Томонлар компаниянинг мамлакатдаги жорий лойиҳалари портфелини амалга оширишнинг долзарб масалаларини ҳамда энергетика ва кимё саноатида инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда ACWA Power компаниясининг республика энергетика тармоғини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси қайд этилди. Бугунги кунда компаниянинг мамлакатдаги инвестиция портфели умумий қиймати 6,8 миллиард доллардан ортиқ ва умумий қуввати 5,5 ГВт дан ортиқ бўлган 8 та лойиҳадан иборат.
Сирдарё вилоятида қуввати 1,5 ГВт бўлган буғ-газ электр станциясини, Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 2,6 ГВтга тенг шамол электр станцияларини ҳамда Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 1,4 ГВт қувватга эга қуёш станцияларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари юзасидан конструктив фикр алмашилди. Лойиҳаларни жадал ишга туширишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар комплексини қабул қилишга келишилди.
Алоҳида тартибда бир қатор янги ташаббуслар кўриб чиқилди. Шу тариқа, томонлар зарур жараёнлар якунлангани ва йилига 3 минг тонна қувватга эга «яшил» водород ишлаб чиқарувчи завод қурилиши лойиҳаси бўйича янги келишувлар тузилганини олқишлади. Қурилиш ишлари жорий йилнинг кузида бошланиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, шамол турбиналари учун ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Иккала томоннинг фикрига кўра, мазкур лойиҳанинг Ўзбекистонда амалга оширилиши қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш географияси ва ҳажмларини сезиларли даражада кенгайтиради ва мазкур технологияларнинг ички бозорда оммабоплигини оширади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг