АҚШда сунъий интеллектли крипто-ботлар орқали 12 миллион долларлик фирибгарлик фош этилди

АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEК) Техас штатида яшовчи шахсни 150 га яқин инвестордан 12,3 миллион доллар маблағни ноқонуний ўзлаштирганликда айблади. Натан Фуллер ўзининг Приввй Инвестментс ва Гатевай Дигитал Инвестментс компаниялари орқали сунъий интеллектга асосланган савдо ботлари ёрдамида кафолатланган даромад вада қилиб, йирик фирибгарлик схемасини амалга оширган. Бу ҳақда Cointelegraph.com хабар беради.
SEК маълумотларига кўра, Фуллер инвесторларга 30-45 кун ичида 40% дан 50% гача, баъзи ҳолларда эса атиги 21 кун ичида 100% дан юқори фойда олишни вада қилган. У ўзининг сунъий интеллект ботлари турли крипто платформаларида юқори частотали арбитраж савдоларини амалга оширишини даъво қилган. Шунингдек, у маблағлар ФДИК томонидан суғурталанганлиги ҳақида ёлғон маълумотлар бериб, одамларни ишонтирган.
Аслида эса, йиғилган 12,3 миллион долларнинг камида 6,2 миллион доллари Фуллер томонидан шахсий эҳтиёжлар учун сарфланган. Қолган 5,5 миллион доллар эса янги инвесторлар ҳисобидан эски инвесторларга тўловлар амалга ошириладиган Понзи схемаси (молиявий пирамида) тамойили асосида ишлатилган. Схемани яшириш мақсадида инвесторларга сохта ҳисоботлар ва уйдирма ҳужжатлар тақдим этиб келинган.
Ушбу ҳолат сунъий интеллект ва крипто технологиялари ниқоби остида амалга оширилаётган жиноятларнинг бир қисмидир. Ўтган йили ҳам SEК шунга ўхшаш 14 миллион долларлик фирибгарлик схемасини фош этган эди. Ҳозирда регулятор Фуллерга нисбатан доимий тақиқлар қўйиш, ноқонуний орттирилган фойдани мусодара қилиш ва фуқаролик жарималарини қўллашни талаб қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!