Назарбоев собиқ Иттифоқ ҳудудида узоқ муддат давлатни идора этган раҳбар сифатида рекорд ўрнатган.
Фото: Reuters
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг мақоми мамлакат конституциясида мустаҳкамланади. Бу ҳақда асосий қонунга ўзгартириш киритиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси Ермек Абдурасулов маълум қилган.
Қайд этилишича, биринчи президентнинг мустақил Қозоғистон асосчиси сифатидаги хизмати конституциявий даражада эътироф этилиши катта аҳамиятга эга.
Айни пайтда Назарбоевнинг мақом-мартабаси 2000 йилда қабул қилинган «Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши тўғрисида»ги қонунга кўра белгиланади.
Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов Назарбоевга берилаётган конституциявий мақомни ўқ ўтмас, зирҳли нимчага қиёслаган.
«Мамлакатнинг биринчи президенти ҳақидаги мавжуд қонун КПСС МҚ Сиёсий бюроларини кўрган 81 ёшли патриархни бир неча юз кишининг ўлимига олиб келган январь воқеаларига алоқадорлик бўйича айблов ва ҳамлалардан асрашга етарли бўлмай қолгани аниқ. Бошқа томондан, Назарбоевнинг елкасига «конституциявий зирҳ»нинг ташланиши иккинчи президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Назарбоевлар оиласи ўртасидаги сулҳ натижаси бўлиб кўринмоқда. Яқин-яқингача мамлакат сиёсий қибланамоси ушбу оила вакиллари қўлида бўлиб, улар деярли бутун Қозоғистон иқтисодиётини назорат қилар эди», – деб ёзади А.Дубнов.
Таҳлилчи Қозоғистонни остин-устун қилган оммавий намойишлар ортидан Назарбоевлар оиласининг юлдузи сўна бошлаганига эътибор қаратади.
Дарҳақиқат, жорий йил февраль ойида Дариға Назарбоева парламент депутатлигини тарк этди.
Ўз даврида Сенат раиси бўлган, ҳатто Назарбоевнинг вориси ўлароқ кўрилган сиёсатчи аёлнинг истеъфо бериши Элбоши оиласининг катта сиёсатдан четлатилишига муқаддима бўлди.
Март ойида Элбошининг жияни, генерал Қайрат Сотиболди давлат хавфсизлигига таҳдид солишда айбланиб ҳибсга олинди.
Сўнг гал куёвларга келди. Назарбоевнинг даромадли соҳаларни назорат қилган куёвлари бирин-кетин лавозимини топширди.
Элбошининг яқин сафдошларидан бири, охирги йилларда Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси вазифасида фаолият юритган Карим Масимовнинг қамалиши эса Қ.Тўқаевнинг нияти қатъий эканини тасдиқлади.
А.Дубновнинг таъкидлашича, Элбоши оиласи мансублари катта сиёсатдан четлатилган бўлса-да, Назарбоев шахси мустақил Қозоғистон рамзи сифатида дахлсиз қолади. Сиёсатшунос бу борада Хитой «доҳий»си Мао Цзедун шахсиятига бўлган муносабатни ёдга олган. Хитойда янгиланиш сиёсатини бошлаб берган Дэн Сяопин собиқ раҳбари Мао Цзедуннинг улкан хатоларидан кўз юмиб, уни замонавий давлат асосчиси сифатидаги мақом-мартабасини сақлаб қолганди.
Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Акежан Кажегелдин эса Назарбоевнинг мақоми асосий қонун даражасида мустаҳкамланишини хато деб атаган. У мазкур масала референдум орқали ҳал этилиш керак деб ҳисоблайди. Собиқ амалдор, айни чоқда, конституцияга Назарбоев мақомига доир ўзгартириш киритилиши амалдаги президент Тўқаевнинг беобрў қилишини ҳам айтади.
Нурсултон Назарбоев собиқ Иттифоқ ҳудудида энг узоқ муддат давлатни идора этган раҳбар сифатида ўзига хос рекорд ўрнатган. У 1989 йилнинг 22 июнидан 2019 йилнинг 19 мартига қадар – 29 йил, 8 ой ва 26 кун биринчи раҳбар курсисида ўтирган. Президентликдан кетганидан кейин ҳам муҳим лавозим (Хавфсизлик кенгаши раиси) ва катта ваколатларни сақлаб қолган. «Чол кет!» деган талаблар остида ўтган январь намойишлари ортидан Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини топширишга мажбур бўлган. Норозиликлар даврида Назарбоев чел элга чиқиб кетгани ҳақида зиддиятлар хабарлар тарқалганди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда