Жавоҳир Синдоров ва Гукеш: иккинчи партияда ҳам дуранг қайд этилди

Бугун, 25 ноябрь куни ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ва Ҳиндистон вакили, амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳснинг иккинчи партияси ўтказилди. Женева яқинидаги Колони шаҳрида жойлашган Мартин Бодмер жамғармасида бўлиб ўтган учрашувда томонлар яна муросага келишди.
Партия Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланди ва 20:57 га қадар давом этди. Қарийб икки соат давом этган баҳс якунида Жавоҳир Синдаров ҳамда Гукеш Доммаражу дурангга имзо чекди. Шу тариқа, икки партиядан кейин умумий ҳисоб 1:1 кўринишини олди.
Маълумот учун, амалдаги жаҳон чемпиони ва унга даъвогар гроссмейстернинг ҳар иккиси ҳам 20 ёшда. Бу шахмат тарихида жаҳон чемпионлиги учун ўтказилаётган энг ёш рақиблар иштирокидаги баҳс ҳисобланади. Икки ёш истеъдоднинг чемпионлик учун кураши шахмат мухлислари эътиборини тортмоқда.
Гукеш 2024 йил декабрь ойида Сингапурда қўлга киритган жаҳон чемпионлиги унвонини илк бор ҳимоя қилмоқда. Ўшанда у хитойлик Дин Лижэнни 7,5:6,5 ҳисобида мағлуб этган. Ҳал қилувчи 14-партияда ғалаба қозонган ҳиндистонлик шахматчи 18 ёшида тарихдаги энг ёш мутлақ жаҳон чемпионига айланган. Шу тариқа, у Гарри Каспаровнинг 22 ёшида чемпион бўлиш билан боғлиқ рекордини янгилаган.
Бироқ бу сафар Гукешни жиддий рақиб кутиб турибди. Ноябрь ойидаги Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) рейтингида ҳиндистонлик гроссмейстер 2710 очко билан 26-ўринда қайд этилган. Жавоҳир Синдаров эса 2782 очко билан дунёнинг тўртинчи рақамли шахматчиси бўлиб турибди. Рейтингдаги фарқ 72 очкони ташкил этади.
Учинчи партия 26 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда Жавоҳир Синдаров оқ доналарда ўйнайди. Чемпионлик баҳси 14 тагача классик партиядан иборат бўлиб, ғолибни аниқлаш учун шахматчилардан бири 7,5 очко тўплаши керак. Агар асосий баҳс якунида ҳисоб тенг бўлса, чемпион номи тай-брейкда аниқланади.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…