08:00 / 06.05.2022
1 771

Таниқли спортчи Элбек Раҳимовнинг қотилларига ҳукм ўқилди

Таниқли спортчи Элбек Раҳимовнинг қотилларига ҳукм ўқилди
Олий суд матбуот котибининг хабар беришича, бугун, 2022 йил 5 май куни, Қашқадарё вилоят судида вилоят суди судьяси Ф. Юсупов раислигида спорт устаси Э. Раҳимовнинг қасддан ўлдирилгани ва уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бошқа жиноятлар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинган.

Мазкур жиноят иши бўйича жами 26 нафар судланувчига нисбатан ҳукм ўқилган. Судланувчиларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, уларнинг 3 нафари вояга етмаган шахс ҳамда 3 нафари ички ишлар органларининг собиқ ходимлари ҳисобланади.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 97, 109, 111, 127, 137, 169, 277, 28,137, 28,211, 28,277, 210, 230-1, 241-1 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг 19 нафарига 3 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 нафарига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаган шахсларга 5 йил 6 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ички ишлар органларининг собиқ ходимларига эса 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан солидар тартибда 10 миллион 800 минг сўм миқдорида моддий зарар ва 150 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

Маълумот учун, 2021 йил 17 август куни Қарши шаҳрида спорт мураббийи Элбек Раҳимовни бир гуруҳ шахслар одамлар кўз ўнгида калтаклаб, машинага солиб олиб кетишган. Кейинроқ мураббийнинг жасади Чироқчи туманидан топилган.

Жиноят иши бўйича суд жараёнлари 2022 йил 6 январ куни бошланган ва жами 26 нафар шахсга айблов эълон қилинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Таниқли спортчи Элбек Раҳимовнинг қотилларига ҳукм ўқилди