21:37 / 10.04.2022
1 922

Украинадаги вазият: Донбасс катта урушга тайёрланмоқда, Киевга миллиардлаб евролик ёрдамлар келмоқда

Украинадаги вазият: Донбасс катта урушга тайёрланмоқда, Киевга миллиардлаб евролик ёрдамлар келмоқда
Фото: Reuters
Донецк ва Луганск областлари раҳбарияти ҳудудда Россия армияси билан шиддатли жанглар кетаётгани туфайли маҳаллий аҳолини имкон қадар тезроқ эвакуация бўлишга чақирмоқда. Президент Володимир Зеленский мамлакатни шарқда ҳал қилувчи катта уруш кутаётганини маълум қилди. Ғарб мамлакатлари Украинага 10 млрд евролик гуманитар ёрдамлар ваъда қилишган, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Киевга ташрифида Лондон Украина армияси учун 120 та зирҳли техникалар ва кемаларга қарши ракеталар етказиб беришини маълум қилди.

Донецк ва Луганск областлари раҳбарлари яна бир бор Донбасснинг Украина назоратидаги ҳудудлари аҳолисини имкон қадар тез фурсатда хавфсиз жойларга кетишга чақирди.

Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай Украина телевидениеси эфирида асосий жанглар Попасная ва Рубежное атрофида кетаётгани, Россия ҳарбийлари ушбу ҳудудларда «мудофаа чизиғини ёриб ўтишга ҳаракат қилаётгани» ва бу йўналишга Россия томондан «доимий равишда техникалар олиб келинаётгани»ни маълум қилган.

Гайдайнинг сўзларига кўра, бу аҳоли пунктлари доимий равишда ўққа тутилмоқда ва маҳаллий полиция ертўлалар ва бомбапанагоҳларга тушиб, одамларни нисбатан хавфсиз ҳудудларга жўнаб кетишга ундамоқда.

Лисичанска мэри Александр Заика телеграм-каналида аҳолига мурожаат қилиб, шаҳарда қолиш хавфли эканини айтди. Урушга қадар Луганск областидаги ушбу аҳоли пунктида 100 мингга яқин киши яшаган.

«Отишмалар тинмаяпти, ўқ узишда давом этишмоқда. Бизнинг йигитлар ҳам ишлашмоқда ва маълум натижалар бор. Аммо шаҳардаги умумий вазият ўта мураккаб. Шунинг учун мен сизлардан эвакуация бўлишингизни сўрайман. Чунки шаҳарда бўлиш хавфли бўлиб бормоқда. Ҳамма ёқда душман снарядлари учмоқда. Бу ерда қолиш жуда, жуда ва жуда қийин ва қўрқинчли. Гуманитар ёрдам бор, аммо бу душман снарядлари учиб келаётганида сизни қутқара олмайди», деган Заика.

Британия разведкасига кўра Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар харитаси
Донецк областидаги вазият ҳам мураккаблигича қолмоқда. Краматорск вокзалига ракета зарбаси берилгач (бу ерда 52 киши ҳалок бўлган), темирйўл орқали эвакуация Славянск шаҳридан амалга оширилмоқда.

«Шарқда ҳал қилувчи жанг»
Украина президенти Володимир Зеленский Киевга ташриф билан келган Австрия канцлери Карл Негаммер билан музокаралардан кейин ўтказилган брифингда Украина қуролли кучлари мамлакат шарқи ва жанубида муҳим жангга тайёрланаётганини маълум қилди.

«Афсуски, биз мамлакатимиз шарқида муҳим, айримлар таъбири билан айтганда ҳал қилувчи жангга тайёргарлик кўрилаётганини кўрмоқдамиз. Бу ҳақда гапириш мен учун қийин ва мен прогнозлар билдириш учун масъулиятни зиммамга олмайман. Мен фақат давлатимизнинг ҳимояси учун масъулиятни зиммамга олишим мумкин», деган президент.

Сўнгги 10 кун мобайнида Россия ҳарбийлари Украина шимолидаги Киев, Чернигов ва Суми областларини тарк этишди. Москва томони бу музокаралар чоғида «ўзаро ишонч даражасини ошириш белгиси» бўлганини айтган, аммо Ғарбдаги экспертлар ва Украина ҳукумати Россия армияси Киев атрофидаги жангларда жиддий ҳарбий мағлубиятларга учрагани ва энди барча эътиборни Донбассга қаратишга мажбур бўлганини айтишган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, эндиликда урушнинг асосий воқеалари Харьков атрофида, шарқдаги областлар ва Украина жанубида, хусусан, Запорожье ва Херсон областларида (бу икки регион Қрим билан чегарадош ва ҳозирда бу ҳудудларнинг бир қисми Россия қўшинлари томонидан ишғол этилган) бўлиб ўтади.

Зеленский кўп нарса Мариупол тақдирига боғлиқ эканини қайд этган - ушбу порт шаҳар россиялик ҳарбийлар томонидан тўлиқ қуршовга олинган, руслар шаҳарнинг бир қисмини назорат қилмоқда, аммо шаҳардаги украин ҳарбийлари қаттиқ қаршилик кўрсатмоқда.

«Жараён қандай давом этиши кўп нарсага боғлиқ. Мариуполь дош бериб турибди, Мариуполь бундан кейин ҳам туриб бера оладими. У ерда энг кучли ҳарбий қисмларимиздан бири жойлашган. Улар учун ва давлатимиз учун - бу катта синов. Бугунги кунда уларни россиялик 10 минг ҳарбийлар ўраб турибди. Агар биз Мариуполни сақлаб қола олсак, бу 10 минг ҳарбий ҳам ўша ерда қолади ва шарққа бормайди», деган Украина президенти.

