисобот берганди. Шойгу Россияда «махсус ҳарбий амалиёт» деб аташ қабул қилинган урушда асосий вазифа бажарилгани, эндиги эътибор Донбассни «озод қилиш»га қаратилишини айтди. Шойгу урушнинг икки сабабидан бири бўлмиш «денацификация» босқичида қайси миллатчи тўдалар, Россия Киевдаги ҳукуматни эгаллаган деб ҳисоблайдиган қайси нацистлар ўлдирилгани ёки қўлга олингани ҳақида маълумот бермади. «Демилитаризация» босқичида Украина ҳарбий қудрати йўқ қилингани эса шундоқ ҳам кўриниб турибди. Айни дамда Украина ҳарбий кўринишда эмас, партизанчасига ҳимояланмоқда дейиш ҳам мумкин.

Икки хил сценарий: ёки фақат Донбасс ёки Қримгача қуруқликдан коридор
Киевни тарк этган Россия эндиликда Украина шарқида фаолликни ошириши деярли аниқ бўлиб улгурди. Чунки 9 май яқин, бу кунни Россияда қанчалик катта дабдаба билан нишонлаш маълум. Путин учун эса бу кун айниқса муқаддас ҳисобланади. Шу сабаб руслар айнан шу кунда урушдаги қандайдир ғалаба ҳақида эълон қилишни исташи тайин. Бу галги жангларда Россия икки мақсадни кўзлашини тахмин қилиш мумкин. Руслар ёки Донбассни тўлиқ эгаллашга ҳаракат қилади, ёки омади келса, ДХР ва ЛХРдан Қримгача қуруқликдан коридор ҳосил қилишга уринади.

Улар учун Қримгача коридор ташкил қилиш идеал ғалаба бўлиши аниқ, аммо бу осон бўлмайди. Чунки бу учун бутун Азов бўйидаги шаҳарларни эгаллаш керак бўлади. Биргина Мариупол ҳамон таслим бўлмаётгани ушбу вазифа қанчалик қийинлигини кўрсатиб турибди. Россия Мариупол марказини қўлга олганини маълум қилди, Украина стратегик муҳим шаҳарнинг жануби-ғарбинигина назорат қилмоқда. Мариупол қўлдан кетиши уруш тақдирига жиддий таъсир қилади.

Русларда янги қўмондон бўладими?
CNN билан суҳбатда бўлган америкалик ҳарбийлар Россиянинг урушдаги муваффақиятсизлигига сабаблардан бири сифатида умумий операцияни бошқарадиган қўмондон йўқлигини айтган. Америкалик ҳарбийлар Россия Донбасс учун жангларга қўшинни бошқарадиган бош қўмондон тайинлашини тахмин қилганди ва афтидан бу ҳақиқатга яқин, чунки Россия қўшинларини «махсус ҳарбий амалиёт»нинг кейинги босқичида Суриядаги урушларда фаол бўлган генерал Александр Дворников бошқариши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Генерал Дворников Россия Жанубий ҳарбий округи бош қўмондони ҳисобланади.

BBC билан суҳбатда бўлган ғарблик сиёсатчининг айтишича, Россиянинг ҳозиргача бўлган ҳаракатларида тарқоқлик кўзга ташланган. Дворниковнинг асосий вазифаси қўшинлар ўртасидаги бирдамликни таъминлаш бўлади. Суҳбатдошнинг айтишича, Дворников бош қўмондон бўлиши тарқоқликни бартараф этиши кутилмоқда.

Александр Дворников 1978 йилдан буён Россия армиясида хизмат қилиб келади. Армия генерали (генерал-полковникдан баланд, маршалдан паст лавозим) ҳарбий даражасига эга. Иккинчи чечен урушида ва Суриядаги урушда иштирок этган. 2016 йил Россия қаҳрамони унвони билан тақдирланган. Путин билан яхши муносабатда экани айтилади.

Кремль Сергей Шойгу ҳақидаги миш-мишларни рад этди, аммо Дворников Донбасс учун урушда чиндан бош қўмондон бўлса, бу Путин томонидан Сергей Шойгуга ишончсизлик билдирилганидан нишона бўлади.

Украина нима қилмоқда?
Украинада анчадан буён Россия Донбассга уруш бошлашга тайёрланаётгани ҳақида гапиришмоқда. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг айтишича, Ғарб Украинага қўшимча қуроллар бермаслиги ва Россияга қарши санкциялар қўлланмаслиги Донбассда уруш бошлаш учун русларга берилган сигнал бўлади: «Агар ҳозир бизга қўшимча қуроллар бермасангиз, Россияга қарши жиддий санкциялар киритмасангиз, Россия буни Донбассда қонли уруш очиш учун рухсат деб қабул қилади. Ўтган йилдаёқ санкциялар киритилиши керак эди, бундай қилинмади ва оқибатини кўрдингиз», деганди Зеленский.

