1 185
Украинада бошланган ҳарбий амалиёт хориж компаниялари фаолиятида қандай акс-садо беради?
Фото: «Financial Times»
Россия Украинада бошлаган ҳарбий амалиёт жаҳон бозори, дунё компаниялари фаолиятига қандай таъсирини ўтказади? «Financial Times» Россия ва Украина экспортига боғлиқ ёки шу давлатлар ҳудудида ишлаётган хориж компаниялари фаолиятини таҳлил қилди.
Вазиятни ҳамма хавотир билан кузатяпти, компаниялар аввало ўз ходимлари хавфсизлигидан ташвишда. Айрим компаниялар, яъни фаолиятини маҳаллийлаштиришга улгурган ёки хом ашёни етарлича ғамлаб олганлари қисқа истиқболда узлуксиз ишлаб туришдан умидини узмаган.
Озиқ-овқатдан автомобилларгача, ўғит ишлаб чиқарувчилардан авиасозларгача — деярли ҳеч бир соҳа зарбадан четда қолмайди.
Нефт ва газнинг йирик экспортчиси — Россия, Украина билан бирга, дунё бозорига энг кўп дон етказиб берувчи. Жаҳон буғдой экспортининг салкам учдан бир қисмини шу икки мамлакат қоплайди.
Россия глобал саноатнинг никел, титан, палладий ва алюминий каби муҳим хом ашёлари таъминотчиси. Титандан Boeing, Airbus ва Rolls-Royce сингари компаниялар авиодвигателлар тайёрлайди, палладий эса катализаторлар, электродлар ва электроникада муҳим ашё.
Rabobank глобал стратеги Майкл Эвери таъкидлашича, чўзилган низо ва қаттиқ санкциялар худди Covid-19 пайтидаги сингари шок ҳолатини келтириб чиқариши мумкин.
Энергетика ва тоғ-кон саноати
Энергетика соҳаси Европада газ фючерслари 50 фоизга сакраб мегаватт-соат учун 126 еврога, нефт эса 8 фоизга қимматлаб 2014 йилги даражага етганидаёқ узилишларга ҳозирлик кўришни бошлаган.
Ҳозирча таъминотда узилишларга далиллар йўқ, бироқ Россия нефти ва гази ўрнини қопловчи чекланган захира қувватлари шароитида, санкциялар ёки низолар сабабли оқимлар қисқарар экан, нархлар ошиши кутилади.
Jefferies инвестиция банки маълумотларига кўра, British Petroleum (BP) ва TotalEnergies Европада рус «қора олтин»ига энг кўп қарам нефт ишлаб чиқарувчилари саналади. BP Россиянинг йирик нефт қазиб олувчи компанияларидан — Роснефт акцияларининг деярли 20 фоизига эгалик қилади. Ўтган йили ушбу улуш ВРга 2,4 млрд. доллардан зиёд даромад келтирди, шундан британ компанияси 640 млн. доллар дивиденд фойда қилди.
Россия кунига 10 млн. баррел атрофида нефт қазиб олади — дунёдаги учинчи йирик ишлаб чиқарувчи. Жаҳондаги йирик хом ашё компанияларидан бири — Trafigura баёнотига кўра, Россия нефтининг нархи пасаймоқда, харидорлар бу мамлакат маҳсулотига ёт қарашни бошлаган.
Jefferies таҳлилчиси Жакомо Ромеонинг айтишича, эҳтимолий сценарийлардан бири — Украина газ қувурларига шикаст етказилиши ёки Россия ушбу мамлакат орқали газ етказишни тўхтатиши. Ўтган йили украин қувурлари орқали Европага газнинг қарийб 8 фоизи етказилган. Газ нархининг кескин ўсиши Россия газига 40 фоиз боғлиқ Европадаги йирик саноат истеъмолчилари фойдаланадиган энергия келгусида қимматлашишда давом этишини англатади.
Алюминий — ичимликларни қадоқлашдан тортиб автомобилларни ишлаб чиқаришгача қўлланилувчи муҳим санот хом ашёси. Хитойни ҳисобламаганда, Россиянинг глобал алюминий бозоридаги улуши 14 фоизга тенг. Шунингдек, автомобиллар чиқарадиган заҳарли тутунларни тутиб қолишда ишлатилувчи платина ва палладий каби қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришда ҳам ушбу мамлакат салмоқли ўринга эга.
«Россиядан платина етказиб бериш узилиши эҳтимоли жуда юқори, чунки глобал платинанинг 12 фоизи, палладийнинг 40 фоизини шу мамлакат етказиб беради», — деди JPMorgan таҳлилчиси Наташа Канева.
