Мариупол. Maxar Technologies / AFP / Scanpix / LETA
Юзлаб тадқиқотчи иқтисодчиларни бирлаштирган Centre for Economic Policy Research (CEPR) маркази «Украинани қайта қуриш режаси» номли ҳисоботини эълон қилди. Бу иқтисодчилар ва оммавий ахборот воситалари томонидан Европа Иттифоқининг фаол иштирокида мамлакат иқтисодиётининг урушдан кейинги тикланиш сценарийси ёки Украина учун «Маршалл режаси» сифатида аталмоқда.
Ҳисобот муаллифлари орасида MIT, Ҳарвард, Стокҳолм ва Киев иқтисод мактаблари профессорлари бор. Ушбу лойиҳанинг асосий муаллифи сифатида асли украиналик, Киев-Могила академияси битирувчиси, охирги ўн йилликнинг энг таниқли иқтисодчиларидан бири, Беркли университети профессори Юрий Городниченко номи тилга олинган. «Медуза» нашри Городниченко билан урушдан кейинги Украинани тиклаш қандай кечиши ҳақида суҳбатлашди.
— Нима учун Украинани тиклаш режаси ҳозирданоқ муҳокама қилинмоқда? «Маршалл режаси» ҳам, уруш тугагач, 1948 йилдан бошлаб амалга оширила бошланганди?
— Биринчидан, хатолардан сабоқ олишимиз керак. «Маршалл режаси» уруш тугаганидан бир неча йил ўтгач тайёр бўлди ва бу давр мобайнида Европа қийин кунларни бошдан кечирди. Агар «Маршалл режаси»ни ишлаб чиқиш илгарироқ бошланганда эди, кўп азоб-уқубатлар ва оғриқлардан қочиш мумкин бўларди. Демак, қайсидир маънода ўтмишдаги хатоларни ҳисобга олдик.
Иккинчидан, уруш давом этмоқда, унинг қандай тугаши ҳали ҳам ноаниқ. Аммо бу Украинани тиклаш ҳақида ўйлаш вақти эмаслигини англатмайди. Иккинчи жаҳон уруши тажрибасини кўриб чиқайлик: советлар иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия уруш давом этаётган пайтда ўтказилган Ялта конференциясида дунёнинг урушдан кейинги тартиботини муҳокама қилишганди.
Украинани қайта қуриш дастури жуда ҳам мураккаб воқеа, кўплаб ташкилий ҳаракатлар, мувофиқлаштиришларни талаб қилади. Уруш тугагач, Украинани тиклашга ёрдам беришга қаратилган бу янги режа аллақачон ишлашга тайёр ҳолатга келтирилган.
— Сизлар ишлаб чиққан режа келажак ҳақидаги бир неча тахминларга асосланган, аммо унда уруш қанча вақт давом этиши ҳақида айтилмаган. Ҳисоб-китобларда урушнинг қанча вақт давом этиши мумкинлигини ҳам прогноз қилганмисизлар?
— Ҳисоб-китобларда келтирганимиздек, урушдан кейинги қайта қуриш ишлари учун 200 дан 500 миллиард еврогача маблағ керак бўлади. Бу 2022 йил март ойидаги ҳолат бўйича ҳисобланган рақамлар. Уруш қанча узоқ давом этса, Украинани тиклаш учун шунча кўп пул талаб қилинади. Умид қиламанки, уруш тезроқ тугайди. Давом этаётган урушнинг ҳар бир куни Украинага жуда кўп азоб-уқубатлар, ўлим ва ҳалокат олиб келади.
— Сизнинг режангизга кўра, Европа Иттифоқи Украинани урушдан кейинги қайта тиклаш ишларида фаол иштирок этиши керак. Бу борада Европа етакчиларида етарлича сиёсий ирода борми? Европа Иттифоқи зарур маблағ ажрата оладими?
— Вақт кўрсатади. Айтган бўлардимки, бугунги кунда Европадаги мунозаралар даражаси ва табиати уруш бошланишидан олдин кузатганимиздан бутунлай бошқача. Ўшанда Украинанинг ЕИга қўшилиш истиқболи анча ноаниқ эди. Яқинда уруш давом этаётганига қарамай Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жосеп Боррелл, Европа парламенти президенти Роберта Метсола Украинага келди. Тасаввур қилинг, сиз уруш ҳудудига боришингиз керак, бу эса катта хавфни англатади. Бундай вазиятда фақат ўзингиз учун муҳим бўлган ҳудудгагина боришингиз мумкин. Сўров натижаларига кўра, Украинани Европа Иттифоқида аъзо сифатида кўришга тайёр бўлган давлатлар сони ортиб бормоқда.
Ростини айтсам, ҳозирда Украина Европа идеаллари: эркинлик, ўз тақдирини ўзи белгилаш учун курашмоқда. Бошқа давлатлар Украина ўз эркинлигини ҳимоя қилиш учун қилаётган қурбонликларга тайёр бўлишига ишончим комил эмас. Менимча, Украина Европа Иттифоқида ўз ўрнини топади. Ўйлайманки, бу содир бўлади.
— Сизнингча, урушни тўхтата оладиган иқтисодий санкциялар борми?
— Турли ҳисоб-китобларга кўра, агар Россия нефть ва газ экспортидан даромад ололмаса, жуда қийин аҳволга тушиб қолади. Урушни молиялаштириш учун етарли ресурслар бўлмаса, узоқ вақт давомида ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш қийин бўлади.
Агар Россия Ғарбий Европага нефть ва газ етказиб бера олмаса, жиддий молиявий муаммоларга дуч келиши аниқ. Шундай экан, агар Россия энергетика соҳасига нисбатан санкциялар жорий этилса, бу урушнинг тезроқ тугашига ҳисса қўшиши мумкин бўлган муҳим омил бўлади, деб ўйлайман.
— Жаҳон банкининг собиқ бош иқтисодчиси Пенни Голдберг санкциялар самарасизлиги, улар боши берк кўчага олиб келиши ва киритилган давлат томонидан янада кўпроқ тажовузни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида ёзди. Унинг фикрича, урушни санкциялар эмас, балки дипломатия тўхтатиши керак. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?
— Уруш бошланишидан олдин дипломатик ечим топишга бир неча бор уринишлар қилинди, аммо бу урушни тўхтата олмади. Ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган пайтда ҳам дипломатик ечим қайта-қайта муҳокама қилинди, аммо бу ҳам иш бермади. Россиянинг Украинадаги қилаётган хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб, 2022 йил январь ойидаги статус-квони сақлаб қолиш ҳақида жиддий гапириш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Демак, ечим савдо санкциялари, энергия эмбаргоси каби кескин чоралар текислигида ётади. Бу чора-тадбирлар ҳамма учун оғриқли бўлади, лекин шу билан бирга, ким кўпроқ йўқотишларга дучор бўлиши мумкинлиги жуда ҳам муҳим жиҳат.
Глобал нуқтайи назардан, Россия кичик бир очиқ иқтисодиёт бўлиб, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 2 фоиздан камроғини ташкил этади. Бу борада Европа Иттифоқининг улуши Россиядан 10 баравар кўп. Яъни, Европа Иттифоқи энергия эмбаргоси ва санкциялардан омон қола олади, аммо Россия бунга қодир эмас. Худди шу жиҳат АҚШга ҳам тааллуқли. Уларнинг иқтисоди Россияникидан 10 баравар катта, шунинг учун санкцияларни қўллаш Қўшма Штатлар учун кичик харажат, лекин Россия учун катта йўқотиш. Бу каби омиллар Россиянинг хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбур қилиши мумкин.