Борис Жонсоннинг Киевга сафари
Шанба куни Киевга Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан келди. Жонсон Украина президенти билан музокаралар ўтказди ва Киевга қўшимча ёрдам сифатида 120 та зирҳли техника ва кемаларга қарши янги ракета тизимлари етказиб берилишини маълум қилди.

Жума куни Жонсон Краматорскдаги вокзалга қилинган ҳужумга жавобан Лондон Украинага 100 млн фунт миқдорида қўшимча ҳарбий ёрдам жўнатишини эълон қилганди. Етказиб бериладиган қуроллар қаторида танкка қарши ва ҳаво ҳужумига қарши ракета тизимлари, шунингдек камикадзе дронлар ҳам ўрин олган.

Зеленский билан учрашувда британлар бош вазири Украина барча прогнозларга терс ўлароқ, Россия қўшинларини Киевдан чекинтиргани ва XXI асрнинг энг буюк ҳарбий жасоратини намойиш этганини таъкидлаган. Куннинг иккинчи ярмида Жонсон ва Зеленский Киевни айланди.

Украинага 10 млрд евролик гуманитар ёрдам ваъда қилинди
Польшада «Stand Up For Ukraine» халқаро конференцияси иштирокчилари Украинага 10,1 млрд евролик гуманитар ёрдам жўнатишни ваъда қилишди.

Анжуманда иштирок этган донорлар орасида турли давлатлар ҳукуматлари, компаниялар ва банклар бор; унинг ташкилотчиси Еврокомиссия, Канада ва Global Citizen халқаро инсонпарварлик ташкилоти.

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Европа иттифоқи раҳбарияти Украина ва ушбу мамлакатдан қочқинларни қабул қилаётган мамлакатлар учун 1 млрд евро ажратилишини маълум қилди. Бу суммадан 600 млн евро Украинанинг ўзида қочқинларга ёрдам кўрсатишга, яна 400 млн евро - уларни қабул қилаётган давлатларга йўналтирилади.

Энг кўп украиналикларни Польша қабул қилган - 2,6 млн киши ёки жами қочқинларнинг 60 фоизи.

Жума куни фон дер Ляйен, шунингдек ЕИнинг хорижий ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий комиссари Жозеп Боррель ва Словакия бош вазири Эдуард Гегер Киевга келиб, пойтахт яқинидаги Буча шаҳрига келган ва Россия ҳарбийлари ишғоли вақтида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакилларини хотирлашганди.

Миргородга зарба
Россия ҳарбийлари Украина марказидаги Полтава областида жойлашган Миргород шаҳридаги инфратузилма объектларига зарба йўллади. «Жиддий вайронгарчиликлар. Афсуски, икки киши жабрланган. Улар ёрдам олишмоқда», дея ёзган телеграм-каналида Полтава области маъмурияти раҳбари Дмитрий Лунин.

Россия мудофаа вазирлиги шанба кунги брифингда Миргороддаги аэродромга зарба берилганини хабар қилган. Вазирлик расмийси Игорь Конашенковнинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида «Украина ҳаво кучларининг МиГ-29 қирувчиси ва Ми-8 вертолёти, шунингдек авиация воситалари омбори йўқ қилингани» айтилган. Бундан ташқари, Конашенковнинг сўзларига кўра, тунда «Украина қуролли кучларининг Днепропетровск областидаги Новомосковск аҳоли пункти ҳудудидаги ўқ-дори омборхонаси» йўқ қилинган.

Вакарчук россияликларга, немис канцлери - Путинга мурожаат қилди
Украинадаги таниқли гуруҳлардан бири «Океан Эльза» етакчиси Святослав Вакарчук россияликларга рус тилида видеомурожаат қилиб, жим турганларни қоралади ва намойишга чиққанларга миннатдорчилик билдирди.

Рок-мусиқачиси, айни вақтда эса ҳудудий мудофаа қисми жангчиси бўлган Вакарчук сўнгги вақтларда унга мухолифатчи нашрлар журналистлари мурожаат қилиб, бўлаётган ҳодисалар бўйича муносабат сўрашаётганини айтган.

«Булар сизсиз, Россия халқи, бугун бизнинг уйларимизни вайрон қилиб, қарияларимиз, болаларимиз ва аёлларимизни ўлдириб, зўрлаб, талончилик қилаётган тўнғизларни сиз етиштиргансиз», деган Вакарчук видеомурожаатида.

«Бизга телефон орқали ёки фейсбукда ҳамдардлик билдириш керак эмас, бизга ҳаракатлар керак (...) Кимки жасурлик билан намойишларга чиққан ёки очиқчасига Россия армияси ваҳшийликлари ҳақида ўз позициясини билдирган бўлса, алоҳида миннатдорчилигимни изҳор қиламан», - деган у.

Шанба куни Германия канцлери Олаф Шолц ҳам шу қадар ҳиссиёт билан Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилди.

«Сен ўз мамлакатинг келажаги вайронкорисан», деган Германия ҳукумати раҳбари россияликлар президентига Социал-демократик партиянинг Любекдаги сайловолди митингида «сен» дея мурожаат қилиб.

Канцлер шунингдек, Бучадаги ҳарбий жиноятларда айбдор бўлганлар жавобгарликка тортилиши лозимлигини қайд этган. «Буни унутиб бўлмайди» Шолц ва Берлин бундан кейин ҳам Украинани мудофаа қуроллари билан таъминлашда давом этишини қўшимча қилган.

У Путин «XIX, XVIII, XVII ва бошқа асрларга хос» бўлган империяча фикрлаши билан ажралиб туришини айтган. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги вазият: Донбасс катта урушга тайёрланмоқда, Киевга миллиардлаб евролик ёрдамлар келмоқда