Украинадаги Ferrexpo — юқори сифатли темир золдирларини экспорт қилувчи жаҳондаги учинчи компания. Лондонда рўйхатдан ўтган ушбу компания баёнот беришича, унинг Украина марказий қисмида жойлашган тоғ-кон ва ишлаб чиқариш корхоналари одатий тартибда ишламоқда, ҳобуки, мамлакат ҳукумати темир йўл ташувларини тўхтатган. Пайшанба, 24 февраль куни (шу куни эрта тонгда Россия Украинага ҳужум бошлаган) компания акциялари 42,5 фоизга қулади, бу FTSE 250 индексидаги энг йирик қулаш.
Яримўтказгичлар
Россия ва Украина — яримўтказгичлар тайёрлаш учун сув ва ҳаво каби зарур C4F6 ва неон кимёвий газларининг асосий ишлаб чиқарувчилари. Украинадан таъминотдаги узилишлар узоқ муддатга чўзилса, бундан энг кўп жабрни микросхемалар ишлаб чиқарувчи компаниялар тортади.
Украина қатор инерт газлар, хусусан, микросхемаларда элементларни кавшарловчи лазерлар учун неон етказиб берувчи йирик мамлакатлардан бири.
Айрим украин компаниялари Россияда пўлат ишлаб чиқаришнинг ён маҳсулоти ҳисобланган неонни қайта ишлаш билан шуғулланиб келган. Ноёб газлар бўйича мустақил маслаҳатчи Ричард Бетцендалнинг айтишича, Украинада жаҳондаги неоннинг тўртдан бир қисми ишлаб чиқарилади. Хитой қишки Олимпиада муносабати билан пўлат қуйиш заводларини ёпиши натижасида сўнгги олти ойда неоннинг нархи уч баравар ошган. Яримўтказгичлар учун муҳим ксенон ва криптон тақчиллиги муаммоаси янада чуқурлашади, қўшимча қилди у.
Жаҳондаги энг йирик хотира микросхемалари ишлаб чиқарувчиларидан бири — Micron (АҚШ) компанияси неонни турли мамлакатлардаги ҳар хил таъминотчилардан олишини, узоқ муддатли шартномалар туфайли муаммога йўлиқмаслигини, хом ашёни етарлича ғамлаб қўйганини маълум қилди.
Яна бир Америка компанияси — Intel ҳам ҳозирча муаммога дуч келмади, компания юқоридаги рақобатчиси сингари ҳар хил давлат ва таъминотчилардан иборат универсал тизимга эгалигини билдирган.
Яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчи компаниялардан ҳеч бири Украинадан қанча миқдорда неон олишини очиқламаган, агар бу мамлакатдан таъминот узилса, ишлаб чиқаришга етадиган зарарни ҳисоблаш иложсиз.
Банклар
Ғарб банклари Кремл 2014 йилда Қримга кирганидаёқ Россиядан узоқлашишни бошлаганди. Бироқ бу ерда қолган европалик сармоядорлар 24 февраль куни яхшигина адабини еди.
Россиядан даромадининг учдан бирини ишловчи Raiffeisen банки (Австрия) акциялари 20 фоизга қулади, UniCredit (Италия) ва Société Générale (Франция) қимматбаҳо қоғозлари 11 фоиздан кўпроқ қадрсизланди
Société Générale нинг Москвадаги шўъбаси — «Росбанк» 550 филиал, 3,1 млн. мижозга эга, UniCredit эса Россияда 103 филиал ва 2 млн. мижоз билан ишлайди. Ўтган ой UniCredit Россия ҳукумати назоратидаги «Открытие» банкини сотиб олиш режасидан қайтган эди.
Ҳар уч банк воқеалар ривожини диққат билан кузатаётганини ва «тўлиқ талабга мувофиқ» ишлаш учун имкониятга эга эканликларини маълум қилган.
Профессионал хизматлар
Россияда фаолият юритувчи хорижий юридик фирмалар ва консалтинг компаниялари пайшанба куни, Москва Ғарб санкцияларига жавоб чоралари кўришини эҳтимолда тутиб, ҳаракатлар режасини ишлаб чиққан.
McKinsey & Company ва Boston Consulting Group консалтинг компанияларининг ҳар бири Москвада 400 нафардан ходимга эга. Британия «сеҳрли доираси»га мансуб юридик фирмалар эса Россияда тахминан 150 нафар юристга эга.
Йирик халқаро юридик фирмалар, жумладан, CMS, Dentons ва Baker McKenzie пайшанба тонгида Украинадаги офисларини ёпиб, ходимларини Европа иттифоқига кўчиришга киришди. Украинада биринчи бўлиб офисини очган халқаро юридик фирма — Baker McKenzie ўз сайтида ёзишича, бу мамлакатда 100 нафар ходим билан ишлаган, CMS эса Киевда 67 нафар юрист билан фаолият олиб борган.
Украинада уч офисга эга PwC бухгалтерлик ва консалтинг компанияси максимал даражада меъёрда ишлашда давом этишини билдирди, бироқ пайшанба куни 750 нафар ходимига уйларидан чиқмасликни тавсия қилди. KPMG аудиторлик компанияси эса Россияда 4 000, Украинада 600 нафар ходимга эга бўлиб, фаолиятини сақлаб қолишдан умидини узгани йўқ.
Автомобил саноати
Украинада автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилувчи заводлар жойлашган, улар ҳам Россия, ҳам кенг Европа автомобилсозлари билан бевосита таъминот занжири орқали боғланган.
Асосий халқаро таъминотчилар, жумладан, Bosch ва Aptiv Украина ғарбида, Польша чегарасига яқин ҳудудларда заводларга эга бўлиб, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган йирик марказлар ҳисобланади. Bosch бевосита автозаводларга маҳсулот юбормайди, балки фақат эҳтиёт қисмлар бозори учун тикловчи қисмлар чиқариш билан шуғулланади, деди компания вакили.
Юқорида айтилган палладийдан ташқари, аккумуляторлар ишлаб чиқаришда муҳим ашё — никел таъминотида ҳам муаммолар кузатилиши мумкин. Доминик Трайб (Vendigital консалтинг компаниясининг таъминот бўйича мутахассиси), шунингдек, Индонезия ва Филиппин ҳам етказиб берувчи никел нархининг ошиши автомобилсозларни ўз электромобиллари учун муқобил ашёлар топишга ундаётганини айтди.
Россияда хориж автомобилсозлари озчилик эмас — Renault, Stellantis, Toyota, Kia ва Nissan. Renault, қолаверса, рус миллий автомобил компанияси — «АвтоВАЗ»га ҳам эгалик қилади, турган гапки, зарбанинг энг кучлисини қабул қилишига тўғри келади. Компаниянинг Россиядаги шўъбаси иккита завод, Renaultнинг ўзи бевосита Москвада бир заводни ишлатмоқда. Россияда сотилаётган деярли ҳар учинчи машинани француз компанияси ишлаб чиқарган.
Компания бош директори Лука де Мео ўтган ҳафтада «Financial Times»га фавқулодда ҳолатлар учун ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилганди. «АвтоВАЗ» бутловчи қисмларнинг 10 фоизидан 20 фоизигача хориждан келтиради, Renaultнинг Москвадаги заводи эса 30–40 фоиз бутловчи қисмни импорт қилади.
Stellantis — Россиядаги автомобилсозлар орасида асосан Европага экспортдан даромад қилувчи ягона компания. Jeep ва Fiat га эгалик қилувчи компания ўсиб бораётган талабдан келиб чиқиб, Москвадан 120 мил жанубда фургонлар ишлаб чиқаришни режалаштираётганди. Бир ҳафта аввал Stellantis ижрочи директори Карлос Таварес, агар режа ўхшамаса, бу ишни Европага кўчиришни маълум қилган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари
Украина ғалла ва кунгабоқар ёғи тайёрлашда жаҳонда еткачилардан бири, унинг ҳудудида ғалла савдоси билан шуғулланувчи, озиқ-овқат ва пиво ишлаб чиқарувчи Ғарб компаниялари жуда кўп. Россия қўшини Украина ҳудудига кирганидан сўнг уларнинг айримлари фаолиятини тўхтатди.
Cadbury шоколади ва Oreo печеньеларини тайёрловчи Mondelez компанияси Украинадаги иккита заводини (Тростянц ва Вишгород), шунингдек, маҳаллий брендлар — «Юбилейное» печеньелари ва «Корона» шоколадларини чиқаришни тўхтатишини маълум қилди.
Жаҳондаги учинчи йирик пиво ишлаб чиқарувчи — Carlsberg Украинадаги учта заводни тўхтатди. Запорожье ва Киевдаги заводлар ҳарбий ҳаракатлар, Львовдаги завод табиий газ таъминотидаги узилиш сабабли тўхтаган.
Қора денгиз бўйида, Одесса яқинида дон ташиш бўйича йирик фаолиятни йўлга қўйган Cargill (АҚШ) озиқ-овқат компанияси ҳам жанговар ҳаракатлардан сўнг мавҳумлик шароитига тушиб қолди. Ушбу компания 2014 йилда Донецкдаги кунгабоқар пистасини янчиш заводини қуролли босқиндан сўнг ташлаб чиққанди.
Nestlé — жаҳондаги йирик озиқ-овқат компанияси, Украинадаги 5 800 нафар ходимига уйига жавоб бериб юборди. Россия ҳужумидан сўнг кўплаб хориж компаниялари қатори Украинадаги фаолиятини вақтинча тўхтади. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”