— Яқинда машҳур иқтисодчи Дарон Ажамўғли Ғарб Россия элитаси уларнинг молия тизимидан фойдаланган ҳолда яширган ноқонуний активларига эътибор қаратиши кераклиги ҳақида ёзди. Ғарб давлатлари Россия активларини мусодара қилишга тайёрми? Умуман, бу амалиётни амалга ошириш мумкинми?
— Ҳа, бу реалистик. Эсингизда бўлса, Иккинчи жаҳон урушидан олдин Германиянинг АҚШда активлари бор эди ва урушдан сўнг, бу маблағлар мусодара қилиниб, товон тўлаш учун ишлатилган. Ироққа ҳам шу каби амалиёт қўлланган. Ироқда катта нефть захиралари бор. Кувайт билан урушдан кейин унга нефть экспорт қилишга рухсат берилди, бироқ етказиб беришдан тушган даромаднинг бир қисмини Кувайтга 30 йил давомида компенсация қилиш учун йўналтиришга мажбур эди. Бу вақт ичида Ироқ жами 50 миллиард доллар тўлаган. Демак, тажрибадан ўтган прецедент бор.
Яна бир мисол, АҚШда активлари бўлган Афғонистон. «Толибон» ҳокимиятга келиши билан бу активлар тортиб олинди ва бошқа эҳтиёжларга йўналтирилди. Бу Россияга нисбатан қандай татбиқ этилишини аниқ билмайман, чунки жуда қийин ҳуқуқий жараён ҳисобланади. Аммо назарий жиҳатдан буни амалга ошириш мумкин.
— Украинани тиклаш бўйича дастурингиздаги муҳим масала энергетика хавфсизлиги жиҳатдан Украинанинг Россияга қарамлигини камайтиришдир. Ўтган давр мобайнида Европа Иттифоқининг ривожланган иқтисодиётга эга бўлган мамлакатлари ҳам бундай қила олмади. Урушдан кейинги Украина бу ишни қандай уддалаши мумкин?
— Тўғри, Европа Россиянинг энергетика ресурсларига қарамлигини камайтириш ўрнига кучайтирди. Аммо бу онгли танлов эди. Улар энергияга қарамлик хавфсизликка хавф туғдиришини ва бундан эҳтиёт бўлишлари кераклигини эртароқ англаб етишлари керак эди. Украинага Россиядан энергия ресурсларини импорт қилиш тўхтатилиши ҳақиқатми? Менимча, ҳа. Масалан, Украина электр энергиясининг 60 фоизи мамлакатдаги атом электр станцияларида ишлаб чиқарилади ва аллақачон Россиядан ядро ёнилғисини сотиб олмаслик эълон қилинган.
Олдин Украина Россия ва Беларус энергетика тизимининг бир қисми эди, аммо ҳозир у Европа Иттифоқи энергия тизимига уланган. Бу энергетик мустақилликка эришиш йўлидаги улкан қадамдир. Агар Украина ортиқча электр энергияси ишлаб чиқарса, уни Европа Иттифоқига экспорт қилиши мумкин, агар етарлича электр энергияси ишлаб чиқарилмаса, Европа Иттифоқидан импорт қилиниши мумкин. Бу ҳар икки томон учун ҳам фойдали. Худди шу нарсани нефть билан ҳам, газ билан ҳам, кўмир билан ҳам қилиш мумкин.
— Россия нефти ва газини Европага етказиб беришнинг тўлиқ тақиқланишини кўрамизми?
— Менимча, ҳозир Россиядан энергия ресурсларини сотиб олиш ахлоқсизликдир. Аслида, бу жуда кўп сонли украиналикларни ўлдирадиган режимни молиялаштиради. Буни Германия ва бошқа кўплаб мамлакатлардаги сайловчилар ҳам ёқтирмаслиги аниқ. Ўйлайманки, агар биз кимёвий қуролдан фойдаланиш, янги Буча ёки бошқа ваҳшийликлар такрорланишини кўрсак, 90 фоиз эҳтимол билан бу реалликка айланади.
— Украинани тиклаш дастурингизда тилга олинган яна бир фаразий тўсиқ – коррупция ва давлат бошқаруви сифатининг пастлигидир. Урушдан кейинги қайта қуриш ва ундан кейинги даврда коррупцияни енгиб ўтишни қандай кўрасиз?
— Биринчидан, биз ҳеч қачон коррупция нолга тенг бўладиган дунёни кўрмаймиз. Ҳатто Швеция, Финландия ёки Дания каби мамлакатларда ҳам коррупция у ёки бу шаклда мавжуд. Коррупциядан бутунлай қутулиш мақсади реал эмас.
Иккинчидан, коррупцияга қарши курашиш учун ғилдиракни қайта ихтиро қилишнинг ҳожати йўқ. Буни амалга оширишингиз мумкин бўлган жуда кўп махсус воситалар мавжуд. Масалан, бизнинг дастуримизда, қилинадиган лойиҳалар қарор қабул қилувчиларнинг дўстлари ва қариндошлари ўртасида тақсимланмаслигини таъминлаш учун қатъий тартиб-қоидалар мавжуд. Шаффофлик ва жавобгарлик бўлади. Украина Европа Иттифоқида ишлаб чиқилган институтлар ва коррупцияга қарши расмий амалиётлардан фойдаланиши мумкин.
Тажриба шуни кўрсатадики, урушдан кейинги қайта қуриш ҳатто коррупция билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлган мамлакатларда ҳам муваффақиятли бўлиши мумкин. Мисол учун, Италияда Иккинчи жаҳон урушидан кейин коррупция ҳақида жиддий хавотирлар мавжуд эди. Аммо у ерда тикланиш дастури охир-оқибат муваффақиятли кечди, чунки одамлар ягона мақсад билан мазмунли ҳаракат қилишди. Менимча, Украинада ҳам шундай бўлади.
— Сизнинг режангиз аллақачон Украина учун янги «Маршалл режаси» деб аталмоқда: улар ўртасида жуда кўп ўхшашликларни ҳам келтириш мумкин. «Маршалл режаси»да Қўшма Штатлар марказий ролни ўйнаган бўлса, сизда бу Европага берилган. АҚШнинг у ёки бу шаклдаги иштирокини ҳам тасаввур қиласизми?
— Ҳа. Европа Иттифоқи марказий ўйинчи бўлади деб тахмин қилишимизнинг асосий сабаби шундаки, агар Украина ва Европа Иттифоқи бир нуқтада бирлашса, асосий ролни (қайта қуришда) Европага бериш мутлақо оқланади, чунки шу йўл билан Украина ва Европа Иттифоқи ўз манфаатларини мувофиқлаштириши мумкин. Украина АҚШнинг штатига ёки Канаданинг провинциясига айланмоқчи эмас, шунинг учун уларга марказий ролни бериш бефойда. Лекин албатта, бошқа давлатлар ҳам қайта қуришда ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
— Украинага молиявий ёрдам давлатлар бюджетидан жалб қилинадими ёки хусусий манбалардан?
— Ҳар қандай шаклда. Бизнинг режамиздаги асосий тамойил шундан иборатки, урушдан кейинги қайта қуриш кредитлар ҳисобидан молиялаштирилмаслиги керак, чунки мамлакат аллақачон жуда оғир аҳволда қолди ва унинг қарзларга хизмат кўрсатиш имконияти чекланган. Шу сабаб жалб қилинадиган маблағлар беғараз ёрдам, грантлар кўринишида бўлиши керак.
— Беш йилдан кейинги Украинани қандай тасаввур қиласиз?
— Бу мен учун жуда қийин савол. Мен умидларимни прогнозларимдан ажрата олмайман. Умид қиламанки, Украина ҳудудий яхлит, эркин, демократик давлат бўлади. Европа Иттифоқига қўшилиш йўлида ҳаракат қилаётган ёки аллақачон иттифоққа кирган бўлади. Тинчлик ҳукм суради. Мен Украина учун шундай келажакни хоҳлардим. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди