08:00 / 20.04.2022
1 901

Қуёш тизимидаги энг совуқ жой топилди

Қуёш тизимидаги энг совуқ жой топилди
Фото: Rrbkomar / Getty Images
Фазода ҳарорат ўта-ўта совуқ: Целсий бўйича -270,45 даража атрофида. Яъни молекулалар тўхтаб қоладиган мутлақ нул (-273,16 C) даражадан озгина юқори. Бироқ -270,45 даража ҳарорат Қуёш тизимининг барча қисмларига ҳам хос эмас, деб ёзди «LiveScience».

Қуёш тизимининг астрономлар тилида «бўш» кесим деб аталувчи қисмларида ҳарорат жуда совуқ бўлади. Фазонинг «бўш кесим»лари буткул бўш эмас, фақат бу жойларда Қуёш таратувчи энергияни ютувчи объектлар йўқ.

Ўша «бўш фазо»ни ҳисобга олмаганда, Қуёш тизимидаги энг совуқ жой қаерда?

Қуёш тизимидаги энг совуқ жой

Мантиқий занжирлар бизни Плутонга элтади — Қуёшдан энг олисда, демак, энг совуқ ўша жой бўлиши керак. Бироқ ундай эмас, энг совуқ ҳудуд бизнинг Еримиз ёнгинасида жойлашган.

Ойни ўрганувчи NASA Lunar Reconnaissance Orbiter фазовий қурилмасидан олинган маълумотлар таҳлили кўрсатишича, Ой жанубий қутбида жойлашган кратерлар (уларни абадий зулматга чўккан ҳудудлар ҳам дейишади) — Қуёш тизимидаги энг совуқ жой.

Аризона университети тадқиқотчилари Патрик О'Брайен ва Шейн Бирн ҳам Ойдаги қўшсояли кратерлар Қуёш тизимидаги энг совуқ жой, деган фикрга қўшилишди.

«Қўшсояли кратерлар нафақат тўғридан-тўғри қуёш нурлари, балки иккиламчи иссиқлик манбаларидан ҳам ҳимояланган», — дейишмоқда тадқиқотчилар.

Кратерларнинг гардишлари баландлиги боис қуёшдан келувчи нурлар уларнинг тубига ҳеч қачон етиб бормайди.

Олимларнинг фикрича, бу кратерлар миллиардлаб йиллар мобайнида қуёш нурини кўрмаган. Уларда ҳарорат Целсий бўйича нулдан 248,15 даража, балки ундан ҳам пастроқ бўлиши мумкин. Плутонда эса ўртача ҳарорат -232,75 C га тенг.

Ой жанубий қутбидан ҳам совуқроқ жой мақомига ягона даъвогар — Оорта булути. Узоқ даврийликка эга музлаган кометалардан иборат Оорта булути Нептун сайёраси орбитасидан ҳам анча олисда тўпланган. Бу булут тўплами Қуёш тизимига кирадими-йўқми — масала шунда.

NASA мутахассислари икки хил фикрда: Оорта булути — Қуёш тизимининг энг олис объекти ёки бўлмаса бизнинг тизимимизга энг яқин қўшни.

Иллинойс шимоли-ғарбий университети олимлари Оорта булутида ҳарорат нулдан 268,15 C паст бўлишини ҳисоблашган, яъни Ойдагидан ҳам совуқ.

Ерга қайтадиган бўлсак, энг совуқ ҳарорат Антарктидада, «Восток» (Россия) тадқиқот станциясида қайд этилган — 89,2 C.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қуёш тизимидаги энг совуқ жой топилди