Урушдаги Украина мудофаасининг асосий ҳарбий меъмори экани айтилаётган ҳарбий разведкачи Алексей Арестович 12 мартда Россия уч ҳафта ичида навбатдаги юришни бошлаши мумкинлигини айтганди. Арестович ўшанда Россия Украинага қарши уруш учун атаган 90 та тактик батальоннинг учдан бири йўқ қилинган ёки урушга яроқсиз ҳолатга келгани, қолганлар бошқа ерларга банд қилингани ҳақида гапирган. Бугун ўша бошқа жойлардаги ҳарбийлар Беларусга ва Россиянинг Украинага яқин бўлган жойларига олиб кетилган. Улар қайта тайёргарликдан ўтгач, Донбасс учун жангга ташланиши кутилмоқда.

Шунингдек, Россиянинг барча ҳудудларида кўнгиллилар йиғиш бошлаб юборилган, маҳаллий ҳокимликлар уларни урушга кузатаётгани ҳақида видеолар очиқ эълон қилинмоқда. Арестовичнинг айтишича, бутун Россия бўйлаб захирадаги ҳарбийларни ҳам йиғиш бошланган. Тува республикасидан урушга кетаётган кўнгиллиларни кузатиш маросимида кўриш мумкинки, одамларга «улуғ ватан уруши»га кетаётгани айтилган. Уларга ортга «фашистлар устидан ғалаба қилиб» қайтишни тилашган.

Арестович Россиянинг энг зўр ҳарбийлари мағлуб этилгани, янги чақирилганлар эса улардан кучли эмаслигини айтган. Унинг тахминича, Украина барчасини тўғри бажарса, Россия тез орада ҳимояланувчи ролида пайдо бўлади ва бир ойдан ортиқ мудофааланишга чидай олмайди. Бошқа экспертлар кунлар исиши Украина фойдасига ишлашини айтишмоқда, чунки Россиянинг оғир танклари ер юмшагач ҳаракатланишга қийналади, ер лой бўлса, ботиб қолиши ҳам мумкин.

Украинага С-400 берилди
Агар Россия яна ердан уришишда муваффақиятсизликка учраса, ракета зарбаларига ишонишга мажбур бўлади. Рус ракеталаридан ҳимояланиш учун эса Украинага рус ракета комплекси беришди. Словакия ниҳоят Украинага ваъда қилинган С-400 ракета комплексларини юбораётганини эълон қилди. Словакия АҚШ эвазига ўзида ишлаб чиқарилган ракета комплексларини берадиган бўлса, Украинага ўзида мавжуд С-400 ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилувчи зенит ракета комплексларини беришга розилигини айтганди. Демак, томонлар келишиб олган кўринади, чунки Словакия мудофаа вазирлиги комплекслар Украинага юборилаётгани тасвирланган видео эълон қилди.

Қўшимчасига Австралия ҳам Украинага зирҳли машиналаридан юборишини эълон қилди. АҚШ жуда катта партия «Javelin» юборишини айтганди. Агар улар етиб келса, Украина рус танкларидан кўп танкка қарши «Javelin» ракеталарига эга бўлади.

Урушдан чиқиш учун йўл
Ғарбда Донбасс учун жанг Россия учун урушдан чиқиш чораси деб ўйлаётган экспертлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг фикрича, Путин Украинани қийинчиликсиз, ортиқча техника ва одамларини йўқотмай таслим қиламан деб ўйлаган, аммо воқеалар кутилмаганда унинг режаларидан чиқиб кетган. Бу экспертларга кўра, Россия Донбассни тўлиқ олиб шу тариқа урушга мантиқий якун ясамоқчи бўлаётганини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Бу тахминда ҳам жон бор, чунки Ғарб санкциялари Россиянинг ҳар бир соҳасига зарба бермоқда, ҳарбий ишлаб чиқаришга ҳам. Бу эса оддий қурол етказиб бериш, техникаларни таъмирлашда жиддий муаммолар келтириб чиқаради. Яъни уруш чўзилиши Россия учун зарарга ишлайди.

АҚШ разведка маълумотларини беради
Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг айтишича, АҚШ Россиянинг Донбассга юриши ҳақида разведка маълумотларини Киев билан бўлишади. CNN бу америкалик расмийларнинг урушдаги иштироки ҳақида биринчи баёноти бўлганига эътибор қаратди, аммо Вашингтон урушда иштирокини рад этаётганди деб бўлмайди. АҚШ расман эълон қилиб юбораётган қуроллар бўлмаганда, Украина бугунги кунгача оёқда туриши қийин бўларди.

«Худди иккинчи жаҳон урушидай эслаб юришади»
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба НАТО мажлисида чиқиш қилар экан, Россиянинг Донбассга ҳужуми иккинчи жаҳон урушини эслатишини айтди. «Бизга ёки шу кунларда ёрдам берасиз, ёки жуда кеч бўлади», деган Кулеба. Унинг айтишича, Донбассга ҳужум амалга ошса, одамлар унинг даҳшатини иккинчи жаҳон урушини эслагандай эслаб юришади. Украина ТИВ раҳбарининг айтишича, Россия Донбассни эгаллашга минглаб танклар, самолёт ва зирҳли техникалар билан киришади.

Ўткир Жалолхонов.
Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Донбасс учун жанг: Россиянинг «Б» режаси ҳақида нималар дейишмоқда?