
Жаҳон бозорларида олтин қиймати яна бир бор тарихий рекордни янгилади. Comex савдо майдончаси маълумотларига кўра, қимматбаҳо металл нархи бир троя унцияси учун 4400 доллар чегарасидан ошиб кетди.
18 декабр оқшомида олтин қиймати 0,92 фоизга ўсиб, бир троя унцияси учун 4401,9 долларни ташкил этди. Қисқа вақт ичида ўсиш суръати яна тезлашиб, нарх 4407,5 долларгача кўтарилди. Бу ҳолат инвесторлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Эслатиб ўтиш жоиз, октябр ойи бошида Ню-Йорк товар биржасида олтин тарихда илк бор троя унцияси учун 4000 долларлик чегарани ортда қолдирган эди. 15 октябр куни эса декабр ойига мўлжалланган олтин фьючерслари яна қимматлашиб, 31 граммлик унция 4200 доллардан ошиб кетган.
Мутахассислар олтин нархининг бундай барқарор ўсишини геосиёсий беқарорлик, инфляция хавфлари ва инвесторларнинг хавфсиз активларга бўлган талаби ошиши билан изоҳламоқда. Агар ушбу омиллар сақланиб қолса, олтин қиймати яқин келажакда яна янги рекордларни забт этиши истисно этилмайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.