17:08 / 31.05.2022
1 203

Гўшт ва тухум нархини оширмаслик йўли айтилди

Гўшт ва тухум нархини оширмаслик йўли айтилди
Президент Шавкат Мирзиёев бозорларда гўшт ва тухум нархини барқарор ушлаб туриш учун амалга ошириладиган чоралар ҳақида гапирган.

«Асосий мақсадимиз — аҳолини рози қилиш эканини бир зум ҳам унутмаслик лозим. Нархларни сунъий ушлаб туриб, бу масалада кўзбўямачилик ёки ура-урачиликка йўл қўйиб бўлмайди», деган президент.

Барча шароитлар яратиб берилганига қарамай, 8 та вилоятда парранда гўштини етиштириш аҳоли талабининг 70 фоизини ҳам таъминламаётгани танқид қилинган. Бугунги кунда бир дона тухумнинг ўртача таннархи 1 минг сўм бўлса, унинг улгуржи нархи 900 сўмдан ошмаяпти.

«Паррандачилик корхоналари раҳбарлари вазиятни тушуниб, тухум нархини оширмаяпти, бунинг учун уларга раҳмат. Лекин қайси вилоят, туман ва шаҳар ҳокими улар билан учрашиб, озуқа-ем, транспорт, айланма маблағ масалаларида ёрдам беряпти, деган саволга, афсуски, ижобий жавоб йўқ», дея таъкидлаган давлат раҳбари.

Президент паррандачилик хўжаликларини ем билан таъминлаш масаласини тўлиқ ҳал қилиш вазифасини қўйган. Бунинг учун:
  • паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм револьвер кредит ажратилади;
  • паррандачилик корхоналарининг айланма маблағларини кўпайтириш учун олинадиган тижорат кредитларга Тадбиркорлик жамғармасидан гаров таъминотининг 50 фоизига кафиллик бериш ва 17 фоиздан ошган қисмини компенсация қилиш тизими жорий қилинади;
  • пандемия даврида паррандачилик корхоналарининг жами 834 миллиард сўм, шундан 2022 йилда 400 миллиард сўм олган кредитлари муддати узайтирилади.

Бу шароитлардан фойдаланиб, мутасаддилар вилоят ҳокимлари билан бирга, парранда гўшти ишлаб чиқаришни йил якунига қадар камида 35 фоизга ошириб, 600 минг тоннага етказиши шартлиги айтилган. Парранда маҳсулотлари бозорини таҳлил қилиш ва лойиҳаларни тўғри жойлаштириш мақсадида маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш топширилган.

Шунингдек, йиғилишда хонаки товуқларни кооперация асосида боқишни кенгайтириш вазифаси қўйилган. Давлат раҳбари Нуробод тумани тажрибасини мисол қилиб келтирган.

«Бир йил олдин ушбу туман ўзини тухум билан 50 фоизга, парранда гўшти билан 40 фоизга таъминлар эди. Жорий йилда туманнинг барча маҳалласига лидер тадбиркорлар инкубатор тарқатиб, аҳоли билан бирга парранда гўшти ва тухум етиштиришни йўлга қўйдилар», деган президент.

Натижада бугунги кунда ушбу туман ўзини тухум ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш билан бирга, Самарқанд шаҳри, Пастдарғом ва Каттақўрғон туманларига ойига 140 мингта тухум етказиб бермоқда. Мазкур тажрибани ўзининг тухум ва парранда гўштига эҳтиёжини қопламайдиган 50 та туманнинг 200 та маҳалласида йўлга қўйиш топширилган.

«Ушбу туман ҳокимлари йил якунигача ўзгариш қилмаса, хулоса жиддий бўлади», деган Шавкат Мирзиёев.

Ушбу маҳаллалар учун оилавий тадбиркорлик дастурлари асосида 200 миллион сўмдан имтиёзли кредитлар ажратилиши, ушбу маблағлар ҳисобидан аҳоли жўжалар ва озуқа билан таъминланиши белгиланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гўшт ва тухум нархини оширмаслик йўли айтилди