Сўнгги йилларда рақамли хизматлар бозорида фаолият олиб бораётган халқаро компаниялар томонидан Ўзбекистонда тўланадиган солиқлар миқдори йил сайин ортиб бормоқда. 2025 йилнинг дастлабки ярми — январь-июн ойлари давомида мазкур йўналишда 72 та чет эл юридик компанияси томонидан жами 78,2 миллиард сўм миқдорида солиқ тўланган, деб маълум қилди Солиқ қўмитаси.
Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 42 фоизга кўпроқ эканлиги билан аҳамиятлидир. Яъни, рақамли хизматларга бўлган талаб ошиб бораётгани, шу билан бирга давлат бюджетига тушумлар ҳам сезиларли даражада ўсиб бораётганини кўрсатади.
Қўмитанинг таъкидлашича, мазкур солиқлар асосан етакчи технологик компаниялар томонидан тўланган. Хусусан, улар орасида Meta корпорацияси (Facebook, Instagram ва WhatsApp’нинг эгаси) энг йирик солиқ тўловчи сифатида қайд этилди — 22,6 миллиард сўм.
Яна бир неча йирик рақамли платформалар ҳам катта миқдордаги маблағларни давлат хазинасига ўтказишган:
-
Meta — 22,6 млрд сўм
-
Apple — 22,1 млрд сўм
-
Google — 19,4 млрд сўм
-
OpenAI — 2,9 млрд сўм
-
Booking.com — 1,9 млрд сўм
-
TikTok — 1,8 млрд сўм
-
Netflix — 896 млн сўм
-
Асса — 797 млн сўм
-
Zoom — 786 млн сўм
-
Adobe — 530 млн сўм
Кўриниб турибдики, барча солиқларнинг қарийб 94 фоизи айнан шу 10 та йирик компания ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса уларнинг Ўзбекистондаги рақамли хизматлар бозорида қандай даражада фаол эканини намоён этади.
Маълумотларга кўра, электрон хизматлар кўрсатувчи чет эл юридик шахслари ҳар чоракдан сўнг келадиган ойнинг 20-санасидан кечиктирмасдан, тегишли солиқ ҳисоботларини тақдим этадилар ва белгиланган тартибда тўловларни амалга оширадилар.
Ушбу статистика мамлакатимизда рақамли иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари ортиб бораётганини, ҳамда глобал IT компанияларининг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқишлари юқори эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Мазкур жараёнлар нафақат иқтисодий фаолликни оширади, балки давлат бюджетига тушумларни барқарор равишда кўпайтириш имконини ҳам яратади. Шу боис, келгуси йилларда ушбу рақамлар янада юқорилаши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!