10:43 / 25.04.2022
2 648

Украинадаги вазият: Иккинчи босқичдаги мақсад маълум қилинди, уруш узоқ чўзилиши мумкин

Украинадаги вазият: Иккинчи босқичдаги мақсад маълум қилинди, уруш узоқ чўзилиши мумкин
Фото: Reuters
Россиялик генерал «махсус амалиёт»нинг кўзланган мақсади бўйича янги версияни эълон қилди, Британия Польшага танкларини юборади, эвазига польшаликлар ўзиникини Украинага жўнатади. «Москва» крейсеридаги йўқотишлар илк бор тан олинди.

Москва «махсус амалиётнинг иккинчи фазаси» мақсадига аниқлик киритди
Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони вазифасини бажарувчи Рустам Миннекаевнинг сўзларига кўра, «махсус амалиётнинг иккинчи фазаси» «бир неча кун олдин бошланган» унинг мақсади - Донбасс ва Жанубий Украина устидан тўлиқ назорат ўрнатиш, шунингдек Қримга қуруқлик орқали йўлак очилишини таъминлаш ҳисобланади.

Бунгача Россия ҳукумати амалиётдан мақсад Донецк ва Луганск областлари устидан тўлиқ назорат ўрнатиш эканини айтганди, шу вақтгача «Жанубий Украина» формулировкаси тилга олинмаганди.

Миннекаев Украина жанубида назорат ўрнатиш - «русийзабон аҳолига зулм қилиш фактлари мавжуд бўлган» Днестрбўйига чиқиш имконини беришини таъкидлади.

«Украина жануби устидан назорат ўрнатиш — рус тилли аҳолига зулм ўтказилаётган яна бир ҳудуд бўлмиш Днестрбўйига чиқиш йўли бўлади. Афтидан, биз ҳозирда бутун дунёга қарши уришяпмиз, Улуғ ватан урушида бўлгани каби бутун Европа, бутун дунё бизга қарши. Улар ҳеч қачон Россияни ёқтирмаган, ҳозир ҳам шундай», деган генерал.


Россия армияси Украина шарқида зарба бериш учун ҳудудларни танламоқда
Украина мудофаа вазирлиги вакили Александр Мотузяник Россия қуролли кучлари ҳозирда Украина қуролли кучларига зарба бериш учун нисбатан қулай жойларни танламоқда.

«Россия армияси раҳбарияти асосий зарбаларни бериш учун қулай жойларни аниқлаштириш жараёнини якунламоқда. Ўт очиш услублари, жанговар тузилмалар жойлашуви, рақиб ҳарбийларининг ташилиши, шунингдек алоҳида йўналишларда тўхтовсиз ҳужум ҳаракатлари ҳам шундан дарак бермоқда», деган Мотузяник.

Жонсон: Украинадаги уруш кейинги йил охиригача давом этиши мумкин

Борис Жонсон Деҳлида Нарендра Моди билан учрашди / Reuters
Британия бош вазири Борис Жонсон Ҳиндистонга ташрифи вақтида Украина арсеналини тўлдириш мақсадида ўз захираларидаги оғир қуролларни жўнатиши режаси ҳақида гапирди. У Варшава Киевга жўнатаётган Т-72 танклари эвазига, Польшага британларнинг «Челленжер» русумли танклари юборилишини ваъда қилди.

Жонсон шунингдек Ғарб разведкасининг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар кейинги йил охиригача чўзилиши мумкинлиги ҳақидаги хулосаларига қўшилишини билдирган.

«Путинда улкан армия бор. У ҳозирда жуда мураккаб сиёсий вазиятда, чунки у ҳалокатли хатога йўл қўйди. Унда ҳозирда бор бўлган ягона вариант - ўзининг жирканч, артиллерия зарбаларига асосланган бешафқат ёндашувини давом эттириб, украинларни енгишга уриниш бўлади.

Ўйлайманки, Владимир Путин яқин ойларда қанчалик ҳарбий устунликка эга бўлмасин, бу уруш узоқ давом этади - у Украина халқининг руҳини синдира олмайди
», деган Жонсон.

Жонсон Британиянинг Киевдаги элчихонаси фаолияти тез орада тикланишини маълум қилган, элчихона Россия босқини бошланиши арафасида вақтинча ёпилганди - ўшанда Ғарб разведкаси Украина пойтахти бир неча кун ичида босиб олинишини прогноз қилганди.

Жонсон апрель ойи бошида Киевга келди ва президент Володимир Зеленский билан учрашди. Аввалроқ британлар бош вазири Украинага 100 млн фунтлик қуроллар етказиб берилишини маълум қилганди.

Франция ҳам Украинага гаубицалар, снарядлар ваъда қилган, шунингдек танкка қарши Milan ракеталари тўплами жўнатилган.

РФ Мудофаа вазирлиги «Москва» крейсерида йўқотишларни тасдиқлади

MIKE RIGHT/TWITTER
Россия Мудофаа вазирлиги 13 апрель куни «Москва» ракета крейсерида юз берган ёнғинда бир киши ҳалок бўлгани, 27 киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар қилди.

«Кемадаги ёнғинни ўчириш учун ҳаракатлар вақтида бир ҳарбий ҳалок бўлди, экипажнинг яна 27 аъзоси бедарак йўқолди. Қолган 396 нафар ҳарбий эвакуация қилиниб, Қора денгиз флотидаги крейсердан Севастополга олиб келинган», дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик дастлаб крейсер экипажи тўлиқ эвакуация қилингани ва Севастополга етказилгани ҳақида маълум қилганди. 16 апрел куни Севастополда Россия ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони Николай Ефменов ва крейсер экипажи вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди - вазирлик тарқатган кадрларда сафда 100 чоғли киши турганини кўриш мумкин эди.

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларда крейсер экипажида йўқотишлар бўлгани ҳақида хабарлар чиқа бошлади. Дастлаб «Москва»да камида бир киши - мичман Иван Вархушев ҳалок бўлгани хабар қилинди, бу ҳақда унинг рафиқаси ижтимоий тармоқда ёзган. Кейинроқ ота-оналар муддатли ҳарбий хизматни ушбу крейсерда ўтаётган фарзандлари бедарак кетгани ҳақида хабар қила бошлади.

«Медуза» нашри Қора денгиз флотидаги манбасига асосланган ҳолда ҳодиса оқибатида экипажнинг 37 аъзоси ҳалок бўлгани ва юз нафар атрофида киши бедарак йўқолганини хабар қилди. Манба сўзларига кўра, кемада 500 нафар атрофида одам бўлган.

«Москва» крейсери - сувости маданий мерос объекти
Украина ҳукумати Қора денгиз остидаги «Москва» крейсерини Украина сувости маданий мерос объекти сифатида тан олишини маълум қилди.
Украина мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, чўкиб кетган крейсер Украина сувости маданий мероси реестрига 2064 рақам остида киритилган.

«ЮНЕСКО конвенциясига мувофиқ, давлатимизнинг иқтисодий фаолияти доирасида Қора денгиз тубидаги инсон фаолиятининг барча излари Украина мулки ҳисобланади», дейилган вазирлик баёнотида.

БМТ: Украинадаги урушда халқаро ҳуқуқ бузилган
БМТ кузатувчилари миссияси Бучада 50 киши ўлдирилганини қайд этди. Баёнотда бундай қасддан содир этилган қотилликлар ҳарбий жиноятларга тенглаштирилган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси текширувлари Буча бундай жиноятлар содир этилган ягона ҳудуд эмаслигини қайд этган.
БМТ мониторинг гуруҳи Украина бўйлаб 300 дан ортиқ ноқонуний қотилликлар ҳақида хабар келиб тушганини маълум қилган. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги вазият: Иккинчи босқичдаги мақсад маълум қилинди, уруш узоқ чўзилиши мумкин