15:20 / 23.04.2022
1 293

Зеленский Украинага «ўзи сўраган» қуроллар етказиб берилаётганини маълум қилди

Зеленский Украинага «ўзи сўраган» қуроллар етказиб берилаётганини маълум қилди
Фото: ZUMA Press Wire
Украинанинг шериклари мамлакат сўраган қуролларни етказиб беришни бошлади. Бу ҳақда президент Владимир Зеленский ўз халқига Telegram орқали йўллаган мурожаатида маълум қилди.

«Ва ниҳоят бизни эшитган, бизга ўзимиз сўраган нарсани бераётган шерикларимизнинг барчасидан миннатдорман», — дейди Украина етакчиси.

Бироқ Зеленский айнан қандай қуролланиш ва қайси давлатлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган.

22 апрель куни АҚШ Давлат департаменти Украинага реактив залп ўт очиш тизимларини етказиб бераётганини маълум қилганди. «Бу турдаги қуроллар етказиб берилмоқда; Украинага самолётлар бериш устида иш олиб бораётган иттифоқчиларимиз бор, бундан ташқари, ҳарбий самолётлар учун улкан миқдорда эҳтиёт қисмлар бор», — деганди давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд.

20 апрель куни Bloomberg агентлиги Пентагонга таяниб, америкалик ҳарбийлар Европа шарқига Украина учун ваъда қилинган гаубицаларни етказиб беришга киришганини ёзганди. Мавжуд маълумотларга кўра, гаубицалар АҚШ ҳарбий-транспорт авиацияси ёрдамида Польшага етказилмоқда, у ердан Украина ҳудудига олиб ўтилади.

Defense Оnе нашрининг ёзишича, гап Вашингтон томонидан 800 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам доирасида АҚШ Денгиз пиёдалари корпуси ва армияси арсеналларидан олинган 18 та 155-миллиметрли гаубица ва 40 мингта снарядни етказиш ҳақида кетмоқда.

Апрель бошларида президент Владимир Зеленский АҚШдан «юртини ҳимоя қилиш учун бирор нарса беришни» сўраган эди. Унинг сўзларига кўра, украиналик ҳарбийлар зирҳли нимчалар ва шлемлар ўрнига самолёт ҳамда ракеталар олишни хоҳлайди.

Кейинроқ АҚШ Сенати Украинага ленд-лиз дастури билан қурол етказиб бериш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаганди. Қонун Жо Байденга Украинага қурол ва бошқа ёрдамлар етказиб беришни тезлаштириш имконини беради. Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Жо Байден президентликка келганидан бери Қўшма Штатлар Украинага 2,3 миллиард доллар ҳарбий ёрдам кўрсатган, шундан 1,6 миллиард доллари уруш бошланганидан кейин берилган. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Украинага «ўзи сўраган» қуроллар етказиб берилаётганини маълум қилди