Фото: BBCRussian
Украинадаги можаро мамлакат шарқига кўчган, бу ердаги Украина қуролли кучлари жанговар тажриба ва яхши тайёргарликка эга ҳисобланади. Таҳлилчиларнинг ҳисоблашича, Украина армиясининг энг яхши бўлинмалари шарқда, Россия ҳужумини қайтариш учун тайёрланган позицияларни эгаллаб турибди.
Шу вақтгача украин ҳарбийлари Россия армияси юришларига қаттиқ қаршилик кўрсатиб келмоқда, аммо россиялик ҳарбийлар аста-секинлик билан илгарилаган ва айрим ҳудудларда улар сон жиҳатдан Украина қуролли кучларидан жиддий устунликка эга бўлиши мумкин.
Муҳим жанглар қаерда бўлиб ўтади?
Россия расмий шахслари эндиликда бор эътибор Донбассни - Украинанинг шарқдаги вилоятлари Луганск ва Донецкни «тўлиқ озод этиш»га қаратилишини таъкидлаб келади.
Лекин Украина шарқидаги ҳудудлар рельефи россиялик ҳарбийларнинг олдинга силжиши учун қатор муаммолар туғдириши мумкин.
Мамлакат шимоли билан солиштирганда бу ҳудуднинг катта қисмини ўрмонзорлар ташкил этади ва таҳлилчилар бу омил Украина кучларига қўшимча ёрдам бериши мумкинлигини тусмол қилишмоқда.
Урушларни ўрганиш институтига кўра, катта эҳтимол билан Славянск учун жанглар урушнинг кейинги энг муҳим босқичи бўлади.
Агар шимолдан Изюм томондан келаётган россиялик ҳарбийлар шаҳарни эгаллай олишса, улар шарққа томон ҳаракатланиши ва Украина ҳарбийларининг кичик гуруҳини ўраб олиши ёки жанубга юришда давом этиб, Украина армиясининг катта контингентини қуршовга олишга ҳаракат қилиши мумкин.
Агар Мариупол қуласа, Россия қамалдан бўшаган кучларини шимолга, Донецкдан ғарбдаги ҳудудга юбориш имкониятига эга бўлади.
Украина армияси қандай тайёрланмоқда?
Халқаро стратегик тадқиқотлар институтидан истеъфодаги бригада генерали Бен Баррининг фикрича, Украина қуролли кучларида мудофаага тайёрланиш учун йиллар бўлган ва Россия кучларига уларни позицияларидан чекинтириш осон кечмайди.
«Украина томони нафақат Биринчи жаҳон уруши намунасидаги хандақларга эга, балки улар ҳимояланадиган муҳим шаҳар ва қишлоқлар ҳам мустаҳкамланган», дейди у.
Унинг сўзларига кўра, украин зирҳли техникалари ва артиллериялари олдиндан тайёрланган ер остидаги пана жойларга яширилган.
Украин аскари Харков атрофидаги окопда туриб руслар дронини ўққа тутмоқда. Фото: Getty Images
Шарқдаги кўплаб украин ҳарбийлари катта жанговар тажрибага эга - улар 2014 йилда бошланган можародан буён Донбассдаги айирмачиларни тийиб турибди.
Агар Украина ҳарбий қўмондонлиги мамлакат шимолидан россиялик ҳарбийлар кетгач, Киев мудофааси учун зарур бўлмаган бўлинмаларни шарққа кўчиришга қарор қилса, бу ҳудуд ҳимоясида турувчилар сони ҳам ошади.
Россия армияси қандай ҳужумга ўтиши мумкин?
Баррининг ҳисоблашича, Россия, катта эҳтимол билан артиллерия ва авиациядан фаол фойдаланиб, Украина қуроллари кучларининг яхши мустаҳкамланган мудофаа позицияларини бузишга ҳаракат қилади ва шундан кейин қуруқлик орқали юриш бошлаши мумкин.
