Фото: Getty Images
Душанба куни кечқурун Украина президенти Володимир Зеленский россиялик ҳарбийлар Донбассда ҳужум бошлагани ҳақида айтганди. Сешанба куни Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров «махсус амалиётнинг кейинги фазаси бошлангани»ни маълум қилди. Экспертлар эса Россия қўшинларининг кенг кўламли ҳужуми бошлангани ҳақида айтишга ҳали эрта деб ҳисобламоқда.
Россия ва Украина ҳукумати нималар деган
Россия «Донбасс учун жанг бошлагани» ҳақида Зеленский ҳар куни кечаси қиладиган видеомурожаатида айтган. «Россия қўшинларининг салмоқли қисми у ерда ҳужумга ўтиш учун тўпланган. Улар у ерга қанча ҳарбий олиб келмасин, биз ҳимояланамиз. Курашамиз. Украинанинг ҳеч нарсасини бериб қўймаймиз», деган у.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров India Today телеканалига берган интервьюсида Украинага қарши «махсус амалиёт»нинг навбатдаги фазаси бошланганини маълум қилди. «Ушбу амалиёт давом этмоқда. Ҳозирда амалиётнинг навбатдаги фазаси бошланмоқда. Ишончим комилки, бу бутун махсус амалиёт учун муҳим лаҳза бўлади», деган у. Лавров махсус амалиёт «Донецк ва Луганск Республикаларини тўлиқ озод этишга»га қаратилганини таъкидлади.
Россия ҳукумати бунгача ҳам асосий эътибор Донбассга қаратилиши ҳақида айтиб келаётганди. Бу ҳақда Украина ҳукумти ва ғарблик экспертлар ҳам огоҳлантирган.
Сешанба куни сўнгги уч ҳафта ичида илк бор кўриниш берган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги урушнинг бориши ҳақида гапирди, аммо у ўз чиқишида янги фаза бошлангани ҳақида эслаб ўтмаган. Шойгунинг сўзларига кўра, Россия ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХРни «озод қилиш режасини изчил амалга ошираётгани», АҚШ ва Ғарбнинг бошқа давлатлари эса уруш «максимал даражада чўзилиши» учун ҳамма ишни қилаётганини айтган.
Кремл расмийси Дмитрий Песков журналистларнинг Лавров айтган «махсус амалиётнинг янги фазаси» деб нимани назарда тутгани борасидаги саволига изоҳ бермади ва буни мудофаа вазирлигидан сўраш кераклигини айтди.
Украина шарқида нималар бўлмоқда?
19 апрел тонгида Украина мудофаа вазирлиги мамлакат шарқидаги вазият бўйича сўнгги маълумотларни тақдим этди. Бу маълумотларга кўра, Россия томони Россиянинг марказий ва шарқий регионларидан Украинага қуроллар ва ҳарбий техникаларни олиб келишда давом этмоқда. Шунингдек, россиялик ҳарбийлар Донецк ва Тавр йўналишларида бутун туташув чизиғи бўйлаб ҳаракатларни фаоллаштиргани қайд этилган.
«Рақибнинг асосий саъй-ҳаракатлари бизнинг ҳарбийларнинг Луганск ва Донецк областларидаги мудофаа чизиқларини ёриб ўтишга, шунингдек Мариупол шаҳри устидан тўлиқ назорат ўрнатишга қаратилган», дейилган вазирлик ҳисоботида. Унда шунингдек, россиялик ҳарбийлар Запорожье областининг ҳам айрим ҳудудларида ўз бўлинмаларини жамлаётгани келтирилган.
Энг оғир вазият Мариуполда, бу ерда «Азовстал» учун жанг кетмоқда - амалда шаҳар ичидаги шаҳарча бўлган бу ҳудудда украиналик ҳимоячиларнинг охирги ўчоғи қаршилик кўрсатмоқда.
Россия мудофаа вазирлиги бу ердаги украин ҳарбийларига таслим бўлишни таклиф қилди, аммо ҳимоячилар қуролни ташламади.
Россия мудофаа вазирлиги расмийси Игор Конашенков 19 апрел кунги брифингда Россия авиацияси Украинадаги 60 та ҳарбий объектларга зарба йўллаганини маълум қилган.
Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай ҳам сешанба куни област ҳудудида вазият ёмонлашаётганини айтди. «Кескинлик бошланган, вазият оғир. Аммо бизнинг ҳимоячиларимиз ҳимояни ушлаб туришибди, Рубежное ва Попаснаяга ҳужумлар қайтарилмоқда», деган у.
Экспертлар нима дейди?
Украина ҳукумати мамлакат шарқида Россия кенг кўламли ҳужумга ўтгани ҳақида айтаётган бўлса-да, экспертларнинг ҳисоблашича, ҳозирги вазият кўпроқ ҳарбий ҳаракатларни фаоллаштиришга тайёргарлик кўришга ўхшамоқда.
Улар Россия томонидан ўт очишлар кўпайгани ва ҳарбийларнинг янги манзилларга ўтказилишини кенг кўламли ҳужум бошланиши арафасидаги ҳаракатлар деб баҳолашмоқда.
Арлингтондаги CNA институтининг Россия бўйича тадқиқотлар маркази директори Майкл Кофман New York Times учун берган интервьюсида Россия армияси ҳолдан тойгани ва катта эҳтимол билан «навбатдаги юриш ҳозир туюлаётганидек дадил бўлмаслиги»ни айтган.
Мутахассислар фикрича, советлар давридаги тактика ва тажрибалардан фойдаланадиган Россия армияси қўққисдан ҳужум қилмасдан, рақиб мудофаа тизимлари жойлашувини аниқлаб олиш учун эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиши керак бўлади.
2017 йилда Россия мудофаа вазирлигининг «Армейский сборник» журналида разведка жанги деб ҳам аталадиган бундай тактика узоқ тайёргарлик кўрилган мудофаага қарши самарали деб тарифланган.
Россия ҳарбийлари Донецк ва Луганск областларида сўнгги йилларда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХРга қарши турган ва мудофааси кўп йиллар давомида тайёрланган Украина армиясига қарши жанг қилишига тўғри келади.
Материалда айтилишича, бундай шароитда олдиндаги мудофаа позициялари алдамчи бўлиши ва фақат ҳужум бошлангунича қўриқлов пунктлари вазифасини бажариши, ҳужум бошланганда бу позициялардан чекинилиши мумкин.
Ҳақиқий мудофаа позициялари эса анча ичкарида жойлашади ва ҳаво ҳужумлари ҳамда космик разведкадан яхши яширилган бўлади.
«Рақиб бўлинмалари атайлаб ортга чекиниши бу орқали бизнинг бўлинмаларни ичкарироққа жалб этиб, кейин олдиндан белгиланган ҳудудда уларни йўқ қилиши варианти истисно этилмайди», дейилган «Бугунги шароитларда разведка жанги» номли мақолада.
Материал муаллифлари разведка жанги мудофааланувчи армия миномётлар, артиллерия ва танкка қарши ракета мажмуалари позицияларини тез-тез ўзгартирадиган вазиятда қўлланиши мумкинлигини қайд этишган.
Украина армияси чиндан ҳам урушнинг биринчи босқичида мобил мудофаа техникасидан кенг фойдаланиб, пистирмалар қўйди ва кутилмаган жойдан рақиб колонналарига ҳужумлар уюштириб, россиялик ҳарбийларга жиддий зарар етказди. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трамп қайси хорижий мамлакатлар етакчилари билан телефонлашгани маълум бўлди