
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) миссияси Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича якуний хулосаларини эълон қилди. ХВЖ маълумотига кўра, 2025 йилнинг тўққиз ойида реал ЯИМ ҳажми 7,6 фоизга юксалди. Бу ўсиш, асосан, катта сармоя киритилиши ва аҳоли истеъмолининг кўпайиши билан изоҳланади. Ижобий жиҳати, талаб ортганига қарамай, инфляция суръатлари секинлашган ва октябр ойи охирида 7,8 фоизни ташкил этган.
Ташқи барқарорликнинг сирлари
Инфляциянинг секинлашишига қатъий пул-кредит сиёсатининг сақлаб қолиниши, реал айирбошлаш курсининг мустаҳкамланиши ва энергия нархлари ошишининг таъсири пасайиши сабаб бўлган. ХВЖнинг таъкидлашича, олтин нархининг юқорилиги ва экспортнинг фаол ўсиши туфайли ташқи савдодаги дефицит (жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги) сезиларли даражада қисқарган. Октябр охирига келиб, халқаро захиралар 12 ойлик импортни қоплаш даражасига кўтарилган.
"Олтин иситмаси" хавфи
Аммо ХВЖ жиддий хавф ҳақида огоҳлантирди. Инфляциянинг яна юқорилаш хавфи бюджетга режадан ошиқча тушаётган даромадларни (айниқса олтиндан) кўпроқ сарфлаш амалиёти, шунингдек, имтиёзли кредитлар дастурининг кенгайиши билан боғлиқ. Талаб юқори бўлган шароитда бундай харажатларнинг кўпайиши иқтисодиётнинг “қизғин тус олиши”га (оверҳатинг) олиб келиши мумкин.
ХВЖ тавсияси: Молиявий интизом
Халқаро экспертларнинг фикрича, иқтисодий тебранишлар хавфини камайтириш учун давлат харажатларни кўпайтиришдан максимал даражада тийилиши ўта муҳимдир. Режалаштирилмаган қўшимча даромадлар ҳисобидан харажатларни ошириш ташаббусларини чеклаш инфляцион босимни пасайтиради ва олтин нархлари тушган тақдирда кескин ўзгаришлар зарурияти юзага келишидан сақлайди. Бу, шунингдек, бюджет учун захира фондларини тўплаш имконини яратади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.