Украина ҳарбийлари билан олдиндан артиллерия зарбалари бермасдан, юзма-юз тўқнашиш Россия армияси учун катта йўқотишларга олиб келади ва мағлубият хавфини жиддий даражада оширади.
Истеъфодаги генерал Баррининг ҳисоблашича, Россияда узоқ масофадан зарбалар йўллаш учун етарлича воситалар мавжуд. Хусусан, Россия армиясида жуда кўплаб ўзиюрар артиллерия қурилмалари мавжуд ва бу жуда муҳим омил бўлади.
Ўзиюрар артиллерия қуроллари ташқи кўринишдан танкка ўхшайди. Ундан юқорилатиб ўт очилади, у дала тўпларига қараганда яхши ҳимояланган ва рақиб мудофааси ёриб ўтилган тақдирда, тезда янги позицияларни эгаллаши мумкин.
Аммо катта эҳтимол билан ёриб ўтиш учун бундай имкониятлар кўп бўлмайди - фронт чизиғидаги кўплаб участкалар анча турғун ҳолатда бўлади.
Россия армиясида украинлар позицияларини узоқ масофалардан ўққа тутиш учун баравар ўт очувчи реактив тизимлар ҳам бор ва улар кенг қўлланиши тайин.
«Град» тизими 20 сонияда 40 ракета учириши мумкин. Уруш бошланганидан буён «Град» билан Украинадаги кўплаб аҳоли пунктларига ҳалокатли зарбалар берилди, Харков, Мариупол ва бошқа шаҳарлардаги кварталлар харобага айлантирилди.
Айрим хабарларга кўра, Украинанинг айрим ҳудудларида, жумладан Донецк вилоятида Мариуполда ва Харковдаги Изюмда Россия армияси термобарик қуроллар қўллаган.
Термобарик ўқ-дорилар худди шу ўлчамдаги анъанавий порловчи қурилмаларга нисбатан анча ҳалокатли ҳисобланади. Улар ёнувчи аралашма булутини ҳосил қилади, кейин ўша булутни ёқиб юборади, катта олов тўпи ва кучли портлаш тўлқини вужудга келади.
Британия қироллиги мудофаа тадқиқотлари институти ходими Сэмюэл Крэнни-Эванснинг ҳисоблашича, бундай ўқ-дорилар биринчи навбатда шаҳар шароитидаги ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш учун мўлжалланган, чунки дастлабки зарбадан сўнг тарқаладиган ёнувчи аралашма булути портлашдан олдин бинолардаги бўшлиқларга сингиб кириши мумкин.
Агар Россия артиллерияси Украина қуролли кучларининг асосий истеҳкомларини бузишга муваффақ бўлса, катта эҳтимол билан, Украина кучлари зарбалари остида қоладиган ҳудудни тезда босиб ўтиш учун танклар қўллаб-қувватловидаги моторлаштирилган пиёда қисмларни олдинга ташлайди.
Ҳужумни ҳаводан қўллаб-қувватлаш учун қирувчи-бомбардимончи самолётлар ҳамда зарбдор вертолётлар қўлланади.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий амалиётларни ёдга соладиган даражада бўлишидан огоҳлантирган.
Россияни нима тўхтатиши мумкин?
Таҳлилчилар ҳозирча Россия ҳарбийлари кампаниянинг илк даврида кузатилган жиддий логистик муаммоларни ҳал қилгани ҳақида ишонч билан айта олишмайди.
Биринчи ҳафтада қўшинларга ёнилғи, озиқ-овқат, ичимлик суви ва зарур жиҳозлар, масалан, радиоалоқа воситалари ва қишки кийимлар етишмаганди.
«Жанговар тайёргарлик, мотивация ва етакчилик ҳам муҳим ўрин тутади. Россия Киев атрофида ўзини яхши кўрсата олмади ва биз улар бундан сабоқ чиқарганми, йўқми, билмаймиз», дея ҳисоблайди бригада генерали Барри.
Айрим маълумотларга кўра, Россия урушнинг биринчи босқичида Украинага қараганда уч баробар кўпроқ ҳарбий техникасидан айрилган.
Ҳозирча бу шарқдаги амалиётнинг боришига қандай таъсир кўрсатиши номаълум, аммо йўқотилган қуролларнинг ўрнини тўлдириш жиддий муаммога айланиши мумкин.
Харков атрофида яксон этилган рус танки. Фото: Getty Images
Oryx ҳарбий таҳлиллар сайти томонларнинг ҳарбий техникалардаги йўқотишларини ҳисоблаб чиққан - рўйхатга фақат фото ёки видеолар билан ҳужжатлаштирилган ҳолатлар киритилган.
Сайт баҳоларига кўра, Россия апрель ойи бошига келиб 400 дан ортиқ танкини йўқотган, шунингдек 20 самолёт, 32 вертолёт, юзлаб зирҳли техникалар ва бошқа машиналар.
Украина томони йўқотишлари камлиги мамлакат қуролли кучлари ҳажми кичикроқлиги билан изоҳланади - шу билан бирга бу Украина қуролли кучларининг тактик муваффақиятларининг далили сифатида ҳам талқин қилиниши мумкин.
Украина кўп миқдорда Россия ҳарбийларининг қолдириб кетган ҳарбий техникаларини ҳам эгаллаб олган, аммо улар қанчалик фойда келтириши номаълум.
Американинг Ҳарбий-денгиз кучларини таҳлил қилиш маркази ходими Майкл Кофман шундай дейди: «Бу техникалар жиҳозланиб, фойдаланишга яроқли ва зарур нуқталарга юборишга тайёр бўлгунига қадар маълум вақт ўтади. Қўлга киритилган бир неча танклар ёки БМПлар - бу ҳали зирҳли танклар бригадаси дегани эмас».
Узоқ муддатли истиқболда Россия ҳал қилувчи устунликка эришиши мумкин, айниқса Ғарб давлатлари асосан мудофаа қуроллари етказиб бериш билан чекланадиган бўлса.
Крэнни-Эванс айтади: «Украинанинг ҳар бир йўқ қилинган «Град» ракета тизими ёки гаубицаси ўрнига кўп ҳолатларда янгиси бўлмайди. Аммо Россияда ҳамон ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд, шунинг учун россиялик ҳарбийларни бу йўқотишлар мушкул аҳволга тушириб қўймайди. Бу уруш узоқ чўзилар экан, вақт Россиянинг фойдасига ишлайди».
Украина армияси сондаги устунликка эмас, мобилликка таянади
BBC корреспонденти Жонатан Билл шарқдаги украин ҳарбийларининг артиллерия позицияларидан бирида бўлган.
«Ҳарбий ҳаракатларнинг асосий қисми очиқ майдонларда ўтказилади. Украин ҳарбийлари мудофаа позициясида устунликка эга, улар окопларда жойлашиб улгуришган.
Биз Россия авиацияси пайдо бўлишидан хавфсираб осмонга қараймиз, аммо Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамон мавжуд. Биз радар ва зенит қурилмалари ўрнатилган машинани кўрдик, аммо биздан уни тасвирга олмасликни сўрашди.
Артиллерия позициясида биз кўплаб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини, шу жумладан Ғарб мамлакатлари томонида етказиб берилган, ташиб юриш мумкин бўлган «Стингер» зенит-ракета мажмуаларини кўрдик. Улар Россия дронлари ёки ҳарбий самолётлари томонидан хавф туғилган тақдирда фойдаланиш учун тайёр ҳолатда.
Бундай қуроллар ушбу урушда муҳим рол ўйнамоқда: Россия ҳавода устунликка эга бўлса-да, улар осмонда тўлиқ назорат ўрната олишмади». Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трамп қайси хорижий мамлакатлар етакчилари билан телефонлашгани маълум бўлди