14:36 / 21.05.2022
1 617

Наманганда қарздорларга тазйиқ ўтказиб, таҳдид ва зўравонлик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ ушланди (фото)

Наманганда қарздорларга тазйиқ ўтказиб, таҳдид ва зўравонлик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ ушланди (фото)
Фото: Наманган вилоят ИИБ матбуот хизмати
Наманганда вилоят ИИБ ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қарздорларга тазйиқ ўтказиб, таҳдид ва зўравонлик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Мазкур гуруҳ 2021 йил июнь—декабрь ойларида Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида яшовчи 4 нафар аёлга турли миқдорда қарзга пул бериб, ушбу берилган пулга қўшимча равишда кунлик 300 минг сўм ёки ҳафталик 800 минг сўмдан пул қайтаришни талаб қилган.

Пулларни бермаган тақдирда уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ёки ўлдириш билан қўрқитиб, мулкларини талон-торож қилиб келган.

Фото: Наманган вилоят ИИБ матбуот хизмати
«Гуруҳ аъзолари 2021 йил 19 ноябрь куни улардан пул сўраб келган аёлга қарз эвазига пул бериб, ҳар бир ўтган кун учун 450 минг сўмдан қўшимча пул тўлашини айтиб, шу кунгача жами 22 миллион сўм миқдоридаги пулларини олган. Шундай бўлса ҳам, қарзи узилмаганлигини билдириб, пулларини бермаган кунларда жинсий алоқа қилишга мажбурлашган. Ҳатто қарздор аёлнинг отасини ҳам қизини ўлдириб юбориш билан қўрқитиб, 1,8 млн сўм пулини товламачилик йўли билан олганликлари аниқланган», — дейди вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари Шокиржон Ҳошимов.

Фото: Наманган вилоят ИИБ матбуот хизмати
Мазкур гуруҳ нафақат аёллар, балки эркакларга ҳам қарзга пул бериб келган ва қайтарилмаган кунлар учун катта миқдорда фоиз талаб қилган. Терговга жалб қилинган фуқаролардан бири гуруҳнинг шафқатсиз ҳаракатларидан жабрланган.

Фото: Наманган вилоят ИИБ матбуот хизмати
Ҳозирда жиноий гуруҳ раҳбари ва унинг аъзоларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов жараёнида улар 4 нафар фуқародан 255 минг 500 АҚШ доллари ва 22 миллион сўм миқдоридаги пулларни товламачилик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган. Мазкур жиноят ишлари бўйича тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Фото: Наманган вилоят ИИБ матбуот хизмати
«Наманганда олдинроқ худди шу каби жиноятларни содир этиб, фуқароларга пул ёки уяли телефонларни қарз эвазига берган гуруҳ қўлга олинганди. Улар қайтарилмаган ҳар бир кун учун катта миқдорда пул талаб қилиб, қарздорларга турли кўринишда таҳдид қилиб, тан жароҳати етказишган ёки ўлим билан қўрқитиб келишган.

Фото: Наманган вилоят ИИБ матбуот хизмати
Гумонланувчилар 14 нафар фуқарога 13 000 АҚШ доллари ва 151 миллион сўм миқдорда моддий зарар етказганликлари аниқланиб, ушбу зарарларни қоплашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур ҳолатлар юзасидан Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Гуруҳ аъзоларига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган», — дейди Шокиржон Ҳошимов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Наманганда қарздорларга тазйиқ ўтказиб, таҳдид ва зўравонлик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ ушланди (фото)